МЕНИНГ АКАМ ЎЛМАГАН
Қўчқор НОРҚОБИЛ
МЕНИНГ АКАМ ЎЛМАГАН
Тонг пайти. Югурдим. Машқ бажардим. Кайфиятим баланд. Саҳар сукутида хаёлда кўп ажойиб фикрлар жонланади. Қуёш уйғониб, кун бошлангач, турмуш ва ишнинг ҳеч тугамас яхши-ёмон ташвишлари, кирди-урди гаплар, кўйди-чиқдилар қаршисида дадил туриш учун ҳам тонгда тетиклашиб, “тирилиб” олишни одат қилганман.
Бугун ҳам шундай, руҳан юксак ҳолатда эдим. Бунинг устига, қўлтелефонимга ажойиб хабар келди: қувончдан қуш каби енгил бўлдим. Шундай пайтда, сизни билмадим-у, мен энг яқин одамимни, омадимдан елкасида қанот ўсиб чиқадиган энг яқин дўстларимни қўмсаб қоламан. Дарҳол қўнғироқ қилдим:
– Ака, ассалому алайкум, – жавобни ҳам кутиб ўтирмадим, – анови, сизга айтган китобим Белорусда чоп этиладиган бўпти, мана, ҳозиргина хабар келди. Хурсандмисиз? Акамсиз-ку, сизга айтгим келди, биринчи бўлиб...
Жимлик. Жавоб йўқ. Телефон гунг-соқов...
– Акангиз... акангизнинг вафот этганига олти ойдан ошди-ку, – телефон титраб жавоб беради. Малол ва ўкинчнинг оғир зарби манглайимга урилади. – Билмасмидингиз...
– Бил... билардим, – дейман оёқ-қўлим бўшашиб, ҳолсизланаман. Осилғичнинг устунига суяниб қоламан.
Ер чирпирак бўлиб айланади, кўзим тинади. Билардим-ку, ахир билардим-ку... Қадрдонимнинг қазосидан хабардор эдим-ку, яқинда уйига ҳам кириб ўтгандим-ку...
Ҳа, шундай бўларкан, биродар? Одам энг қувончли кунида жони-жондош дўстини ҳам воқиф этишни истаркан, савқитабиий ҳолатдда унинг ўлганини ҳам унутиб қўяркан. Унинг сен турган замину замонда йўқлигини тан олмас экансан. Бугун шундай бўлди; олис тоғларга тикилган нигоҳимда олов ҳалқа бўлди, лабларим пирпираб, беихтиёр пичирладим: “Ака, эшитдингиз-а, эшитдингиз-ку...”
Чин дўст ҳеч қачон ўлмайди. Ёдинг ёниқ экан, сен билан яшайди. Сени кўриб туради, далда беради. Мадад бўлади. Суяйди. Қаршимдаги айрим нотанти тириклардан кўра бу ҳаётни сенга қолдириб кетган ўша марҳум дўстнинг таянчини сезиб турасан.
Мансурхўжа ака Хўжаев менинг ҳам акам, ҳам дўстим эди.
У киши саксон ёшга ҳадлаб турган бўлса, сен эллик ёшдасан, ҳеч бўлмаса, ака-укамиз, деб қўяқол, деб айтарсиз: йўқ, бизни ота-боладан ҳам яқинроқ, сирли бир дўстлик боғлаган эди.
Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тортган, зарбу-зарбига дош бериб, қаддини йигитдай, чин эркакдай тутган бу Инсон кўзлари ва юраги тубидаги ўзимга нисбатан самимий бир оташни ҳис қилганман. Очиғи, қўрс ва қайсар, калондимоғлик йўргакда ёпишган каминани ҳамма ҳам ёқтиравермайди, буни биламан, ёқтирмасанг, ундан нари деган терс феълим ўз йўлимга равони қилишини ҳам ҳис этаман. Шунинг учун ҳам чин дўстим кам. Ёлғонлари бисёр. Дўстнинг чинлари – афғонлар, қуролдошларим, йиқилсам ё оғринсам, “Воҳҳ”, деб ўрнидан туриб кетадиган, эшигимни тақиллатмай кириб, елкамга қўл ташлайдиган шулар. Жонини ҳам аямайдиган жондошим улар. Ҳуув, ўша оғир жангларда ҳам сени кўксини зирҳ этиб қалқон бўлган шулар, дейман. Буни уруш кўрган одамлар тушунади; уларнинг дўстлигига хиёнат раҳна сололмайди.
Урушда шундай бўлади: юраверсан, қисматдошларинг орасида: туйқус айтиб қоласан, “Манови овқатдан Авазга олиб қўй. Э-э-эй, Сергейнинг ҳаққини ичма, казармага борсак, сўрайди...”
Кейин бирдан ҳушёр тортасан. Ахир, уларнинг иккови ҳам кечаги жангда ҳалок бўлишди-ку. Бирдан ўкириб юборасан, кўлингда яримлаган шишадан қулоқидишга қуйиб сипқорасан. Бу ҳолатни сиз билмайсиз. Билмаганингиз ҳам яхши.
Лаънати пандемия авж олган пайти, ўтган йилнинг ёзида, уйдан ҳатлолмай ётган, худди хандакдан ташқарига чиқолмаган жангчи каби гарангсиган чоғимда Мансурхўжа аканинг вафот этганини эшитдим. Мен ўшанда қўл-оёқсиз одам эдим, ҳа, мен у кишининг ҳузурига боролмасдим, бошида туролмасдим, бир жангчи, бир дўст сифатида хайрлашолмадим, айрим гаплар қиёматга қолди.
Мансурхўжа ака менинг кам саноқли дўстларим сафида эди. Мард. Чўрткесар. Дами ўткир. Бир гапли.
Назаримда, ҳамма ҳурмат қиларди, билмадим, салобату самимият қаршисидаги қўрқув, ички ҳурмат туйғусини уйғотарди кўнглимда. Мен шундай ўйлардим.
Шеър ёзарди, китобни яхши кўрарди. Ижод қиларди. Ёзганларини ўқиб, айниқса, юморга қоришиқ кундаликларига кўз ташлаб, ўзимни тиёлмасдим, роса кулардим. Бундай чапани одамга ҳажвия ярашганига қойил қолардим.
Зиёли ва адиб устозларимиз Озод Шарофиддинов, Ўткир Ҳошимов, Анвар Обиджон, Дадахон Нурийнинг Мансурхўжа ака ҳақидаги ёзганларини ўқиб, уларнинг яқин биродарлиги бобидаги ҳангомаларини тинглаб, шу одам менинг ҳам дўстим эканидан фахрланардим. Қўқонга кираверишда баланд устундан иборат каттакон осмаматода у кишининг от етаклаб турган расми осиғлиқ турарди. Қўқон ўрмон хўжалиги жамоасининг бошлиғи эди.
Илк танишув шундай бўлган: Бешариқдаги Қияли кўли соҳилида жўралар билан дам олаётгандик. Қуш-пуш отдик, балиқ тутдик. Ўйин-кулгу... Бирдан бизни бу ерга олиб келган қуролдошимиз Бекмирза махсус вагон уйча томонга қараб довдираб қолди. Вагон уйча ёнида қоп-қора “Каптива” турибди. “Энди нима бўлади? Отахон келдилар”, – деди қалтираб. Зум ўтмай, бир йигит пайдо бўлди: “Раҳбарларингиз ким?” Ҳамма жим. Қарасам, кайфият бир тийин бўладиган. “Нима эди?” , – дедим. “Сизни хўжайин чақиряпти”. Бордим. Вагон уйча ичида тузатилган дастурхон атрофида икки-уч нафар йигит, тўрда бир киши ўтирибди. Ўртадан пастроқ бўйли, қиёфаси андак қўрқинчли, елкалари бўйнига баланд ботган, нигоҳида ўт чақнаб турган бу одам менга хўмрайиб қаради. Армен Жигарханянга ҳам ўхшаб кетаркан.
– Хўш, нима қиляпсанлар?
– Дам оляпмиз.
– Ов қилдингларми?
– Ҳа.
– Кимдан сўраб?
– Ҳеч кимдан.
– Ов мумкинмас-ку.
– Нега?
– Мен ўрмон хўжалиги раҳбариман.
– Бу ер кўл. Ўрмонга кирмайди.
Йигитлар менга ажибсиниб қарашди.
– Кўл ўрмон хўжалигига қарайди.
Жимман. “Мафия-пафиямикин?” деган хаёл ўтди.
– Қараса қарабди-да, – деб юбордим.
Ҳалиги ваҳимали кимса ўзича қаҳрли илжайиб қўйди.
– Кимсан? Қаерликсан? Нима иш қиласан?
– Фалончиман.
У бироз тикилиб турди.
– Шундай де. Демак, китоб ёзасан. Ёнингдагилар ким?
– “Афғон” ошналарим.
У ўрнидан турди. Йигитлар ҳам дик этиб туришди. Кимгадир ишора қилди. У чиқиб кетди. Менга ҳам боравер, деб бош ирғади. Остонага етганимда унинг овози келди:
– Мен Мансурхўжа акангман! Бундан кейин водийга келсанг, менинг уйимга кирмасдан ўтма. Уқдингми?
– Уқдим, – дедим ҳайрату таажжубда.
Ҳалиги йигитлардан бири чиқиб вагон уй “оёғи”га боғланган семиз қўйни етаклаб зовур кўпригидан ўтказиб қўлимга тутди.
– Хўжайин сизларга берди. Сўйиб зиёфат қиларкансизлар. Қайтаётганларингизда сизларни чойхонада кутарканлар.
Мен лол эдим. Шу-шу биз яқин қадрдонга айландик. Анча йиллар Тошкентда, водийда кўришиб турдик. Пойтахтга келса бас, Мансурхўжа ака қўнғироқ қиларди:
– Беш дақиқага чиқ, вақтим зиқ, сени кўриб кетай.
– Мен сиҳатгоҳдаман, бугун чиқаман, қаердасан?
– Э-э-эй, Фарғонада экансан, нега айтмай ўтиб кетдинг? Жойингда қимирламай тур, кўришамиз, ҳозир бораман!
Шундай гаплар. Бир кун аканинг ўзи айтиб қолди: “Сен менинг дўстимсан, буни болаларимга ҳам айтганман, аканг бўлади у, деб, бирор ёрдам керак бўлса, айтавер...”
Мен водийда ҳам, Тошкентда ҳам қўли узун дўстимдан бирор марта ёрдам сўрамаганман. Бир куни айтдим: “Ака, мени шу обуна деган бало қийнайди... “Китоб дунёси” деган газетамиз бор биласиз-а?”
– Қанча обуна керак? Водий бўйича ўзим югураман, ишингиз бўлмасин, тиражингга олти ёз дона қўшиб қўй! Бўлди, гапни қисқа қил! Гап тамом.
Шу-шу узоқ йиллардан буён Водийдан олти юз нусха йиллик обуна давом этади. Бу йил анча сиқилдим.
Ўтган ҳафта тонгда туриб умр йўлдошим Хосиятхонга шундай дейман:
– Хавотир олманг, Фарғонага бораман, Мансурхўжа акамга айтаман, бу йил ҳам олти юз дона обуна бор, ўша ёқда.
Хосият менга мунгли қарайди. Кўзларида ёш ғилтиллайди. Кейин бирдан сесканиб кетдим. Нигоҳим қоронғу тортди. Иҳраб юбордим: “Хосият, у ўлмаган, ўлмайди”, дедим. Сўнг ўзимни тутолмай ташқарига отилдим.