Эркин Комиловга табрик


    Ўзбекистон халқ артисти, “Меҳнат шуҳрати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони соҳиби, Ўзбек Миллий Академик драма театри ва кино санъатининг атоқли актёри, устоз санъаткор - Эркин Комиловни таваллуд топган куни муносабати билан табриклаймиз! 
  Ижодий таржимаи ҳоли залворли ва салмоқли бўлган, узоқ йиллар давомида санъатнинг машаққатли йўлини мардонавор босиб келаётган устоз санъаткоримизга аввало соғлик-омонлик, мўл-кўл ризқ-насиба, мўътабар ёшларнинг табаррук санасига етиб юрмоқлигини тилаймиз. Саҳна ва экранларни жозибали образлар билан тўлдириб, ўзбек халқини ҳушнуд этишда завқи-шавқи, аҳди-ю шаҳди ҳамиша бардавом ва баланд бўлсин! 
   Фарзанд-у набиралар қуршовида хонадонини файзи-баракаси бўлиб юришини тилаймиз. Эркин Комилов кўп қисмли “Қундуз бобонинг қиссалари” анимацион фильми орқали жажжи томошабинларни ҳам қалбига кириб бориши баробарида ўзбек болажонларининг эртакчи бобосига айланган. Шириндан-шакар невара-чевараларига ҳамиша эртаклари бисёр бўлсин! Эркин Комиловга энг эзгу истакларимизни тилаб қоламиз!

   Камоли эҳтиром ила - Ўзбек Миллий Академик драма театри ва Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоалари.

   Маълумот учун: Ўзбекистон халқ артисти - Эркин Комилов 1946 йилнинг 20 Июль куни Андижон вилоятида таваллуд топган. Эркин Комилов 1968 йили Тошкент Давлат Санъат институтини тугатиб, Ҳамза театрида актёр сифатида ўз фаолиятини бошлаган. К. Яшиннинг "Йўлчи юлдуз" драмасидаги Аваз роли Эркин Комиловнинг театрда яратган биринчи образи бўлди. Сўнгра у Қиличбек (Э. Воҳидов, "Олтин девор"), Карл Моор (Ф. Шиллер, "Қароқчилар"), Ибн Сино (Уйғун, "Абу Райҳон Беруний"), Абулфайзхон (Фитрат, "Абдулфайзхон"), Қобилжон (А. Мухтор, "Самандар"), Сиддиқжон (И. Султон, "Имон"), Галеон (Софокл, "Антигона"), Ҳоқон (Софокл, "Антигона"), мухбир (С. Аҳмад, "Келинлар қўзғолони"), Глумов (Н. Островский, "Ҳар тўкисда бир айб"), Жевакин (Гоголь, "Уйланиш"), Ортиқ (Исломқулов ,"Ноёб нусха") каби образларни яратиб, театр санъати мухлисларига иқтидорли актёр сифатида танилди.
    Эркин Комилов драматик, трагик ва комик ролларни бир хил муваффақият билан қийналмай, эркин ўйнай оладиган актёрдир. Уйғуннинг "Абу Райҳон Беруний" драмасидаги Ибн Сино, Софоклнинг "Антигона" фожиасидаги Ҳоқон, Ойбекнинг "Алишер Навоий" асаридаги Султонмуродни, Саид Аҳмаднинг "Келинлар қўзғолони" комедиясидаги мухбир билан қиёс қилиб бўладими? Эркин Комиловга хос бу хусусият фақат унинг спектакллардаги ролларигагина эмас, балки кинода, телеспектаклларда ва радиоспектаклларда яратган образларига ҳам тааллуқлидир.
    Эркин Комилов кинода ҳам фаол ижод этди. Валихўжахон режиссёр Давлетшин, Ғ. Ғуломнинг "Нетай” повести асосида суратга олинган "Амирнинг хуфёна сафари”, Ш. Бошбеков, И. Эргашев, "Юзсиз”, "Тилла бола”, М. Абзалов, "Суюнчи”, “Тақдир зарбаси”, “Сарвиноз”, “Баракасини берсин”, “Виждон”, “Ишқ ва андуҳ”, “Толиққан кўнгиллар ойга талпинар”, “Соғинч соҳили”, “Гумроҳлар”, “Ўгай она” ,“Қалб кўзи”, “Сув ёқалаб” ,“Диёнат”, “Мариф ва Шариф”, “Қисмат”, “Темир эркак”, “Тугун”, “Тақдир”, “Шайтанат”, “Улфатлар 1,2,3”, “Ибрат” каби жуда кўплаб  фильмларида ўчмас ва ўлмас образларни яратди.
  "Ўзбекфильм” киностудиясида дубляж қилинган кўплаб фильмларга овоз берди. Эркин Комилов телевидениеда яратган У. Усмонов, М. Юнусовларнинг "Гирдоб” видеофильмидаги Азиз Қосимов образи кўпгина мухлислар қалбидан чуқур ўрин эгаллади. Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган бир қатор видеофильмларда ҳам Э. Комилов анча пишиқ, жозибали образлар яратди. Ҳайдар О. Ёқубов, М. Юнусов, "Диёнат”, Нодар Думбадзенинг "Абадият қонуни”да Бачана Рамишвили, Т. Малик, Ҳ. Алиевнинг ”Сўнгги ўқ”да майор Солиев, Ойбек, М. Юнусовнинг "Алишер Навоий”да Султонмурод ва бошқа образлари Эркин Комиловнинг телевидениедаги ижоди маҳсулидир.
    Эркин Комилов Реcпублика радиосида тайёрланган бир неча радиоспектаклларда ҳам роллар ижро этди. "Табассум”, "Яхши кайфият” эшиттиришларида қатнашди. Эркин Комилов театрнинг энг истеъдодли санъаткорларидан. Унинг ҳар бир ўйнаган роли театр оламида катта воқеа бўлади. Унинг юксак маҳорати ёшлар учун катта ижодий мактабдир.
   Эркин Комиловнинг меҳнатларини қадрлаб, ҳукуматимиз уни 1998 йили ”Ўзбекистон халқ артисти” унвони билан тақдирлаган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот