Нотиқлар нутқида кўкнинг саси бор


  Нотиқлар минглар ва миллион кишилар сафида ибрат манзилларини кўзлаб бораётган ягона иқтидор соҳибларидир. 
  Нотиқлар нутқи инсон руҳига қаттиқ таъсир этиш қудратига эгадир. Уларнинг воизлик санъати марказида Аллоҳ яратган ўн саккиз минг оламни севиш, бу ёруғ оламдаги ҳар бир сонияни қадрлаш, инсонни улуғлаш, унинг барча орзу-умидлари, камолотнинг юксак чўққиларига интилишларига қанот бахшида этиш барқ уриб туради.  
 Воизларнинг ҳар бир сўзи одамлар кўксини яхшилик нурлари билан ёритувчи шамчироқ, уларни ватан ва миллат равнақи йўлида бирлаштирувчи, жамул-жам этувчи олтин занжирдир. 
 Қадимий битикларда, авлиё ва ҳукамолар ҳақидаги муқаддас китобларда, қобусномаларда, астралогиянинг таъбиршунослик илми каби китобларда ёзилишича каломуллоҳ қироатларида,  воизлик санъати намоёндалари нутқида кўкнинг саси бор. 
  Аждодларимиз Аллоҳ сўзи бўлган “Қуръони Карим”нинг ботиний ва зоҳирий сир-асрорларини сидқидилдан ўрганиб, юракларига жо этганлар. 
  Шарқ адабиёти ва тарихи саҳифаларини варақлар эканмиз,  икки мамлакат ўртасидаги қонли-қиронли жангларни тўхтатган донишманд, шайхуш-шуюх ислом дини пешволарининг муборак номларини ўқиб, фахр ва ифтихор нурларига тўламиз. 
  Қадимий Хоразмшоҳлар давлати саройида шундай жаҳонгашта шайхул-машойих элчилар бўлганки, уларнинг нутқида Аллоҳ сўзи, пайғамбар ҳадисларининг  ботиний кучи шиддатли бўлган. Улар бир-бирларига қилич кўтариб, қонли савашга тайёрланиб, кўзлари қонга тўлиб турган  икки қўшин  лашкарбошилари олдида нутқ сўзлаганда осмону фалакда гулдирмомо гулдираб, чақмоқ  чаққан. Натижада ҳар икки томоннинг жоҳил  саркардалари қўлларидаги қиличларини мўътабар шайх элчи боболаримиз пойига ташлаб, таъзим бажо келтирганлар. 
  Шуни айтиш керакки, мустабид шўролар даврида халқ орасидан етишиб чиққан воизларнинг ёрқин иқтидорини коммунистик ҳукмрон мафкура раҳбарлари Сталин даври, совет тузумини кўкларга кўтариб мақташга сафарбар этганлар. 
   Ўзбекистонимиз мустақилликка эришгач, камолотли ёшлар орасидан ниҳоятда нафис фикрловчи шоир ва журналистлар, диктор ва сухандонлар, сиёсий арбоблар даражасига етган нотиқлар авлоди қад кўтарди.
  Воизлар табиатида ҳар бир сўзга ошуфталик, ҳар бир ҳарф жаранггига мафтункорлик ва муштоқлиқ асосий ўринни эгаллайди. 
 Таниқли ёзувчи Раҳимбой Жуманиёзов жисми-жонига оламиёна ўзбек тили бойликлари, сўз забаржадлиги, илоҳий сас жо этилган нотиқ,  ширин забон  сухандон,   меҳрибон мураббийлардан биридир. 
  Раҳимбой Жуманиёзов 1960 йил 1-июльда Хоразмнинг Қўшкўпир тумани Хосиён қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни, Тошкент Давлат дорилфунуни ўзбек филологияси факультетини имтиёзли тамомлади. Бўлғуси ёзувчи, нотиқ Раҳимбой Жуманиёзов эски ўзбек ёзуви, араб ва форс тилларини, уларнинг луғавий заҳирасини сидқидилдан ўрганди. Устозлари ўзбек мумтоз адабиёти алломалари бўлган Ғулом Каримов, Субитой Долимов, Алибек Рустамовлардан араб алифбоси сир-асрорларини билишга интилди. Университетни тугатгач, Ўзбекистон фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Адабиёт институти Фольклор бўлимида илмий ходим бўлиб ишлади, диссертация ёқлади, фанлар академияси мукофотининг лауреати бўлди. Энг муҳими, воизлик санъати назариясини мукаммал эгаллашга бел боғлади. 
   Биз сиз азиз китобхонларга Раҳимбой Жуманиёзов ижод этган китоблар рўйхатини ҳавола этамиз:
1. “Халқ даҳосининг кўзгуси”
2. “Эски ўзбек ёзуви” 
3. “Алифбо сабоқлари”
4.”Халқ ижоди-ҳақ ижод”
5 “Тошкентдан гапирамиз”
6. “Ҳарфлар тилга кирганда” 
7. “Сиз нотиқ бўлмоқчимисиз?”
 Шуни айтиш керакки, Раҳимбой Жуманиёзов юзга яқин илмий мақолаларни Ресбуликамиз газета ва журналларида чоп эттирган. 
   Қадимда ўзбек давлат тили бўлган, аждодларимиз ёзуви бўлмиш эски ўзбек тили қоидаларини ўрганиш учун бир мингга яқин қўлёзма китобларни варақлаб чиқди ва ўрганди. Натижада, араб алифбосидаги ўттиз икки ҳарфнинг жарангги, талаффуз этилиш қоидаларини юрагига жо этди. 
   Раҳимбой Жуманиёзов эски ўзбек тилидаги ўттиз икки ҳарфнинг ҳар бирига гавҳар, тилла садафдек қаради. Уларни марварид шодаларига терди. Ҳар бир ҳарфнинг жаранггига қулоқ тутар экан, уни араб имлосининг кўфий хати, гуллик кўфий хати, насх хати, сулс хати, таълиқ хати, райҳоний хати, девони жалий хати, риқоъ хати, настаълиқ хати,  шикаста хатида чиройли ва бехато ёзишни эгаллади. У ўз китобларини ёш араб имлоси ихлосмандларига мўлжаллаб ёзар экан, ўша ўттиз икки ҳарфнинг жарангги ва хусусиятларини шеърий назмда иншо этди. 
  Эски ўзбек тили ҳарфларидан биринчиси бўлган “алиф” ҳарфи ҳақида шеърий сатрлар билан шундай деб таърифлади:

“Алиф” не  нейдур?
“Алиф” дерлар менинг қутлуғ отимни,
Сизга бир-бир баён айлай зотимни.
Менинг асли табиатим қизиқдир,
Нодон: “калтак”, -дейди, содда: “чизиқ”, -дер.
Алифбонинг боши, мисли маёқман,
Зулмат ичра зиё, равшан чироқман.
Айтадурлар: “Алиф” шамга ўхшайди,
Ҳам навниҳол, ҳам қаламга ўхшайди. 
Билмаганлар бошин ишқалаб юради,
Жоҳилликда кўнгил ғашлаб юради.
“Менга” Алиф “керакмас”- дер, нодон эр,
Оқил одам билмоқликнинг ғамин ер.
“Аллоҳ” номи менинг билан бошланур,
Англаганлар руҳлари қуёшланур.
Хату савод, илму таълим рамзиман,
Дағи инсон қоматига мангзиман.
“Ота-она, “ака-ука” да борман,
“Одобли”, “аълочи” “бола” га ёрман.
“Инсоф”, “иймон”, “эътиқод” да барқарор,
Буларга ёт нокаслардан мен безор.
Абжад рақам бошланади мен билан,
Қамарий ҳам бошланади мен билан. 
  Раҳимбой Жуманиёзов ҳар бир ҳарф таърифига тўхталар экан, Алишер Навоий бобомизнинг  араб алифбосидаги ҳар бир ҳарфга берган таъриф ва тавсифини севиб ўрганди.  
  Энди муаллифнинг “Жим” ҳарфига берган таърифини эътиборингизга ҳавола этамиз. 

“Жим” не дейдур?
Исмим “Жим” атабдур қай бир мунажжим,
Таърифим айтайин, қулоқ солинг жим.
Мени ўхшатмишлар гўё гажакка,
Зарурман “жон”, “жасад”, хуллас, керакка,
“Жононнинг жамоли”ҳам мен биландур,
Дона қаро холи ҳам ҳам мен биландур.
Иккинчи таянч белгининг бошиман,
Маҳбубанинг мисли зулфу қошиман.
Тўртта эгизакнинг каттаси эрдим,
Ўз ҳақимда дағи шуларни дердим.
Ҳарфлар билан келсам жаҳондор кучман,
Алифбода олти, Абжадда учман. 
Икки қўллик эрурман ҳамда тўрт шакл,
Сўрасангиз насабим асли муттасил.
Икки шаклим турар ҳар икки ёнда,
Сатр чизиғидан пастки томонда.
Бири яккаш, бири сўз охиринда.
Аълочи ўқувчи сақлар ёдинда.
Ой ҳарфларнинг орасинда маконим,
Гўзаллик бобинда кенгдур имконим.
“Жонпарвар”, “жилва”ю “жоду”, “жаннат” ҳам,
Менда мужассамдур ҳатто “Жоми Жам”
Қуршаб олган пайти ўнгу сўлимни, 
Ҳарфларга берурман икки қўлимни.
Қалам ҳаракатин билмоқчидурсиз,
Унда бирдам менга қулоқ солурсиз.
Олдин ёзадурсиз, ўзак қисмимни,
Сўнгра боғлайдурсиз этак қисмимни.
Этак қисм форсий тилда домана,
Кулиб боқсин доим сизга замона.
Шуйтиб сўз ҳам адоғига етибдур,
Навбат эса қардош “Чим” га ўтибдур.
 Афсуски, мақоламиз қаҳрамонининг араб алифбосидаги барча ҳарфлар ва ҳаракатларга берган таъриф, тавсифи ҳақида батафсил тўхталиш имкониятига эга эмасмиз. Шуни айтиш керакки, Раҳимбой Жуманиёзов “Эски ўзбек ёзуви” китобини ёзганида (1989 йил) ҳали ўттиз ёшга ҳам кирмаган эди.
   У ўзбек халқининг минг йиллар давомида яратган илмий–маданий мероси араб ёзувида битилган китобларда жамланганини тушуниб етди. Аждодларимиз ёзиб кетган бу қўлёзма китобларни ўрганиш учун эса эски ўзбек ёзувини билиш лозим эди. Шу боисдан “Эски ўзбек ёзуви” китоби устида  ишлади. Шуни қувонч билан таъкидлаш керакки, Раҳимбой Жуманиёзов ушбу китоб асосида “Ойнаи жаҳон” орқали туркум кўрсатувлар, “педагогик соатлар” беришга шайланди. Ҳанузгача эски ўзбек ёзувидан ўттиз олтинчи дарсини эфир орқали ёшларга ҳикоя этган Раҳимбой Жуманиёзовнинг ўқув кўрсатувларини телетомошабинлар катта  мамнуният билан эслайдилар. 
   Мақоламиз қаҳрамонининг нотиқлик илмига меҳр қўйган, ёшлар орасида шов-шувга эга бўлган китобларидан бири “Тошкентдан гапирамиз”  битигидир.  Дикторлик ва сухандонлик илмига меҳр қўйган йигит-қизлар, қироат қироли бўлган Ўзбекистон халқ артисти, машҳур нотиқ Қодир Мақсумов ҳақидаги бу асарни китоб расталаридан дарҳол сотиб олдилар. 
  Муаллифнинг устози ҳақида ёзган: “Ажойиб овозингизни радио орқали, ўзингизни эса “зангори экран”да кўрганман ва эшитганман. Сиз ниҳоятда ажойиб нотиқсиз. Қоғоздаги сатрлар сизнинг овозингиздан жон топиб, қайтадан дунёга келади. Ҳақиқатан ҳам тирилади. Унда шоир ҳиссиёти, орзу-умидлари жўш уради. Сиз эса ҳар бир чиқишингизда уни шеърият мухлисларининг қон-қонига сингдириб юборасиз...Сиз ҳақиқатан ҳам ўзбек Левитанисиз” каби жумлаларини ўқиб ҳайратланамиз.  Ҳақиқатан ҳам Раҳимбой Жуманиёзов Қодир Мақсумовнинг фаолияти мисолида сухандонлик санъати, унинг тарихий илдизлари, назарий ва амалий масалаларига тўғри баҳо берган.  
   Нотиқлик илми, нотиқнинг нутқи, унинг тафаккур қанотларидаги парвози, таълим-тарбия, муомала ва мулоқотнинг калити эканлиги ҳақида китоблар ёзишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Натижада 2019 йилда “Сиз нотиқ бўлмоқчимисиз” деган китобни ўз шинавандаларига тақдим этди. Ўша китоб саҳифаларидаги “Нутқ ва нотиқлик ҳақида муаллифнинг айрим қайдлари” хусусидаги ноёб фикрларини баён этиб ўтамиз: 
  Барча соҳаларнинг, тадбиркорлик ва муваффақиятларнинг гарови, тараққиётнинг, таълим-тарбиянинг алифбоси, бу – нотиқликдир. 
***                                      
 Ўзи ёқимли, сўзи юқумли бўлмаган нотиқни таълим-тарбиянинг таъсирчанлигига тааллуқли талабларнинг тарафдори деб бўлмайди. 
***
   Шеърнинг озиғи, шоирнинг ёзиғи ҳам сўз, нутқ билан, лекин у шунчаки сўз эмас, танланган, топилган сўздир, маъно дурлари терилган тизимдир. 
***
   Нотиқ нутқи мантиқдан йироқ, билингки, у – буғдойсиз бошоқ. 
  Нотиқликни, даставвал, соҳа деб билдим, кейин фан деб тушундим, сўнгра касб-ҳунар деб фаҳмладим, санъат деб идрок этдим, эндиликда тақдир деб англадим. 
***
   Тингловчи ва томошабиннинг чеҳраси нотиқнинг чегараси бўлиши лозим. 
***
  Ҳайрати ошмаган, ғайрати тошмаган нотиқнинг сўзи эҳтиросли, ўзи эътиборли бўлмайди. 
***
   Ҳаёли нотиқ ҳаяжонланади. 
***
   Яхши нутқ яхши фикрдан туғилади, чин фикр эса соф қалбдан яралади. 
***
   Тил – ўқдон, сўз –ўқ, нутқ эса камондир.
  Машҳур ёзувчи ва нотиқ Раҳимбой Жуманиёзовнинг барча китоблари, илмий мақолалари, нотиқлик санъати ҳақидаги ноёб фикрлари ширинзабон сухандонлик, воизлик санъатига меҳр қўйиб изланаётган йигит ва қизлар учун ибрат манзилидир. Айнан нотиқлик санъати ишқибозларига таълим ва тарбия бериш учун у яқинда “Нотиқлик санъати академияси” муассасасини ташкил этди. 
  Янги Ўзбекистон болалари ва ёшларининг жаҳон ёшлари орасидаги ўрни ва истиқболини ўйлаб, кеча-кундуз ижод қилаётган устоз Раҳимбой Жуманиёзов таваллуд топган кунини нишонламоқда.      
  Биз камтарин инсон, маълумотли, маданиятли, камолот чўққиларига етиб келган алломани чин юракдан муборакбод этамиз. 
  Унга ҳамиша: “Устоз! Тилингиз доимо – ўқдон, сўзингиз – ўқ, нутқингиз эса камондай учқур ва ўткир бўлаверсин”, деб қоламиз. 

Эҳтиром ила - Анбара Отамуродова, Мадина Бегалиева.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот