БАЙРАМ ЎЙЛАРИ
Ҳарбий хизмат… Йигит тақдирида бор бўлган ҳақиқат. Ким қаерда, қанча ва қачон хизмат қилиши эса насибага боғлиқ. Қочиб бўлмайдиган бурч. Шарафи бор йигит бўйин товламайдиган мажбурият. Бошлиқлар нима буюрса сўзсиз бажо келтириладиган итоат! Мен Украина ССР нинг Қрим области, Красноперекоп районида хизмат ўтаганман. У пайтда ҳамма бир, Ватан ҳам ҳамманики эди. Ҳеч ким ҳеч кимни ажратмас эди. Ғоялар ҳам, мақсадлар ҳам ягона эди. Хизматим баҳонасида ҳайдовчилик ҳуқуқини қўлга киритдим. Ўша ерда илк бор тишларимни таъмирлатиб, тилла тишидан ҳам қўйдирганман. Хизмат сафари билан Каховка, Одесса шаҳарларига борганман. Севастополда бир неча марта бўлганман. Полкимиз Каховкада, Округимиз дислокацияси эса Одесса шаҳрида эди. Қизил байроқли Одесса ҳарбий округи! Ҳарбий госпиталимиз бўлса Симферополь шаҳрида эди. Феодосияни кўрганман, у ердаги қисмимизга аскар етаклаб борганман. Лекин ҳаммасидан ҳам зўри — уйга бориб келиш учун берилган 24 кунлик таътил эди! Мана бу ҳарбийдаги энг катта иноят деса бўлади!
Бугун Украина ғирт бегона давлат. Яхшими, ёмонми мен ўша ерда йигитлик бурчимни ўтаганман. Шундан бошқа ҳеч нарса мени у ер билан боғламайди. Одам, миллат таниганман. Арманлар, қозоқлар, болтиқбўйиликлар, доғистонликлар ва ингушлар қанақа эканини билганман. Молдован, украин, рус офицерлари билан ўртоқ бўлганман. Гоҳида ўша қисмимиз тушларимга ҳам кириб чиқади.
Институтда бирга ўқиган бир ўртоғим чеки эса… Афғонга тушди! Ўлмади, қайтиб келди. Тўрт мучаси соғ келди. Аммо руҳияти тамом бўлган эди. У ердаги ваҳшатлар албатта асаб тизимини “еган”! Қайтиб келиб ишлаб ҳам юрди, ижод ҳам қилган бўлди. Аммо бир оз ичкилик, бир оз гиёҳвандлик охири унинг ёш жонини олиб кетди. Бу ўша руҳий жароҳатлар сабаб тинч ҳаётда берилган “Афғон уруши” нинг яна бир қурбони эди. Бироқ уни уруш қурбони деб ҳеч ким тан олмади.
Бугун СССР ҳам йўқ, ўртоғим ҳам йўқ. У Афғонистон ҳам йўқ. Неча бор қўлдан қўлга ўтиб юрган шу тупроқни деб не-не навқирон жонлар жувонмарг бўлди!..
Мен эса мантиқ излайман. Паришон ўйларим Ўзбекистон ССР, Ураина ССР, Афғонистон ва СССР осмонида диргизлайди… Ўзбилармон ва калтабин “генсек” ва “сек-сек”лар… маршал ва генераллар… темир тобутлар, ёқалари чок оналар, қадди дол оталар… Шуларнинг фонида ҳашаматли чойхоналару бедана тухумли паловлар бугун кўзимга бачкана кўриниб кетади.
Қадрли Ватан ҳимоячилари! Юрт деган, эл деган мардларимизни байрам билан самимий, ҳарбийчасига табриклайман! Юзингиз ёруғ, қадрингиз баланд бўлсин! Доим эсда тутинг - сизни ота-онангиз кутмоқда! Оилангиз, ўғил-қизингиз кутмоқда! Ҳамиша Оллоҳнинг паноҳида бўлинг!
Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ