ҚИЗЛАРИМ-ИЗЛАРИМГА
Санобар Фахриддинова (Низомхон қизи)нинг болалиги кўҳна Кеш - Шаҳрисабзда кечган. Унинг шеъриятда ўз ўрни, ўз йўли ва ижодий услуби бор. Муаллифнинг ҳар бир сатрида унинг ботини, самимий қалбини кўрасиз. Мисралараро баҳорий нафислик билан бирга теран мазмун ва халқона руҳ ўқувчисини ўзига чорлайди. У - росткалом шоира, ҳаётга, воқеликка муносабатини очиқ-ойдин, чиройли талқинларда ифода этади. Ҳа, шоира гоҳ шўх, гоҳ маҳзун, гоҳ ўйга толдирувчи мавзуларда Сиз билан шеърий тилда сўзлашади ... сирлашади... Сизни шеъриятнинг сеҳрли оламига олиб киради...
Санобар Фахриддинова 1974 йили мактабни аъло баҳоларда тугатиб, Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетига ўқишга кирган. Олийгоҳни имтиёзли диплом билан тамомлагач, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида ходим, “Гулхан” журналида мухбир, “Ёш куч”, “Саодат” журналларида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида сиёсий шарҳловчи, катта муҳаррир, “Оила ва жамият” газетасида муҳаррир лавозимларида хизмат қилган. Шу билан бирга “МАТБУОТ РИВОЖИ” масъулияти чекланган жамиятда ҳам бош директор бўлиб ишлаган. “Бир даста гул”, “Тонгда келган фаришта”, ”Умидли дунё”, “Кўнгилга ўғри тушди”, ”Юрак, сенга ишондим”, “Наволарга кўчган ҳисларим” яна бир қатор шеърий тўпламлар ва “Жоним фидо” номли бешта публицистик тўплам китобларининг муаллифи.
У Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси. Шоиранинг 50га яқин шеърлари республикамизнинг таниқли санъаткорлари томонидан куйланиб, “Йилнинг энг машҳур қўшиғи” номини олган ва мукофотланган. Ўзбекистон ижодкор аёллар уюшмасининг “Атиргул” соврини ҳамда ҳукуматимизнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 15 йиллиги” медали билан тақдирланган. Оилали, уч фарзанднинг онаси ва набираларининг севимли бувижониси.
ҚИЗЛАРИМ-ИЗЛАРИМГА
(Мадинахон ва Юлдузхон дилбандларимга)
Гул, райҳонлар ифорлари таралади,
Дил яйрайди эрка-нозли нигоҳлардан,
Зумда битар юраккинанг яралари,
Соҳир ҳислар борлиғингни айлар ватан,
Гар уйингда фариштадай қизлар бўлса.
Маст қилади ширин-ширин хонишлари,
Орзуларинг гул очади каштасида,
Эсга тушар илк севгининг ёнишлари,
Ёшлик қайтар жонгинангнинг риштасида,
Гар уйингда фариштадай қизлар бўлса.
Зарра гард йўқ-ҳамма томон “чинни чироқ”,
Тилда қолур таомларин мазалари,
Хаёллари укпармисол, ғараз йироқ,
Улашгани яхшилигу меҳр бари,
Гар уйингда фариштадай қизлар бўлса.
Уйинг безар дугоналар базмлари,
Авжга чиқар баҳра-байтлар, кую ғазал,
Завқинг жўшар моҳрўйларни кўрган сари,
Улар борки яшаш гўзал, ҳаёт гўзал,
Гар уйингда фариштадай қизлар бўлса.
Пок ниятлар оқиб киргай томирингга,
Тинмагайдир дуоларинг, шукроналар,
Куни келиб, шаҳзодалар чиқар эга,
Бахт тожини кийдирару олиб кетар,
Сенинг учун янграр олқиш-тароналар,
Гар уйингда фариштадай қизлар бўлса...
СУМБУЛА
Сумбулажон, сумбула,
Сен менинг ҳолим сўра,
Ҳолим забун айлаган
Ўшал сайроқ булбул-а...
Унинг кўзи қародир,
Менинг бағрим яродир,
Айтолмайман дардимни
Ғурур йўлдан уродир.
Муҳаббат ёмон экан,
Сийлови ҳижрон экан,
Ёниб-ёниб етганинг,
Дунёи армон экан.
Армоннинг бўйи узун,
Бахтимнинг йўли тугун,
Уринмагил афсунгар ,
Ёрнинг жодуси афзун.
Сумбулажон, сумбула,
Жафокашга йўқ чора,
Энди Санобарингга
Тангридан тўзим сўра.
Сумбула-я, сумбула...
СЕВИБ ҚОЛДИМ, ЯНГАЖОН...
(Учрашувга чиққан йигит қўшиғи)
Севиб қолдим, янгажоним, севиб қолдим,
Ўз-ўзимни билиб-билмай ўтга солдим.
Учраштирган қизингизга узурим бор...
Ёнидаги дугонасин севиб қолдим.
Малоҳатда тенгсиз экан ул қаламқош,
Гўзалликда ойлар билан ҳуснталош.
Дугонасин таъриф этар тилида бол
Воҳ, билмас-ей, ўзини дер юрак “бебош”.
Қийин экан, танлаб севмоқ қийин экан,
Учрашувлар бекор экан, ўйин экан.
Ул четида бўлса ҳамки дунёларнинг
Пешонангга ёзмиш ёринг тайин экан.
Сулув қизлар, сузгун қизлар, тингланг мени,
Дугонасиз, ёлғиз чиқинг висол куни.
Доғда қолманг, куёв бўлмиш ўзи билмай
“Соқчи” қизга топширса гар юрагини...
СИНОВИМГА ЧИДАСАНГ
Қошларимни камон дединг,
Юзларимни ширмон дединг,
Севгингни исботла, десам,
Жоним сенга қурбон, дединг.
Ошиқларим гала-гала,
Ўзим қизлар ичра сара,
Ширин сўзларга учмайман,
Жавобин отамдан сўра.
Уйимнинг атрофи қўрғон,
Бузолмагай ҳеч паҳлавон,
Муҳаббатинг қудратини,
Аям қилади имтиҳон.
Акаларим сергак, ўктам,
Шундан осойишта кўчам,
Шўх йигитлар ўздан билиб,
Ножўя қўёлмас қадам.
Энди айтгин, суярмисан,
Ишқ ўтида куярмисан,
Сумбул сочим силамоқлик
Мушкуллигин туярмисан?
Воҳ-ей, синов чидаганга,
Вафоли ёр керак манга,
Ошиқлигинг гар чин бўлса,
Айлангум мен маликангга...
МЕН КИМГА СУЯНГУМ…
Мингта кўз пойлайди битта жонингни,
Жонингмас, мартабанг, балки шонингни.
Ўт қўймай ёқарлар хонумонингни,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа?..*
Ҳақиқатнинг йўлларида эврилса жонинг,
Ғийбат бўлса бир томонинг, бир ёнда шонинг,
Макр билан муҳаббатга таланган онинг...
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа?..
Сездирмай йўлингга тиғ кўмса олчоқ,
Сўзу нигоҳингга қўйса банд-тузоқ,
Қадамингда тиғлар баҳс ўйнаган чоқ,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа?..
Орзуларинг қолса ярим йўл-тошда,
Бахтинг учиб кетса қабоғу қошдан,
Бу дамда ночордир сабр, бардош-да,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа?..
Ёмоннинг ўқидан ўласан минг бор,
Бетарафлар мудом ғийбатга хуштор,
Санобар чин дўстга, бир чин сўзга зор,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа?..
--------------------------------------------------
*А.Ориповдан
ҚИСМАТ
Гоҳо қочгинг келар ҳаммадан,
Ҳаво беҳуд, ғамларинг намчил.
Сохтадайин гоҳи ҳамдард ҳам,
Ўз-ўзига йиғлайди кўнгил.
Бошинг олиб кетсанг йироққа ,
Турналарга айтсанг дардингни.
Юрак маҳтал битта чироққа,
Вақт синайди гўё сабрингни.
Ёлғизликка сиғинасан гоҳ,
Шодликларни тарк айлайди дил.
Ҳар қадамда бўларсан огоҳ,
Қисмат-ўздан қочмоқлик мушкул...
ЭРКАКЛАРГА
Аёлнинг кўзидан нури кетмасин,
Қувонч йўқлаб турсин қароқларини.
Гулдайин кўнглига озор етмасин
Ҳаловат сийласин юракларини.
Меҳр эшигини очинг уларга
Райҳон ифорига тўлгай бағрингиз.
Вақт топинг бир лаҳза ҳолин сўрарга
Тож тақсин бошига сиз танлаган СЎЗ.
Аёл дуосини қўллаган Оллоҳ,
Жаннатлар бахш этмиш унинг пойига.
Қавмингиз Шерозий байтлари гувоҳ:
Дунёлар не бўпти битта холига?!
Аёл ризосини олинг сиз илло,
Неки ишқталабсиз, неки жонталаб.
Яхшиликка бўлса, алҳамдулиллоҳ,
Аёл жонини ҳам берар нимталаб.
Аё, унутманг бир Шарқ ҳикматини-
Аёл нафратидан паноҳ йўқ, паноҳ.
Топмаса эркакнинг адолатини...
Қўйинг бул қисматни кўрмасмиз раво...
Аёл ризосини олинг сиз илло...
ҲАҚ-КОРИНГИЗНИ СОҒИНДИМ
(Волидаи муҳтарамам Саидахон Турдибек қизи хотирасига)
Аяжоним-сирдошгинам,
Дийдорингизни соғиндим.
Йиқилди-ку бардошгинам,
Рухсорингизни соғиндим.
Дардларимни тўкай десам,
Бағрингизга чўкай десам,
Нечук ҳолинг, - дея, - мубҳам,
Сўрорингизни соғиндим.
Юраккинам тилим-тилим,
Энди сизга етмас қўлим,
Маҳшардами висол куним?
Гулнорингизни соғиндим.
Умр ўтар ҳушу беҳуш,
Кўксим узра йиғлар бир қуш,
Айрилиқ дилга урди ниш,
Меҳр – дорингизни соғиндим.
Акам, отам-қиблагоҳим,
Волидам-йўқотган моҳим,
Сизни излаб топмам роҳим,
Файз-тарингизни соғиндим.
Ғанимат кун, дер эдингиз,
Кундан дур тер, дер эдингиз,
Воҳ, билмай қолди қизингиз,
Сўз-торингизни соғиндим.
Ёлғон экан бу дунёлар,
Юракхўр экан риёлар,
Ғафлатга тутқун зиёлар,
Ҳақ-корингизни соғиндим.
Аяжоним - жоним менинг,
Сизсиз ғариб борим менинг.
Сизнинг ҳеч ким келолмас тенг
Ашъорингизни соғиндим.
Руҳингиз йўқлагум ҳар дам,
Раҳмат қилсин ўзи Эгам,
Тоғдай акаларим, отам...
Оҳ, барингизни соғиндим!
Санобар ФАХРИДДИНОВА.
Илгари "Машъал" радио эшиттиришида "Санобар Фахриддинова шеърлари бн айтиладиган қўшиқлар" туркумида гўзал шоиранинг қўшиққа айланган шеърлари эшиттириларди. Ўша анъанани давом эттирган ҳолда, шоирамизнинг шеъри ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда ҳамда сухандон - Шуҳрат Қаюмовнинг қўшиғини эътиборингизларга ҳавола этмоқчимиз.