Муаззам Шарқнинг нодир овози


  Ҳазрати Бобурнинг юрти Андижонда Хўжаобод деган туман бор. Қадимдан дуолари Аллоҳга етиб боргувчи лафзи ҳалоллар умргузаронлик қилган бу улуғвор юртда Ширмонбулоқ деган қишлоқ бор. Азал-азал оталари донишманд, оналари маърифатли Ширмонбулоқ ёнидан кумуш қўнғироқдек жаранглаб булоқлар оқиб тургани бизга тарихдан маълум.
  Бу гулшаннинг шифобахш ҳавосидан бир бор тўйиб нафас олганлар неча дарддан фориғ бўлганлар. Ўзбекистон Халқ артисти Муножатхон Йўлчиева мана шу Ширмонбулоқда таваллуд топган. У жажжи қизалоқлигидан боғларида илк маротаба булбулларга жўровоз бўлди. 
  Муножатхон Йўлчиева мана шу орифлар, фозиллар маскани Хўжаободнинг маданият масканларида мақомни эшитди. Унинг болалиги ҳайратлар салтанатида кечди. Чунки, унинг Андижони маънавият сарчашмаларининг доруссалтанати эди, ҳамон шундай. Муножатхонга Яратган Эгам шундай нодир овоз бердиким, бу жавоҳирот миллат мулкига айланди.
  У ўз номи билан Муножат бўлиб камолга етди. Мақом ашулалари билан ухлаб, мақом ашулалари билан уйғонар эди.  Ўқиш ва ўрганиш учун Тошкентга йўл олди. 
  Қўлида китоблар, райҳон ҳиди уфуриб турган кийимлари солинган жомадонини маҳкам ушлаб олган, қирқ кокиллари этаги билан баробар тебраниб, юлдуз кўзли Муножатхоннинг шу кетишдаги йўли сеҳрли овоз туфайли Тошкентдан Парижгача бориб туташишини ҳеч ким хаёлига келтиролмас эди ўшанда. Унинг орзуси эса консерваторияга ўқишга кириш эди. Ўқишга киришида ҳеч бир муаммо бўлмади. Унинг учун ҳақиқий илм ва изланишнинг шарафли ва машаққатли йўли бошланди.  
  Унинг Ширмонбулоқдан Тошкент Давлат консерваториясигача бўлган йўлларига гўё Шарқ асотирларидаги сирли ва сеҳрли дурдоналар сочиб ташлангандек эди. Консерватория Муножатхонни миллий мақом йўллари, шашмақомнинг илоҳий дурдоналарини англашдек битмас-туганмас хазина томон йўл очди. У бу ерда тарихни, фалсафани, миллий мусиқа илмларни ўрганди. Консерваториянинг муқаддас  даргоҳида Навоий, Бобур, Лутфий, Фузулий, Огаҳий, Нодирабегим, Шерозий, Машраб, Фируз, Ҳазиний, Ҳувайдо, Чустий, Ҳабибий, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповдек сўз мулкининг боғбонлари ижодини ёд олди ва уларни куйлади. Энди унинг овози оддий овоз эмас эди. Энди унинг овози муаззам Шарқ овозига айланди. Устози Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шавкат Мирзаевдан ўзини унутиб, фидойилик билан меҳнат қилишни ўрганди. “Мақом йўли жуда оғир йўл. Бу йўлнинг юки залворли. Шунинг учун-да ҳамма ҳам бу йўлни танламайди. Шунинг учун-да бу йўлга ҳатто адашиб ҳам кириб бўлмайди. Сохта обрў, ясама кўтар-кўтар учун мақомнинг эшиги абадулабад ёпиқ. Аллоҳ берган овозга яраша тинимсиз изланиш,  ёд олиш ва хотирада сақлаб қолиш қувватига эга бўлиш керак. Буларнинг барчасига санъатимизга, миллий маданиятимизга, маънавиятимизга, Она Ўзбекистонимиз улкан муҳаббат билан эришилади”- дердилар жойинг фирдавс жаннатида бўлгур устози.
  Миллий мақомларимизни айтадиган санъаткорнинг ташқи кўриниши, кийиниши, рафторию рухсори, ўзини тутиши, муомала маданияти шарқона бўлиши лозимлиги машҳур мақомчи устозлардан меросдир. 
Муножат Йўлчиева бу йўлга содиқ қолди. Унинг ақл ёғилиб турган нигоҳларидан сочининг учигача шарқона муҳташамликлар барқ уриб туради. 
  1985 йилда Тошкент Давлат консерваторияси Шарқ мусиқаси факультетининг анъанавий ашула бўлимини тугатди. Талаба пайтида-ёқ Алишер Навоийнинг 539 йиллиги муносабати билан тайёрланган “Назм ва наво” кўрсатувига устози Шавкат Мирзаев раҳбарлигида қатнашиб, “Муножат”, “Ушшоқ” ашулаларини айтиб, шу қўшиқлари билан мухлислар қалбидан жой олди. Шундан сўнг Ўзбекистон Давлат Телерадио эшиттиришлари қўмитаси қошидаги мақомчилар ансамблига ишга таклиф қилинди. 1982 йилгача  Мақомчилар ансамблида яккахон хонанда, 1982 йилдан ҳозирга қадар М. Қориёқубов номли Академик ва бадиий жамоалари дирекциясида яккахон хонанда бўлиб фаолият кўрсатиб келмоқда. Муножат Йўлчиева фаолиятида амалга оширилган ижодий ишларни ҳали ҳеч бир хонанданинг тажрибасида кузатилмаган. Жуда катта тайёргарлик билан ижро этиладиган мақом қўшиқларини у ижро этди:
   “Сараҳбори Дугоҳ”, “Талқини ушшоқ”, “Муғилчаи мустазоди наво”, “Ушшоқ”, Муножат, “Дугоҳи Ҳусайний”, “Чоргоҳ”,” “Сафти Чоргоҳ”, “Баёти Шерозий талқинчаси”,”Гиря” каби мақом ашулалари, “Эй дилбари жононим”, “Фарғонача Шаҳноз”, “Ишқинг ўтиға” катта ашулалари, “Ўлтирғуси”, “Дашти наво”, “Ғунча янғлиқ”, “Тановар”, “Излайман” халқ ашулалари, “Меҳнат аҳли”, “Айладинг”, “Ниҳон этди”, “Бул ажаб”, “Ким кейин - ким илгари”, “Лаъли Яман” каби дурдона асарлар унинг репертуаридан мустаҳкам ўрин олди. 
   Муножот Йўлчиеванинг соҳир овози нафақат ўзбек халқимизнинг, балки дунё санъат ихлосмандларини ҳам мафтун этмоқда. Жумладан:
   2009 йилда Белгия, Германия, Голландия, 2010 йилда Испания, Морокко, Тунис, Голландия, Австрия, Туркманистон, 2011 йилда Хитой, Ҳиндистон, 2012  йилда Туркия, Германия, Россия, Тунис, Ҳиндистон, Италия, 2013 йилда Франция, Корсика, Англия, Озарбайжон мамлакатларида анъанавий мумтоз қўшиқлардан иборат дастурлари билан қатнашди.
   Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон дунёга юз тутди. Ушбу тарихий даврда Муножат Йўлчиева хорижий мамлакатларга концерт дастурлари билан чиқиш имкониятларига эришиб, ўз санъати билан  дунё  томошабинлари олқишига  сазовор бўлиб, ўзбек мумтоз мусиқаси ва санъатининг ноёб дурдоналарини дунё халқлари ўртасида кенг тарғиб этиб, қадимий санъатимиз ва маънавиятимизни кўз-кўз қилмоқда.
   Халқимизнинг севимли хонандаси ҳаёти ва фаолияти ҳақида 2 та ҳужжатли фильм ва 3 та видеофильмлар яратилган. 
   1991 йили Американинг “Осиё жамияти” Муножатхон Йўлчиева ҳамда созанда Турғун Алиматов ижро этган қўшиқлар аудио кассетасини, Франциянинг “Окора” фирмаси Муножатхоннинг ашулалари ёзилган компакт диск чиқарди, 1997 йилда Олмонияда “Нетворк” фирмаси хонанданинг иккинчи компакт дискини чиқарди. Буларнинг бари истеъдодли ўзбек хонандасига чет эллик санъат мухлисларининг катта ҳурмат ва эҳтироми рамзидир.
    Муножатхон Йўлчиева республика ва халқаро миқёсдаги кўплаб йирик ва нуфузли  тадбирларда ҳамда Ҳукумат қабул маросимларида шу қаторида Халқаро ва республика фестиваллари, кўрик–танловларида иштирок этиб келмоқда. Бундан ташқари, кўплаб Республика  ва Халқаро кўрик–танловларда ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида иш олиб бормоқда.
    Жумладан: 2005, 2011, 2013 йилларда “Шарқ тароналари”  халқаро мусиқа фестивали ҳайъати аъзоси, 2000–2004 йилларда ЮНЕСКО ташкилоти сўровномаси билан “Инсониятнинг моддий ва номоддий меросини сақлаш ва эълон қилиш ҳайъати аъзолигига қабул қилиниши унинг жаҳон ҳамжамиятида ҳам қисқа давр ичида ўз ўрнига эга бўлганилигини  билдиради ва Ўзбекистон расмий вакили сифатида жаҳон  маданий сиёсатига ўз таъсирини ўтказиб, шу орқали ўзбек моддий ва номоддий ёдгорликларининг дунёнинг маданий ёдгорликлари дурдоналарига киритилишини таъминлайдиган таркибда фаолият олиб борди.
   Муножат Йўлчиева Халқ оғзаки ижоди йўналишидаги лойиҳаларда ҳам иштирок этиб, ”Сурхон” фольклори ҳамда ноёб дурдона асар “Шашмақом” ҳақидаги иши учун минтақавий номзоди қўйилди ва халқаро лойиҳага киритилди. 
  Унинг 2011 йил 17 ноябрь куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида яккахон концерти мухлислари қалбини такроран забт этди. 2012 йили Жуманиёз Жабборов сўзи, Шавкат Муҳамедов мусиқаси билан айтилган “Зафар таронаси” қўшиғи учун “Ягонасан, муқаддас Ватан” кўрик–танлови якунловчи босқичида 1-ўрин ғолиблигини қўлга киритди.
    Муножатхон узоқ йиллар Ўзбекистон Давлат консерваториясининг фахрий профессори 2020–2021 ўқув йилидан муҳтарам президентимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон миллий мусиқа санъати институтида талабаларга сабоқ бериб келмоқда.
    Шогирдлари: Мамлакат Улашова “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндори. Гулмира Ахатова, Адолат Қўлдошева эса “Ниҳол” мукофотини соҳибалари бўлишди. Тўрабек Мухторов эса Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблида, Шоҳсанам Фозилова Фарғона санъат коллежида, Эркин Исмоилов Бухоро вилояти санъат коллежида фаолият юритишмоқда.
    Ҳукуматимиз томонидан Муножат Йўлчиеванинг хизматлари муносиб тақдирланди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида-ёқ “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1994 йилда “Ўзбекистон Халқ артисти” унвонларига сазовор бўлди.
    Бугунга кунда унинг кўксини “Эл-юрт ҳурмати”, ”Фидокорона хизматлари учун”, “Буюк хизматлари учун” орденлари безаб турибди. 
     Истеъдодлар худди дарёларга ўхшайди. Дарёлар эса башариятга Аллоҳнинг иноятидир. Дарёлар атроф-муҳитнинг софлигини, борлиқ неъматларининг мавжудлигини, энг муҳими, ҳаёт дарахтининг мангу яшиллигини таъминлайди.  
   Мақом санъатида халқимизнинг тарихи, маданияти, минг асрлик орзу-умидлари, қалбининг рангин эврилишлари акс этади.
     Инсоният яшар экан, мақом санъати яшайди. Чунки, унда халқнинг қалби, гўзал кечинмалари, нафис дил изҳорлари, меҳру муҳаббати, билими ва тафаккури абадий муҳрланган. Унинг ўрни юракларда.
   Инсон юраги эса энг олий салтанатдир. У асрлардан асрларга бойиб бораверади. Ўзбекнинг ушбу хазинасида Ўзбекистон Халқ артисти Муножатхон Йўлчиеванинг ўз ҳиссаси, муҳташам ўрни бор.

Зулфия Мўминова – шоира.
Манба: "Саодат" журнали. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот