Раъно Маҳмудова


     Раъно Маҳмудова – 1967 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ижод оламига қизиқади. Матбуот соҳасида ўттиз йиллик тажрибага эга. Ҳаётий ҳикоялари, долзарб мавзудаги мақолалари турли газеталарда чоп этилган. Илгари "Бекажон", "Меҳр кўзда", “7х7” газеталарида фаолият юритган. Бугунги кунда "Шифо-инфо" газетасида фаолият олиб бормоқда. Унинг қиссалари асосида яратилган “Яхши одамлар”, “Оқибат” номли кўп қисмли сериаллар “Ўзбекистон” ва бошқа телеканаллар орқали мухлислар эътиборига ҳавола этилмоқда. “Биринчи муҳаббат”, “Келинчак”, “Жигарлар” ва бошқа сценарийлари “Миллий” телеканалининг “Оталар сўзи” кўрсатувида намойиш этилиб, томошабинларга манзур бўлмоқда.

     Муаллифнинг Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов хотирасига бағишланган “Ҳаёт ортга қайтмайди” номли ҳикоялар тўплами китоби нашрдан чиқди.

     Раъно Маҳмудова келгусида “Ҳаёт синовлари”, “Ёшлар бекатида”, “Турмуш чорраҳаларида” рукни остида ёритиб борилган бошқа ҳикояларини жамлаб, китоб холида нашр этиш ҳамда китобхонларга етказиш ниятида.

     Изланишда давом этаётган ҳаваскор ижодкор: “Агар ёзганларим инсонларни яхшиликка, эътиқодга, эзгуликка чорласа келажакда менга омад албатта кулиб боқади” деган яхши ният билан киносценарийлар, пьесалар ёзишга ҳам қўл урган.

     Унинг баъзи ҳикояларини эътиборингизга ҳавола этиб бориш ниятидамиз. Ижодкор Раъно Маҳмудова билан ижодий хамкорлик қилмоқчи бўлганлар сайтимиз ёки +998 93 509-10-11 рақами орқали бизга мурожаат этишлари мумкин.