ЧАРХ АЙЛАНГАН КУН


Қўчқор НОРҚОБИЛ

ЧАРХ АЙЛАНГАН КУН
ҳикоя
              
    ...1980 ЙИЛЛАР ОХИРИ...  
   Болакайнинг қўйлари адирлик адоғидаги ҳарбий қисм томон улоқиб кетибди. Отаси билан излаб борди.
— Нега бу ерда бунча ивирсияпсанлар?, – тутақди сап-сариқ офицер.
— Баран, бараны... – ота довдиради.
   “ Сариқ “  ўшқирди:
— Какой ...й, тут баран ? Ты сам баран...
   Улар ғижиллашиб, тутақишди. Офицер отанинг жағига мушт туширди. Бесўнақай аскар болакайни пилдиратиб тупроққа ирғитди.
   Ота-бола калтак еб қайтишди. Бола қўлларини мушт қилди. Титраб-қақшади. Хаёлига келган гап тилига кўчди:
— Ота, отажон, - деди ҳиқиллаб, — бир кун катта бўлсам, шу ернинг энг каттаси, ҳамма офицерлари Сизга “честь” беради, ота, отажон, шундай бўлади...
     Бола қиблага юзланиб, уввос тортиб йиғлаб юборди 
  ... 2022 ЙИЛ...
    Вазирлик штабидан кутилмаганда келган буйруққа асосан тунги рейсда учган полковник Расулов ярим кечаси бошқа ҳарбий қисмда ҳозир бўлди.
    Тонг пайти тобе офицерлар қуршовида қисм ҳудудини айланиб чиқди. Қисм назорат пункти дарбозаси олдида аскар фарзандларини кўргани келган ота-оналар билан ҳол-аҳвол сўрашди. У навбатчи аскар ортида турган чолни кўриб бир қалқди, ичидан нимадир узилиб тушгандай бўлди.  Гандираклаб чолнинг қаршисига борди. Ҳамон ердан кўз узмай, бир нуқтага тикилиб, алланечук ҳавотиру ҳадик билан қимтиниб турган чол бош кўтариб, полковникка қаради. Иккиси ҳам оний ҳолатда тош қотишди. Лаҳзада ўзини тутиб олган полковник шаҳд билан ўнг қўлини боши чеккасига тираб чол қошида ғоз турди,  бу — “ҳарбийсалом”!  Бошқа офицерлар ҳам шундай қилишди — чолга “честь” беришди. Полковникнинг кўзидан дувиллаб ёш сизарди. Вужидига қамалган аччиқ фарёд олови димоғини куйдирарди.
   Чол ортга тисланди:
— Ўғлим, — деди қалтираб.
— Ота,  мени бу ерга кеча юборишди, — деди полковник, — Онам яхшимилар? Ҳозир уйга бормоқчи эдим. Сиз бу ерда...?
— Раҳматли кенжа укангнинг ўғли, неварам Аброржонни кўргани келувдим, у шу ерда хизмат қилаяпти.
    Бола отасини бағрига босди. 
    Ҳарбий қисм ошхонаси деразасидан ташқарига кўзи тушган ошпаз  ҳайратдан ўзини тутолмади: 
   — Қаранглар, қаранглар,  анови чолга “честь” беришаяпти!
   ... Офицерлар  ҳамон чолга “честь” бериб туришарди...










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот