ҚУТЛУҒ САНА


Раҳимбой Жуманиёзовга табрик!

   Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Маърифат” тарғиботилар жамияти аъзоси, Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти доценти, профессор, Матбуот хизмати раҳбари - Раҳимбой Жуманиёзов таваллуд топган кун. 
   Раҳимбой Жуманиёзов 1984 йили Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факултетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. 1991 йили “Юсуфбек ва Аҳмадбек” достони (халқ китоби)нинг тарихий асослари” номли диссертациясини Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Адабиёт институтида ҳимоя қилган ва филология фанлари номзоди илмий даражасини олган.
   У Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим, Тошкент Давлат Санъат институтида ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маърифат” студиясида “Ёғду” бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факултетида “Телевидение ва радиоэшиттиришлар” кафедрасининг мудири, Тошкент Давлат Маданият институтининг доценти, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг нашри “Вақт – время” газетасида мухбир ва мусаҳҳиҳ вазифаларида ишлаган.
   У кўп йиллар мобайнида туркий халқларнинг қадимий ёзувлари, ўтмиш маданияти ва фолклори билан шуғулланиб келади. Ана шу самарали меҳнатнинг ҳосиласи сифатида қатор илмий тадқиқот ишлари юзага келган. “Халқ даҳосининг кўзгуси”, “Халқ ижоди ҳақ ижод”, “Донг қозонган достон” номли китоблари ана шулар жумласидан. Уларда халқ оғзаки ижодиёти ва ёзма адабиётнинг маҳсули сифатида юзага келган халқ китоблари илмий асосда тадқиқ этилган. Қадимги халқ китобларини чуқур ўрганиш ва тадқиқ қилишда давом этиб, “Бобо Равшан”, “Иброҳим Адҳам”, “Дили ғаройиб”, “Соҳибқирон Амир Темур”, “Девони Ниёзий”, “Ахтамнома”, “Тазкираи Лаффасий”, “Девони Ходим”, “Мажмуат уш-шуаройи Феруз шоҳий” тазкираси каби Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтининг Қўлёзмалар фондида сақланаётган араб ёзувида, яъни настаълиқ, насх ва таълиқ хатларида битилган 20 га яқин нодир қўлёзма китобни кирил ва лотин алифбосига транслитерация қилди. Уларнинг айримлари китоб ҳолида чоп этилди. Шунингдек, у ЎзФАнинг Тил ва адабиёт институтида лаборант сифатида ишлаб юрган кезларида Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ойбек сингари адибларнинг академик нашрларини тайёрлашда уларнинг қўли билан ёзилган араб алифбоси асосидаги ислоҳ қилинган эски ўзбек ёзувидаги қўлёзмаларини кирил графикасига ўгиришда беминнат ёрдам кўрсатди.
   Раҳимбой Жуманиёзов Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунининг ижроси бўйича энг фаол олимлардан бири сифатида фаолият юритган. Унинг ўтмиш маданиятимизнинг калити бўлган араб алифбоси асосидаги эски ўзбек ёзувини ўргатиш борасидаги саъйи ҳаракатлари таҳсинга сазовордир. Телевидение ва радио, матбуот ва нашриёт орқали унинг чиқишлари, қатор рисола, китоб ва ўқув қўлланмалари моҳият эътибори билан қимматлидир. “Ўқитувчи” нашриётида кўп минг нусхада чоп этилган “Эски ўзбек ёзуви” китобининг 3 та нашри ҳозирга қадар филология ва тарих йўналишидаги ўқув муассасаларида асосий қўлланмалардан бири сифатида фойдаланиб келинади. Худди шу мақсадда яратилган “Ҳарфлар тилга кирганда”, “Туркий савод”, “Алифбо сабоқлари” китоблари эса унинг моҳир каллиграф, қилқалам хаттотлигидан ташқари олимона синчков назари, шоирлик истеъдодини ҳам намоён этди. Араб ҳарфларининг ҳар бирига шеърий таърифу тавсиф бериш учун илмий ва бадиий салоҳият, етук санъаткорлик, хаттотлик иқтидори зарурлигини кенг жамоатчилик яхши билади.
   Халқимиз мустақиллик шарофати билан 70 йиллик исканжадан қутулгандан кейин сувга чанқаган кимса каби унинг китобларини қўлма-қўл ўқиб ўрганишга киришди. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган авлоднинг, деярлик барча хонадонларда унинг тарихий меросимизнинг очқичи ҳисобланган “Эски ўзбек ёзуви” китоби ҳанузгача ҳам бор. Ҳатто, у ҳақда матбуот нашрларида “Жумҳурият муаллими” номли мақоланинг чоп этилгани ҳам бежиз эмас.
   Айниқса, унинг Ўзбекистон телевидениесининг биринчи канали орқали эфирга узатила бошлаган “Алифбо сабоқлари” муаллифлик кўрсатувидаги педагоглик ва бошловчилик маҳорати, ўктам овози кўпчиликни сеҳрлаб қўйганлигини ҳеч ким инкор этмаса керак. Унинг эски ўзбек ёзуви ва янги лотин ёзуви асосидаги алифбони ўргатишга қаратилган “Сирли сандиқ”, "Ким, нима?" ва “Иқтидор” интеллектуал-телевизион ўйинлари кўпчилик мухлисларини лол қолдириб меҳрини қозонгани чин. Унинг ижросида ўқилган ғазаллар ҳозирда ҳам субҳидамда “Ғазалхонлик” рукнида радиоканаллар орқали таралиб туради. Аруз вазни қоидаларига амал қилиб, арабий, форсий ва туркий сўзларнинг маъносини чақиб ўқиши билан у бошқалардан кескин ажралиб туради. Айни пайтда у Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли Мултимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида турли синфлар учун адабиёт фани йўналишида аудио ва видеомаҳсулотларни тайёрлашда фидойилик кўрсатиб келмоқда.
   Раҳимбой Жуманиёзов чорак аср мобайнида турли аудиторияларда нутқ маданияти ва нотиқлик санъати бўйича дарс бериш асносида қатор рисола ва ўқув қўлланмалар тайёрлади. Унинг “Нутқий маҳорат" (2005), “Ғоявий тарбияда нотиқлик санъати” (2001), “Тошкентдан гапирамиз” (2016), “Дил – қулф, тил – калит” (2015), “Муомала маданияти” (2015), “Таълим, тарбия, тафаккур, тараққиёт” (2015), “Нотиқлик санъати” (2016), “Сиз нотиқ бўлишни истайсизми” (2017), “Маънавият тарғиботи” (2017) каби китоблари нутқ маҳорати билан қизиқувчиларни бефарқ қолдирмайди.
   Республика Маънавият ва маърифат марказининг фаол педагог ва маърузачиларидан бири сифатида республика миқёсидаги турли тадбир ва учрашувларда мунтазам равишда ишчи гуруҳ аъзоси ва раҳбари сифатида иштирок этади. Кенг оммага маънавият ва маърифатни тарғиб ва ташвиқ қилишдаги фидойилиги, улкан хизматлари учун “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” совринларини қўлга киритган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот