Соат Шариповга табрик
Актёр, телебошловчи, ҳажвий қўшиқлар устаси - Соат Шариповни таваллуд топган куни муносабати билан табриклаймиз! Соат Шариповга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаб қоламиз!
Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
Маълумот: Соат Шарипов 1953 йилнинг 14 Март куни Бухоро вилоятидаги Ғиждувон туманида туғилган.
Маълумоти олий. 1976 йил Островский номидаги театр ва рассомлик санъати институтини "Мусиқа ва драма актёрлиги" бўлимини тамомлаган. Талабалик йилларида-ёқ Аброр Ҳидоятов номидаги Республика стипендиясига сазовор бўлган.
Ҳарбий хизматни ўтагач, иш фаолиятини 1978 йил Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театрида бошлаган.
Кейинчалик Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ишга кириб, "Қиз қалби", "Иқбол", "Қувноқлар ва зукколар", "Чархпалак - бахтингдан кўр", "Оилалар беллашуви", "Ғолиб курси" каби турли кўрсатувларда бошловчилик қилган. Соат Шариповнинг энг кўп давом этган кўрсатуви "Келин-куёв шоу"си ҳисобланади. Бу кўрсатув 1997 йилдан 2007 йилгача давом этиб, 130 га яқин сонлари тасвирга олинган.
Соат Шарипов "Келинлар қўзғолони", "Овчи", "Абдуллажон" ва бошқа фильмларда, шунингдек, "Наштар" ҳажвий кўрсатувида турли ролларни ҳам ижро этган.