Шерқўзи Ғозиевга табрик
Моҳир актёр, режиссёр, ҳажвий қўшиқлар ва сўз устаси - Шерқўзи Ғозиевни таваллуд топган куни билан табриклаймиз!
Шерқўзи Ғозиевга соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий муваффақият тилаб қоламиз!
Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
Шерқўзи Ғозиев 1950 йилнинг 8 май куни, кечки соат 21 ларга яқин, осмондан жала қуяётган маҳалда Фарғона вилояти, Бувайда тумани, Чиркай қишлоғида дунёга келган. Шундан бери ҳар йили 8-май куни қаерда бўлса ҳам, ёмғир савалаб ўтаркан... 1957 йилда Чикай қишлоғидаги 8 йиллик мактабнинг биринчи синфига кириб, 1965 йилда 8-синфни аъло баҳоларга битирган. 1965 йилдан 67-йилгача туман марказидаги 50-мактабнинг 10- синфини тугатган ва Тошкентга келиб, Политехника институтининг қурилиш факультетига ўқишга кирган. Бунга отасининг мажбурлигида кирганлиги сабабли, ўқишни ташлаб кетган. Чунки бу отасининг касби эди. 7 ёшидан отаси раҳматли қўлига ранда берганлар. 17 ёшга етганда ота касбини бутунлай эгаллаб бўлган эди. Уйга қайтгач, ота касби бўйича қурилишга ишга кириб, 3-тоифали ғишт терувчи, 4-тоифа дурадгор бўлиб ишлади ва кейинги 2 ойларда бригада бошлиғи бўлиб ишлади...Шундан сўнг яна Тошкентга келиб, Маданий Оқартув Техникумининг режиссёрлик бўлимида 3 йил ўқиди. Шу даврда дўсти Абдуфаттоҳ Саидов иккаласи ҳажвиёт оламида Алиш ва Валиш лақаби билан қизиқчи бўлиб танилди. Шунда уни 1971-йил Й. Охунбобоев номли Ёш Томошабинлар театрига актёр сифатида ишга таклиф этишди. Шу йили Островский номли институтининг актёрлик бўлимига сиртдан ўқишга кириб, 1976 йили муваффақиятли тугатиб, диплом олди. Ш. Ғозиев санъатнинг ҳар бир турини эгаллай бошлади. Ҳам актёр, ҳам қўшиқчи, ҳам қизиқчи, ҳам пародиячи бўлиб элга танилди. 1970 йилдан «Телеминиатюралар театри»да роллар ижро этишни бошлади. 1970 йилда 6 та қўшиқ билан биринчи пластинкаси чиқди. Кейинчалик яна 4- 5 та пластинкаси чиқди ва дўконларда сотила бошлади. Санъатга қизиқиш уни Ўзбек Давлат филармониясига етаклади. 1978 йилдан филармонияда ишлай бошлади. Ўша пайтларда номи бутун Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон. Туркманистонларда таниқли машҳур санъаткор сифатида элга танилди. Шу даврларда «Табассум» радио журнали, «Телеминиатюралар театри», «Экран хандаси», «Шанба нонуштадан сўнг» кўрсатувлари ва киноларда, «Наштар» киножурналларида қатор-қатор роллар ўйнай бошлади. 1979 йилда биринчи бўлиб филармония қошида «Ханда» сатира ва юмор ансамблини ташкил этди. Ўзи сценарий ёзди ҳамда бадиий раҳбар бўлиб ишлади. Ансамбль филармония бўйича биринчи ўринни эгаллаб, «Мусобақа ғолиби» деган медалларни қўлга киритди. 1981 йилдан 1987 йилгача ТошДУнинг ҳуқуқшунослик факультетини ўқиб тугатган... 1988 йил, 10 ноябрдан бошлаб «Шероз» тахаллуси билан Собиқ иттифоқ журналистлар уюшмасининг аъзоси бўлган... 1991 йилдан Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси бўлган. 1990 йилда «Қалбим наволари» деб номланган шеърлар тўплам китоби 25000 нусхада чоп этилган. 1990 йилдан Ҳинд ва урду тилларини ўрганиб, Ҳиндистондан санъат усталарининг концерт гуруҳларини Ўзбекистон бўйлаб гастроль сафарларини уюштирган. 1990 йилда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигида суратга олинган «Чангалзор қироли» фильмида Зоотехник ролини ижро этган. Шундан сўнг 1992 йилдан «Шерхан» студиясини очиб, Ҳиндлар билан ҳамкорликда 2006 йилда «Шерхан тракторчи» кинокомедияси, 2008 йилда, «Ёлғиз эмассан» мелодрама фильмларини тасвирга олган.