Саидкомил Умаровга табрик!
Ўзбекистон халқ артисти,, Ўзбек миллий академик драма театри ва кино актёри, устоз санъаткор – Саидкомил Умаровни таваллуд топган куни муносабати билан табриклаймиз!
Саидкомил Умаровга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, бахт-саодат тилаймиз!
Айниқса, телевидениенинг олтин фондидан жой олган “Дунёнинг ишлари” видеофильмидаги марказий қаҳрамон Муаллифни томошабин то ҳануз ҳам соғинч, ҳам меҳр ҳисси билан ёдга олади.
Устоз санъаткорга дунёдаги жамики энг эзгу тилакларимиз ҳамроҳ бўлсин!
Маълумот: Ўзбекистон халқ артисти – Саидкомил Умаров 1946 йил 2 ноябрда Тошкентда туғилган. 1969 йилда «Ўзбекфильм» қошидаги театр студиясини, 1971 йилда Тошкент давлат Санъат институтининг «Театр ва кино актёри» факультетини тугатган.
Саидкомил Умаровнинг ижоди талабалик йилларидаёқ бошланган эди. Ҳ.Файзиевнинг «Ой бориб, омон қайт» (1969) бадиий фильмидаги Элмурод у ижро этган дастлабки образ бўлди. Саидкомил Умаров институтни битириши биланоқ Олим Хўжаев таклифига биноан Ҳамза театрига актёр сифатида ишга қабул қилинди ва ҳозирга қадар шу ижодий жамоада меҳнат қилмоқда.
Бу даврда у Карл Моор (Шиллер, «Қароқчилар»), Абдураҳмон (М. Авезов, «Абай»), Розий (Уйғун, «Зебуннисо»), Кассио (Шекспир, «Отелло»), Мансур (Иброҳимбеков, «Кўк эшик ортидаги аёл»), Одамшоҳ (М. Карим, «Оловни ташлама, Прометей»), Қобил (С. Имомов, «Шайтон ва фаришта»), Улфатсарой (Фитрат, «Абулфайзхон»), Маҳмудхон (П. Қодиров, «Юлдузли тунлар»), Ташрифчи (Дроздов, «Сўнгги қабул»), Куёв (У. Назаров, «Ойна»), Моний (А. Навоий, «Сабъаи сайёр»), Қалли (Мукеев, «Ҳаётдан тўйган тун») спектаклларида турли ролларни ўйнади..
Кинода эса Миркомил Миршаропов (К. Ёрматов, «Узоқ ва яқин йиллар»). Ғофуров (Ройзман, «Пароль—Отель Регина»), Султонов («Оно» "Грузияфильм"), Маҳмуд Қошғарий (А. Қосимов, «Йўл бўлсин», «Ўзбектелефильм»), Қозикалон («Лафз») каби ролларни ижро этди.
Саидкомил Умаровнинг кенг томошабинлар оммасига яқиндан танилишида телевидениенинг роли бениҳоя катта бўлди. У Ўзбекистон телевидениесида суратга олинган қатор телеспектакль, видеофильм ва телевизион фильмлардаги роллари орқали ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борди.
Алишер Навоий (Ойбек, «Гули ва Навоий»), Меъмор Фазлиддин (П. Қодиров, «Бобур»), Мирёқуб (Чўлпон, «Кеча ва кундуз»), Бош врач (М. Исмоил, «Янги ой чиққан кеча»), Гаспринский (Бақо Содиқов, «Фидойилар»), Абдушукур (Ойбек, М. Маҳкамов, «Қутлуғ қон») ва кўп сериялик "Муаллим" видеофильмида Муаллим, «Дунёнинг ишлари» (Ў. Ҳошимов) видеофильмида Муаллиф ролларини маромига етказиб ижро этган.
Саидкомил Умаровнинг ижодий меҳнати муносиб баҳоланиб, 2000 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони билан тақдирланган.