27 МАРТ - ХАЛҚАРО ТЕАТР КУНИ
Театр байрами, кўнгиллар байрами
Театр – сирли, сеҳрли олам. Не-не буюклар, алломалар ўтмади бу даргоҳдан. “Саҳнани пири бор. Театрнинг тупроғи оғир. Ташлаб кетолмайсан бу масканни. Ҳар куни бир ҳавосидан нафас олмасанг, нимадир етишмайди, ниманидир ахтариб қоласан”, дейди суҳбатда устоз санъаткор Эркин Комилов.
Театрнинг куч-қудрати шундаки, томошабинни нафасини ҳис қилган ҳолда актёр саҳнада яшайди, нигоҳлар-нигоҳларга тўқнаш келиб, томошабин билан дардлашади, сирлашади, қалбан ва руҳан бирлашади. Ўз дунёсини унутиб, қаҳрамонининг дунёсида, ўй-хаёлларида яшайди. Актёрнинг бахти шундаки, қаҳрамонининг тили орқали дилдаги сўзларини изҳор этолади, ҳиссиётларини образ ҳиссиётларига гулчамбар каби ўраб чиқолади.
Томошабин саҳнадаги бадиий ҳаёт орқали ўз ҳаётини кўради, актёр талқинидаги образ орқали эса ўз ютуқ-камчиликларини, иллат-фазилатларини тафтиш қилади. Бадиий-яхлит спектакль бир ҳаёт, образ-қаҳрамон бир тақдир, бир кўнгил деган гап. Демак, саҳнада ҳаёт дарси акс этади, кўнгил дарси кечади. Театрнинг куч-қудрати ҳам шунда. Сирли-сеҳрли оламга томошабинни етаклаб киради, ҳаёт кўзгусини бўйи-баст намоён этади. Саҳнада мусаффолик, оҳанраболик, дилраболик бор. Унда ҳаёт жилваланади, инсон тароватланади. Театр – ҳаётшунослик ва инсоншунослик демакдир.
27 март - халқаро театр куни. Шу муносабат билан барча театр ижодкорларини, фидоийларини, устоззода санъаткорларни шарафли ва саховатли, завқли ва мароқли, масъулиятли ва машаққатли, ажойиб ва ғаройиб, мафтункор ва ошуфтакор касб байрамлари билан муборакбод этамиз. Ўзбек театр санъатининг равнақи ва ривожида, гуллаб-яшнашида асло хорманг-толманг деймиз. Саҳнани гўзал, бетакрор асарлар билан, жозибали, ибратли образлар билан тўлдиришда ижодий куч-қувват, шижоат ва матонат тилаб қоламиз. Шуни унутманг-ки, театр санъати бор экан, ҳаёт гўзал, кўнгиллар обод!
Ўзбек Миллий Академик драма театрининг ижодий жамоаси.