МУАЛЛИМНИНГ КЎНГЛИ
ЎҒЛИМНИНГ МУАЛЛИМИГА
Ўғлим, толеъингда иккинчи онанг,
Бошингда парвона муаллиминг бор.
У билан ёруғдир қоронғу хонанг,
У тўшар умрингнинг йўлларига зар.
Мен сенга тилингни берганлигим рост,
Доно сўзламоққа у ўргатади.
Мен сенга қўлингни берганлигим рост,
Қалам ушламоққа у ўргатади.
Мен сенга сут бердим, у эса зиё,
Унингсиз йўлларинг бўлмас ойдин, оқ.
Сени севмоғимни билади дунё,
Аммо у севади мендан ортиқроқ.
Сенга алла айтиб куйчи бўлганман,
У эса ўзингни шоир қилади.
Бўйларинг ўсганда кўнгли тўлганман,
У ақлинг ўстириб кўнгли тўлади.
Гўдаклик чоғингда бўлганман бедор
Ва сенга бахшида этганман ҳаёт.
У эса яшашга ўргатар минг бор,
Сени деб безовта яшар умрбод.
Сен агар ҳурматим сақламоқ бўлиб,
Истакларим сўраб турсанг қошимда
Аввал муаллиминг қўлларини ўп,
Фидойи қалбини кўтар бошингга!
Сенинг инсонлигинг, борлигинг учун,
Муаллимдан менинг жуда кўп қарзим.
Пайти келиб бошинг кўкка етган кун,
Иккимиз учун ҳам қил унга таъзим!
МУАЛЛИМНИНГ КЎНГЛИ
Унинг юрагига гуллар ёзилган,
Бошдан охиргача мактаб ёзилган.
Юракчалар томон йўллар ёзилган,
Бу йўлни олқишлаб, мақтаб ёзилган.
Бу йўлда машаққат пойлаб туради,
Синфда, партада, йўлакчаларда.
Азоблар ҳафталаб, ойлаб туради
Қалам ва бўр тутган билакчаларда.
Ўн бир йил йиғилиб бир хонадонга,
Суянч бўлар чоқда ташлаб кетишар.
Соғинч титроғини қолдириб жонга,
Устоз кўзларини ёшлаб кетишар.
Ирмоғин кузатган дарёлардайин,
Муаллим юраги тўлғониб қолар.
Етук болаларин кузатган сайин,
Ширин орзуларга чулғониб қолар.
Умрнинг қўшилиб ўтганин сезмай,
Эзгулик сабоғин ўтаверар шод.
Сочидан қоралар кетганин сезмай,
Янги шогирдларин кутаверар шод.
Кирманг кўнгилларга болта кўтариб
Ҳар инсон - Оллоҳнинг иноятидир,
Сўрамоқ суннатдир ёнига бориб.
Борсангиз қалб томон, олиб боринг нур,
Кирманг кўнгилларга болта кўтариб.
Бу ёруғ дунёда бахтга толибмиз,
Гоҳо енгиламиз, гоҳо ғолибмиз,
Оғритиб, сўнг деманг, билмай қолибмиз,
Кирманг кўнгилларга болта кўтариб.
Кўнгилга гул билан боргайлар фақат,
Қил кўприк йўл билан боргайлар фақат,
Энг ширин тил билан киргайлар фақат,
Кирманг кўнгилларга болта кўтариб.
Ният эзгуликка бошламоқ бўлсин,
Меҳнатнинг илкидан ушламоқ бўлсин,
Лутфга зор кўнгилни хушламоқ бўлсин,
Кирманг кўнгилларга болта кўтариб.
Қулф дилни куйлатинг, бир тори бўлинг,
Келмаса сиз боринг,ул сори бўлинг,
Ҳар юрак ЗАР эрур, ЗАРГАРИ бўлинг,
Кирманг кўнгилларга болта кўтариб.
Хосият БОБОМУРОДОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Халқ таълими аълочиси, "Шуҳрат" медали ва "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси, шоира.