Руҳиддин Рауповга табрик


     Бу қайноғам қариндошларимиз ичида энг кўнгилга яқин, қадрдон кишилардан. 
   Биз хўжайин билан битирувчи босқичда турмуш қурганмиз. Тўйдан сўнг Қаршида бироз яшаб, кейин Тошкентга келиб ўқишни давом эттирганмиз. 
     Қўйлиқдаги «дом»да асосан Руҳиддин ака яшар, хўжайин эса Талабалар шаҳарчасида турарди. 
     Оила қургач, биз ҳам шу уйга келдик. Қайноғам ҳам ўқиб, ҳам ишларди. Ойлик олган кунларини Ганганинг (ўша пайтда роса машҳур) тортини олиб келганларидан билардим. 
    Жуда камгап, жиддий бўлганлари боис тўғриси, бироз чўчиб турардим. Уйни тоза тутиш, овқатни ширин тайёрлашга ҳаракат қилганимда ҳам қайноғамнинг назари кўз ўнгимда турарди. Ишқилиб, «қанақа янга бу, демасинлар-да», деган ҳадигим бўларди.      
   Биринчи фарзандимиз туғилганда, аслида бу кишининг қанчалар кўнгли тоза, меҳрибон эканини ҳис қилдим. Ишдан эрта қайтсалар, Кумушбибини кўтариб юрар, мени «қўлим бўшаб» уй ишларини қилиб олардим. Унга бир нималар кўтариб келар, соатлаб ўйнатарди. 
     Бизнинг туғилган кунимиз кетма кет нишонланарди. 
   Энг қизиғи қайноғам шу куни албатта ширинликлар ва атир олиб келар, уни эса эшик олдидаги кўзгу токчасига қўйиб қўярдилар. 
   У кишининг айниқса акасига меҳри бўлакча эди. «Акамбой» деб атардилар орқаваротдан. Нимаики иш қилса, акасига ёқадими йўқми, ҳисобга оларди. 
   Бир кун ҳўжайин шамоллаб қолдилар. Шунақанги парвона бўлиб, шунақанги куйиндиларки, бу оға-инилик муҳаббатига ҳавасим келди. 
   Йиллар ўтди. Кейин кўрдимки, оиланинг кенжаси бўлгани учунми ёки табиат берган ўзгача юрак сабабми ҳамма инисига шундай меҳрибон экан. Қай бирининг қувончли куни бўладими ёки бошига бирор иш тушадими, мазаси қочадими биринчи бўлиб Руҳиддин ака етиб боради. 
   Қаршидаги беш аканинг уйига кунда кунора бир кириб, ҳолидан хабар олади. Ота-онасига ҳам сидқидил хизмат қилиб дуосини олдилар. 
   Хуллас, чин фарзанд, чин ини, чин Инсон - Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати - Раупов Руҳиддин Пўлатович таваллуд топган кун бугун. Чин дилдан табриклайман! Оилапарвар, қариндошпарвар ҳаммага меҳрибон дарёдил қайноғамнинг умри узоқ, тани соғ бўлсин! Уч фарзанди бахтига боши омон бўлиб, Қундузой билан қўша қарисинлар!

Мавлуда РАУПОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот