САҲНАДА УЛҒАЙГАН ЙИГИТ


  18 Июнь - Машҳур Муҳаммад (Машҳурбек Райимжонов) таваллуд топган кун.

   Ҳар бир жамиятнинг маънавият даражаси унинг истеъдод эгаларини умуман эса қобилиятли ва уқувли шахсларни қадрлаши, уларга алоҳида ғамҳўрлик кўрсатилиши, камол топиши учун етарли шарт-шароитни таъминлаб бериши билан ҳам белгиланади. Ривожланган давлатларда бўлгани каби бизнинг юртимизда ҳам истеъдод эгалари миллатнинг қиёфаси ва ғурури, келажаги деб қаралади.   
  Истеъдодлар эъзозланган юртда камол топиб озми-кўпми ютуқларга эришаётган юртдошларимиздан бири Машҳурбек Райимжонов асли Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидан бўлиб, беш ёшлигидан катта саҳналарда шеър, қўшиқ куйлаб, қизиқчилик қилиб элнинг олқишини ола бошлаган. Машҳурбек саккиз ёшга тўлганида “Қизиқчи-97” республика кўрик-танловида энг ёш иштирокчи сифатида иштирок этиб, бетакрор образлар ва ажойиб чиқишлари билан барчани хайратлантирганди.  
  Мазкур танлов Машҳурга янги имкониятлар эшигини очди, энди у  туман ва вилоят миқёсида ўтказиладиган тадбирларда қизиқчилик қилар, болаларча соддалик билан шеърлар машқ қилар, яна қўшиқ куйлаб барчага завқ бағишлар эди. 
  Орадан йиллар ўтиб Машҳурбекнинг истеъдоди янада сайқалланиб энди у болаликдаги шўх қувноқ, хазилкаш қизиқчи эмас мулоҳазакор, самимияти юзида акс этган ўсмирга айланди. Машҳурбекнинг касби педагог бўлган онаси Муҳаррам опа ўзининг барча орзу-хавасларини шу ўғлининг келажагида кўрди ва унга маънавий суянч бўлди. Тенгдошларига нисбатан илгарилаб кетган Машҳур дарсларда аъло баҳога ўқир, ўзлаштириши яхши, яна ўзи шеър ёзар, ёзган шеърларига куй басталаб ўзи хиргойи қилар, қизиқчилик қилиб тадбирларни бойитарди. 
  Фарзандининг келажакда эл таниган машҳур инсон бўлишини орзу қилган она бор имкониятини, бўш вақтини ўғлининг билим олиши учун сарфлади ва истеъдодини қўллаб-қувватлади. Меҳнатлар бесамар кетмади Машҳурбек санъат йўналишида бир неча бор туман ва  вилоят миқёсида ўтказилган танловлар ғолиби бўлди, қизиқчилик йўналишида вилоят босқичи ғолиби бўлиб Республикада совриндор даражасига чиқди. Исми жисмига мос бўлган Машҳур ёш бўлишига қарамай эстрада йўналишида ижод қилиб водийда ўз муҳлисларига ҳам эга бўлди. 
  У  бир сўз билан айтганда саҳнада улғайди. Саҳна уни ўз бағрида камолга етказди, истеъдодини эъзозлади. Тошкент Давлат Санъат олийгоҳига ҳужжат топшириб омади чопмаган Машҳур тушкунликка тушмади. Ўша йили яхши инсонлар саъйи-харакати билан “Ўзбегим ёшлари” гуруҳига қабул қилинди. Тез орада жамоага қўшилиб чет эл сафарларида бўлди. Саҳна маданиятини ўрганди, устоз кўрди, ижоди қиёмига етди. Келгуси йили Санъат олийгоҳининг эстрада йўналишида гранд асосида ўқишга қабул қилинди. Энди у ўқиш билан бир қаторда “Ўзбегим ёшлари” гуруҳидаги фаолиятини давом эттирди, кўплаб республика миқёсидаги тадбирларда иштирок этди. Бир нечта телевизион сериалларда катта-кичик образлар яратди.  
  Талабалик йиллари ҳам у учун омадли кечди, чунки у институт миқёсида анъанавий ўтказилиб келинадиган 2008 йилда “Талабалар ижодий фестивали”, 2009 йилда “Йилнинг энг яхши талабаси”, 2011 йилда “Йилнинг энг яхши қўшиқчиси” ва “Йилнинг энг яхши актёри” номинациялари бўйича ғолиб бўлди ва махсус диплом билан тақдирланди. 
 2009-2010 ўқув йилларида “Истеъдодли талабалар учун стипендиялар” йўналиши бўйича диплом ва стипендия соҳиби бўлди. 
  1996 йилдан 2007 йилга қадар 15 йил давомида устоз санъаткор Сойиб Хўжаев хотирасига бағишланган республика қизиқчилар кўрик-танловларида 6 маротаба ғолибликни қўлга киритди.
  2011 йил Машҳурбек Райимжонов учун мувоффақиятларга бой йил бўлди. У Ватанимиз мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида ёш истеъдодлар учун таъсис этилган  “Ниҳол” давлат мукофотига, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонига, “Ягонасан муқаддас-Ватан” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблигига сазовор бўлди.    Дарҳақиқат, ҳақиқий истеъдод қачон, қаерда бўлмасин ўз баҳосига эга бўлади. 
    Машҳурбек Райимжонов ҳеч қачон машҳурликдан эсанкираб қолмайди,   чунки  у  болаликдан машҳурликни юкини кўтариб, эътибор учун эхтиром кўрсатиб келади. У биладики бу юртда истеъдодлар эъзозланади, изланиш ўз натижасини беради, меҳнат албатта рағбатга олиб боради. Машҳур бу босқичларни ўзи фақат ўзи  босиб ўтди. У ютуқлари замирида онасининг дуоларини ҳис қилади, устозлари меҳрини туяди. 
  Бундан бир неча йиллар олдин санъат осмонида порлаган митти юлдуз бугун самога нур сочаётган меҳр қуёшига айлангани рост бўлсин. Энди у санъат осмонини гўзал қўшиқлар, дилбар куйлари ила ёритсин.                                                                                      
Феруза ОРИПОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот