ЧИН ШОИРА


ЧИН ШОИРА

    Кеча компьютеримнинг хотирасида 1998 йилда қадрдон опамиз Назми Фозилованинг 50 ёшлик юбилей кечасида олинган суратларни топиб олдим. Унда қадрдонларим Зулфия Мўминова, Санобар Фаҳриддинова уччаламиз жилмайиб турардик...
   Бирам ёшмиз, гўзалмиз, бахтиёрмиз...  Санобаржон, сенинг ўйчан кўзларингда оташ бор эди. Шунданми, ўтли шеърлар ёзардинг. Бизни учраштирган ҳам қалбларимизни туташтирган ҳам мана шу шеърият ёлқини бўлди. 
   Эсимда сен "Саодат" журналида ишлардинг, мен эса Қўқонда, рўзғоримнинг ғорида, турмушим ўчоғининг атрофида куймалашиб юрган пайтларим...     
    Тошкентга бориш, сени, Зулфияни кўриш, шоирлар даврасида бўлиш, пойтахт ижодий муҳити шарорида бўлиш илинжи, соғинчи доимо юрагимни ўртар эди. Шеърларингни ўқирдим, қўшиқларингни тинглардим, қайта ва қайта..

Сумбулажон сумбула,
Сен менинг ҳолим сўра.
Ҳолим забун айлаган айлаган,
Ўшал сайрон булбула.

Унинг кўзи қародир,
Менинг бағрим яродир.
Айтолмайман дардимни,
Ғурур йўлдан уродир...
    
  О, ғурури баланд дўстим! Бу ғурур қурмағур бизни не балолардан асрадию, кўнглимиз кўчаларини тошларга тўлдирди. Шоирага шеър ёзмоқ осон эмас. У ҳар туйғуларини минг бир пардалар ортига яшириши, ҳаё ва ибо рўмолларига ўраши ва яна айни пайтда ўзини изҳор ва намоён этмоғи шарт. 
    Санобаржон, сен билан биз шундай ёздик, шундай ёзяпмиз. Чегара билмаган фикрлар, қуюшқонга сиғмаган ҳайратлар, исёни ва ғалаёни ичра яшадик ва яшаяпмиз.
    Майлида, кўп ёздикми, хўп ёздикми, аммо чин ёздик. Тўкилиб, титилиб ёздик, титраб, титратиб, йиғлаб, йиғлатиб ёздик. 
     Ўртоқжон сенга айтар гапларим кўп, сени узоқ ва соғлом яшашингни ўктам ва дуркун яшашингни жуда-жуда истайдиган дўстинг бор - бу МЕН!
     Биз Қўқонда, онам қабри бошида дуолар қилаётиб умрим борича сен билан ўртоқ бўлишга онамга ваъда берган эдим. 
    Руҳлар ҳозир, руҳлар тирик. Сенга бўлган меҳрим, эҳтиромим ҳам  улар каби тирикдир! 
     Туғилган кунинг муборак бўлсин, муродинг қасрида яша!
  
 Сенинг Фариданг.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот