АЁЛНИНГ СИНГАНИ - ЭРКАКНИНГ ЎЛГАНИ


    Биз нима бўлганда ҳам аёлмиз...
    Аёл ҳақида гапирсак, қалбимизда гўзаллик ва меҳрибонлик тимсоли мавж уради. Аёлни эслаганимизда, тунларни  бедор  ўтказиб,  боласига алла айтаётган мунис ва мўътабар она сиймоси кўз  олдимизда намоён бўлади.  Булар аёлнинг китоблардаги қиёфаси...ку,  дейсизми?!
  Тўғри, кейинги йилларда давлат ва жамият қурилишида эркаклар билан бир сафда  хизмат қилаётган аёллар сафи кенгайди. Аммо бу билан аёлнинг ҳаётдаги, оиладаги мақоми гуллаб-яшнаб  кетмади. Аксинча...  Аёл деса одамларнинг кўз олдига қўпол,  оғзидан боди кириб, шоди чиқадиган назокатсиз, ўзини идора қила олмайдиган даражадаги бетамиз замондошимиз ҳам келадиган бўлди. Аёл чидаб бўлмас даражада дағаллашди. Яна ҳам яқинроқ назар соладиган бўлсак, бозорлардаги қўполлашган, эркакчасига сўкинишда эркакларни ҳам ортда қолдирадиган, бу борада эркакларга ҳатто дарс берадиган бети қаттиқ аёл башарасига дуч келамиз. Ҳеч нарсадан тап тортмай, аёллиги  ва аёл ҳар қандай вазиятда ҳам  аёл бўлиб қолиши кераклиги  эсидан чиқиб, кўча-куйда соч юлишиб, муштлашадиган  шармандаликни шиор қилиб олган  безори, разил аёллар билан ёнма-ёнмиз, биргамиз... Афсуски, бу ҳақиқат...
   Нега  шундай бўлаяпти?  Нега?
  Ўзи тирик бўла туриб, фарзандини меҳрибонлик уйига топширган она, ўз боласини пулга сотаётган нонкўр... Ҳеч қандай изоҳга ҳожат йўқ, бу ҳолат ҳамма замонларда ҳам бўлгандир, эҳтимол... Лекин, бугунги кунимизда шунчаки бир ҳолатга айланиб қолмаяптимикан, бу фожиа?
 Ўта кетган фирибгар, кўзбўямачи, ўзимизни ерга ураётган “самосуд”даги “тажриба”миздан кўз юмолмаймиз.  Оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган аёлнинг юраги қилт этмасдан яшашда давом этиши қанчалик тошбағирлик ва худбинлик! Бугун ўз танасини сотиб, шарму ҳаёсиз кўчалардаги қилмишлари бир куни ёқасидан олишини, миллатимизга иснод келтиришини ўйлаб кўрмаётган аёлни лаънатлаш камлик қилади. Аёл деган муқаддас сўз нега қалбимизни меҳрга эмас, кўпроқ қаҳрга, нафратга, ларзага соладиган даражага етди?! Бундай ҳолга ортиқ томошабин бўлишни ҳам кечириб бўлмайди.
  Тарихда миллатнинг ақл чироғи, ор-номуси бўлиб порлаган буюк аёллар кўп ўтган. Бугун ҳам жамиятда гўзаллик ва ҳаё, ақл-идрок тимсоли бўлган аёлларимиз бор. Лекин...
  
 “Эри йўқлигида чўпоннинг хотини нима қилганлигини кўринг”
 
  Америкада яшаётган устозимнинг интернетдаги саҳифасида ривоятга ўхшаган ҳақиқат тасвирини ўқиб, излаган нарсамни топгандек бўлдим... Сарлавҳасини ўқиб, ёмон аёллардан Худо асрасин деб пичирлайман, кўзларимга бирор ножўя сўз тушмасин деб юрагимни ҳовучлаб  ривоятни ўқийман. Мана ўша  ҳаётий ривоят:       
    “Қишлоқ аҳли сигирлари ва қўйларини боқадиган чўпон бор эди. У шу тирикчилик билан кун кўрарди. Чўпоннинг оқила хотини бўлиб, ҳамма бу оилага ҳавас билан боқарди. Қишлоқдаги эрлар хотини билан жанжаллашиб қолишса, бор, чўпоннинг хотинидан ибрат ол, дейдиган бўлишибди. Бир куни қишлоқ раиси ҳам турмуш ўртоғи билан тортишиб қолибди. Шунда раис, ҳов жувонмарг, бор, маданиятни чўпоннинг хотинидан ўрганиб кел, дебди. Мен нега ундан ўрганишим керак, бирор жойда ўқимаган бўлса, қўлида бир ҳунари бўлмаса, аксинча у мендан ўргансин, дебди. Эри қўл силтаб уйидан чиқиб кетибди.
 Раиснинг бу қилиғи хотинига алам қилибди. Борсам борганим бўлсин, деб чўпонникига йўл олибди. Борса, чўпоннинг хотини ҳовлида офтобда туриб қолган идишдан сув олиб ичар эди. Раиснинг хотини унга мурожаат қилиб, шу сувдан ўзига ҳам озроқ беришини сўрабди. Чўпоннинг хотини, “Бу сув исиб қолган, бироз кутинг, сизга ичкаридан муздай сув олиб чиқаман”, дебди. Раиснинг хотини рози бўлибди, аммо ўзингиз нега бу исиб қолган сувдан ичаяпсиз, деб сўрабди. 
— Эҳ, хоним, -дебди чўпоннинг хотини, ҳозир эрим жазирамада мол боқиб юрибди, ўзи билан олиб кетган мешдаги сув ҳам, ҳайнаҳой, илиб кетгандир. Эрим у ёқда илимилиқ сув ичсаю, мен уйда муздай сув ичсам, адолатдан бўладими? Унда менинг хотинлигим қаерда қолади, деб жавоб қайтарибди”.   
   Қуйидаги қадим ҳикматда ҳам айни ҳақиқатни англайсиз: “Аёл жамиятнинг ярми дейишади. Йўқ, у жамиятнинг ҳаммасидир. У жамиятнинг ярми бўлиб, қолган ярмини тарбиялайди...” 
            
  Макр матонату муҳаббатни ҳам “майиб” қилади

  Ёмон аёлнинг макри кўп. Бутун умр бўйи  вилоят ташкилотларида яхши мансабларда ишлаган, пичоғи доимо ёғ устида бўлган Фарҳод ака (шахсан танийман, исмини ўзгартирдим) аёли оламдан ўтгандан сўнг, оиласи билан тинчгина яшаётган болаларига ортиқча юк бўлишдан қочиб, ёлғизликка унча бардоши йўқлигидан ўзидан анча ёшроқ  аёлга уйланишга қарор қилди. Давлати беҳисоб эмасми, янги оила бекаси ва ичувчи, чекувчи отадан қочиб келган қизларига тўкис шароитли данғиллама ҳовлида яйралиб яшашдек катта бахтни  инъом эди. Ўгай ота қизларга ўз отаси кўрсатмаган меҳр ва саховатни кўрсатди. Борини улардан аямади. Қизларни ўқитди, яхши жойларга узатди. Ҳеч кимдан ками йўқ хонадон бекаси ҳам тилаганини тилаб, бойвучча аёлга айланди. Уй-жойлар, машина ва  хусусий корхоналарнинг бир қисми  беканинг номига ўтказилди. 
  Орадан  анча йиллар ўтди... Кексалик ҳам эшик  қоқди. Тантиқ қизлардан бири оила юкини кўтара олмай, уйга қайтиб келди. Насиҳатлар, оиланинг имтиҳонларидан ўтишга берилган имконлар унга кор қилмади. Қизи ажралиб келгач, она-боланинг нияти ўзгарди. 
  Пухта режалар билан уйдаги пуллар ва қимматбаҳо буюмлар, керакли ҳужжатларни олиб нонкўрлар ғойиб бўлишди. Фарҳод ака нафақат соғлигидан, балки кўп нарсасидан айрилган эди...
   Ким айбдор? Қарс ҳам икки қўлдан...
  Бу хулосамизни яъни — аёлнинг бу қадар беҳаёлиги, беорлигига, безбет ва бетамизлигига эркаклар кўпроқ  айбдор, деган фикримизни инкор эта олмайсиз! Чунки эркак ҳақиқий оила раҳбари бўлган жойда бундай шармандаликка йўл қўйилмайди. Аёл зотининг юртимиздан ташқарида ва ичкарида миллат шаънига доғ тушираётган барча хунук иллатлари учун, тарбиясиз деган тамғани олаётгани учун аслида аёлини чет элларга ишга юбориб, ўзи у юборган пулларга айшу ишрат қилиб юрган эркаклар,  қизларининг  ярим яланғоч  кийинишларини,  қулоғига тўртта сирға таққани етмагандек, бурнига ҳам сирға тақиб олгани-ю, тунларини чилимхоналарда ўтказаётганини кўриб-кўрмасликка олаётган, аҳлоқсизлиги учун ички ишлар идораларига тез-тез “меҳмон” бўлаётган юзи қора эркатойларининг қилмишларини кечираётган оталар айбдор эмасми? 
  “Агар жамиятда аёлдан ор-номус, ҳаё кўтарилган бўлса, билингки, бу нарсалар бундан аввалроқ эркакларда йўқотилган бўлади...” деган фикрга  қўшилмай иложимиз йўқ.
   Машҳур “Калила ва Димна”  асарида “Ақл ва ҳаё ажралмас дўстдир. Бири йўқолса, иккинчисини ҳам топиб бўлмайди...”, - дейилган жумлалар бор.  Аёл ва ҳаё ҳам худди шундай. Энг қимматли нарсаларимизни йўқотмайлик!      
                                            
 Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот