МЕНИНГ ҚУТЛИБЕКА ОПАМ


МЕНИНГ ҚУТЛИБЕКА ОПАМ

   Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Қутлибека Раҳимбоева билан танишувимиз “Саодат” журнали таҳририятида илк иш бошлаган кунимда бўлган. Бош муҳаррир Ойдин Ҳожиева қабулига кириб чиққач, қўлимдаги китобчамни устозга туҳфа қилмоқчи бўлдим. 
   Берилиб ёзиб ўтиргани учун менинг ташрифим унчалик ёқмагандек туюлди. Китобни қўлига олгач: “Мен сизни танимас эканман, албатта, ўқиб чиқаман, ижодингизга барака берсин”, деганида кўнглимга ёруғлик инди. Сабаби бош муҳаррир менинг фаолиятимга оид йўл-йўриқларни бераётганда: “Бизда ҳаммага алоҳида хона бериш имконимиз йўқ. Қутлибеканинг ёнидаги жойда ўтиришингиз мумкин. Иши кўп, ортиқча кирди-чиқдини, кўп гапирган одамни унчалик хушламайди. Шунга эътибор беринг”, – деб тайинлаганди. 
   Маънавий-маърифий дастурларда, айниқса, баҳорнинг илк кунларида устоз Зулфияхонимнинг таваллуд айёмларига бағишланган кўрсатувларда кўриб ҳавас қилган устоз шоирага ҳамкасб, ҳамхона бўлганимдан қувонардим. Куни билан бир оғиз сўз айтмай ёзиб ўтирган опага қараб нималардир дегим келар, нималарнидир сўраб гурунглашгим келарди. Раҳбарнинг сўзлари ёдимга тушиб, тилимни тишлаб мен ҳам қўлимга қалам олардим. Кошки ўша пайтда бир мақолани арзитиб ёза олсам экан... 
   Кўпчилик мени танимаса ҳам ўз наздимда шоира эдим. Илк фаолиятим иқтисоддан бошланиб, кейин таълимга уланиб кетган. Таҳририятга ишга келишдан олдин мингга яқин ўқувчиси, юздан зиёд ўқитувчилари бор академик лицейда “маънавиятчи” эдим. Ёшларнинг дарду қувончида кеча-кундуз тинимсиз ғайрат билан ишлаётган, кенгликларда бақир-чақир қилиб ҳаммани тартибга чақириб юрган “опой”га бу кичкина хоналар торлик қиларди. Аммо хонадошимнинг камгаплиги, фақат қоғоз-қаламга дард тўкиши кўнглимдаги ғалаёнга сув пуркагандек бўларди. 
   Хуллас, таҳририятдаги илк куним шундай ўтган. Эртаси куни тушлик пайти иш столим устига чиройли дастурхон ёздим. Устознинг ёнига келиб: “Опа, келинг бирга чой ичамиз”, дедим. Опадан: “Жуда зарур ёзадиганим бор, мен шу ерда чой ичиб қўя қоламан, сиз бемалол”, деган жавобни эшитиб, ҳафсалам совиди. Бироздан кейин мендаги тушкун ҳолатни кўриб истамаётган бўлса ҳам (аёл-да) секингина ёнимга келиб ўтирди. Ўша кундан бошлаб гурунгларимиз кунларимизни безай бошлади. Мен опамни, устоз эса синглисини топгандек шод эдик. Бир куни радиодан келган журналист аёл опага туғилган юрти, болалиги ҳақида савол берганда суҳбатларига беихтиёр қулоқ тутдим. 
— Болалигим қувончларга тўла ўтган, деб айта олмайман. Беш ёшли бола пайтимда оиламиз бошига кулфат тушган. Отам раҳматли хўжалик раҳбари эди. Колхоз омборидаги уруғлик донни оч қолиб, арзиҳол қилиб келган одамларга кузда қайтариш шарти билан бериб юборган экан. Тафтиш пайти бу иши хато ҳисобланиб отамга жиноий жазо берилган. Акам, мен ва синглим норасида ёшда онамнинг қўлида қолганмиз. Онам мактабда бошланғич синф ўқитувчиси эди. Томорқамиз унчалик катта бўлмаса ҳам экин экиб рўзғор камини тўлдирардик. Ҳатто ўзимиздан орттириб бозорга олиб бориб тирикчилик қилганимизни ҳам эслайман. Оилада тўнғич қиз бўлганим учун оиладаги қайғу мени эрта улғайтирди. Тенгқурларим қўғирчоқ ўйнаб, болалик гаштини суриб юрган пайтда онамнинг асосий кўмакчиси, ёрдамчиси бўлганман. Онаизорим бешик бошида йиғлаб ўтирган пайтида қандай юпатишни билмасам ҳам, кўз ёшини артиб қўйишга ақлим етарди. Ёлғиз бошига рўзғор ташвиши тушган онам бошини тик тутиб юриши учун акам иккимиз қўшқанот бўлганмиз. Ўша қора кунлар ёдимга тушганда онам жуда ғурурли, иродали аёл экан-да, деб ўйлайман.
   1961 йилнинг март ойида яхши хулқи ва хизмати учун дадам муддатидан олдин уйга қайтди. Ўшанда биринчи синфда ўқирдим. Аммо қувончимиз кўпга бормади. Дадам у ердан юрак касалини орттириб келган экан, тўрт ойгина яшади холос. Бу болалигимнинг энг қайғули куни эди. Энг ёрқин хотираси эса онам мактаб кутубхонасидан олиб келган китоблар бўлган...
   ...Қутлибека Раҳимбоева Фарғона педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти йўналишига ўқишга ҳужжат топширганда 17 ёшда эди. 1973 йили олий таълим даргоҳини тамомлаб Фарғонада ишлай бошлади. Ҳар гал онасининг розилиги билан устоз Зулфияхоним ҳузурига келганини ҳаяжон билан эслайди: 
— Ўшанда 1976 йил августь ойи эди. Тошкентга, “Саодат” журналига келганимда Зулфия опам йўқ экан, олисдан келганимни билишгач, шеърларимни қолдириб кетишни тавсия қилишди. Мен ҳам эртага келаман деб ёзганларимни қолдирдим. Лекин юрагимни бир ҳадик ғижимлаб турарди – ёзганларим ёқармикин?! Шу иккиланиш билан эртасига таҳририятга бордим, ўзимга бўлган ишончимдан ҳеч қандай чўғ қолмай, ҳаяжон билан хоналарига кирдим. Остонада титраниб турганимни кўриб жилмайиб: “Бу шеърларни ёзган қиз сенмисан?”, – деб мени бағрига босиб пешонамдан ўпдилар. Бу меҳр ва илиқ муносабатдан юрагим нурафшон бўлиб кетди. Стулга юзма-юз ўтириб мен билан анча суҳбатлашдилар.
— Қандай китобларни севиб ўқийсан?
— Марина Цветаева, Нозим Ҳикмат...
— Тошкентга келишингга уйингдагилар розими?.. Эл эъзозидаги шоира мендек оддий қаламкаш билан суҳбат қилиб ўтирганига ишонгим келмасди. Ҳаяжондан томоғим қақраб, ютинишга қийналардим. Беихтиёр стол устига қўйилган пахта гулли тақсимчадаги қора узумга қўл узатдим. Кейинроқ ўша ҳолатимни ўйлаб уялиб юрганман.
   Шундан кейин шеърларим илк бор муҳташам журналнинг саҳифаларидан жой олди. Мен ўзим болаликдан Тошкентда ўқишни орзу қилардим, шеърларим “Саодат”дек журналда нашр қилинганидан сўнг шоира бўлишга ишончим ортди. Тошкентда ўқиб, ишлайдиган тоғам (тоғам деганим курсдош дугонамнинг отаси эди) ёрдами билан пойтахтга келиб ишга жойлашдим. Ота юртим, Тошкент, водий ораси мен учун “бир қадам” бўлиб қолди. Ҳар бир йўлаги, гиёҳи, тошу тупроғи ҳаммаси бирдек қадрдон эди...
   Қутлибека Раҳимбоева ўзи айтганидек, Туркманистоннинг Тошовуз вилоятида туғилди, лекин водийда улғайди. Дўсту қадрдонлари, бағрига олиб уйидан жой берган, ҳайит байрамларда ўз болалари қаторида унга ҳам ҳолва тутган дарёдил инсонларнинг меҳридан кўнгли ўсди, қалами чархланди. Зулфия опадек меҳрибон инсон бағрига босиб: “Шеърларинг яхши экан”, деган лаҳзаларда юрагида яна бир шоир уйғонди...
   Катта шаҳарни орзулаб келганлар каби унинг ҳам бошидан кўп синовлар ўтди. Ижара балоси бошига соя солган кезларда, доимий рўйхатдан ўтиш учун яхши одамлар кўмагига муҳтож бўлган паллаларда ҳам ушоққина жонини нисор қилиб, икки юрт одамлари юрагига қадр ипини боғлади. Ҳеч қачон, ҳеч кимга кўз ёшини кўрсатмади. Бир сўз билан айтганда, шоирлик қисматидан рози бўлиб яшади. Устоз айтганидек, Яратган оддий одамга бир ҳисса муҳаббат берса, шоир одамга икки ҳисса муҳаб­бат ато этади. Оддий одамга бир мисқол дард берса, шоир олам дарди, одам дарди билан яшайди. Қутлибека Раҳимбоева ҳам ана шу покиза ишқи билан юртни севди. Туғилган тупроғини, ота уйини соғинганда бир дард тортса, миллат дардига елкадош бўлиб минг дард тортиб қалам тебратади.
   Хотира сандиғимда бунга жонли мисоллар жуда кўп. Қутлибека опа иккимиз Сирдарёга хизмат сафарига бордик. Одамлар орасида, деҳқонлар даласида юриб долзарб мавзуда материаллар тайёрладик. Бир саховатли оила эгалари маҳалла болалари шахмат-шашка ўрганиши учун алоҳида уй қурибди. Ғишт қуйиб, синч кўтариб қурилган мўъжазгина хонада ҳамма шароит мавжуд. Маҳалланинг боласига шахмат сирларини ўргатаётган одамнинг умид­лари бир олам эди. Яна бир олис вилоят сафарида беш нафар фарзанди бор тадбиркор аёл маҳалладаги кам таъминланган оила фарзандлари олийгоҳга кирса, шартнома пулини тўлар экан. Манзилдан қайтаётган пайтимиз орқа ўриндиқда опанинг кўз ёш қилиб ўтирганига кўзим тушиб: “Нима бўлди, опа, кимдир хафа қилдими?” деб сўрадим.
— Йўқ, шундай юртда, хокисор, меҳрибон одамлар орасида яшаб юриб хафа бўлармидим. Севиниб йиғладим, ғурурланиб йиғлаяп­ман. Пахса девори ўрнига пишган ғишт билан уй кўтарса бўларди, маҳалла боласига мўъжазгина шахмат мактаби бунёд қилганини қаранг, ҳовлида турган эски “жигули” машинасини янгисига алиштириб, мол-дунё йиғиш ўрнига камбағалнинг боласини ўқитаётган тадбиркор аёлни яхши кўрмай бўладими? Воҳ, заҳматкаш элимдан-а!.. Шундай одамларни ёзмай бўладими, суймай бўладими?..
   Мен ва мен каби кўплаб шогирдлари Қутлибека опага бир таъриф айтамиз. Юраги ўзидан ўн марта катта аёл!.. 
   Бир куни Қашқадарёга сафар қилдик. Ке­йинги пайтларда тоблари бўлмай юргани учун (ковидга чалиниб анча бетобланган эди) уларга айтишга ийманиб, ёш шогирдимиз билан йўлга отландик. Ёнимга кириб: “Ўзингиз қийналасиз, шунча саҳифани тайёрлаш оғир кечади, бораман, баҳонада ҳаво алмаштириб келаман”, дедилар. Сафарнинг иккинчи куни ҳолсизланаётган опани кўриб, дарҳол ўша ерга “тез ёрдам” чақирдик. Қон босимлари баландлигидан юрагида ҳам қаттиқ оғриқ бўлаётган экан. Зарурий муолажалардан кейин бироз дам олсин деб, оёқ учида юриб чиқиб кетдик. Тадбиркор Саломат опа иш жараёнлари билан таништирди. Цехни айланиб юриб, тўпланиб турган ишчиларга кўзим тушиб яқинроқ бордим. Қарасам, Қутлибека опа темир уюмлари устига ўтириб олиб, ишчилар билан суҳбат қурарди... Бир неча дақиқа олдин дард чекиб, докадек оқарган юзида табассум, кўзларида қувонч балқирди. 
Беихтиёр кўзларимга ёш келди...
Илоҳим, устозимиз юз ёшга кирсин!

   Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири.
Манба: "Hurriyat" газетасининг 2023 йил 15-февраль 6-сони.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот