Бечора касалманд йигит


                                                                                                 Мистик  ҳикоя
  Шифокор қабулига навбатда турганлар кўп эди. Таваккал қирқ биринчи бўлиб ёзилди. У кўзлаб юрган ишининг бу қадар кўп вақт талаб қилишини тасаввур қилмаганди. Шунчаки тезда бориб, бир парча қоғоз ёздириб оламан деб ўйлаганди. Аксига олиб, у мана шу ишини бугун тунгача битириш керак. Акс ҳолда катта умидлар билан кутиб юрган нарсасидан мосуво бўлиши аниқ...
− Оббо, − бош қашлади Таваккал, − келиб келиб шу бугун ҳам навбат кўп бўладими?! Тавба, одамларга ҳам ҳайронсан, худди мен келишимни билгандек йиғилиб олишганини қаранг...
   У шифохона йўлагида кўп қололмади. Нафаси бўғилиб, онасининг қўлида чирқиллаб йиғлаётган чақалоқларнинг овози қулоғини гаранг қила бошлади. Шу боис ташқарига чиқиб, ҳовлидаги ўриндиққа чўкди.
  Таваккал ёнидан тамаки олиб, чека бошлади. Ҳар сафар тамакини ҳузур билан тортар экан, йўлак деразасига бир бир қараб қўярди. Ана, эндигина ўн учинчи одамнинг навбати келди. Ҳар битта одамга ўн дақиқадан вақт кетганида ҳам, нақд уч-тўрт соат кутади энди. Лекин наилож?! Пишитиб қўйган режасига бир қадам қолди холос.
  Шу пайт осмондан тушдими, ёки ердан чиқдими, олдига бир чол келиб ўтирди. Таваккал яна тамаки тутата бошлади. Бу унинг айни дам учинчи маротаба чекиши эди.
− Биз ҳам бир олсак бўладими? – савол берди қария.
− Мана, − Таваккал шундай деганича чолга ҳам битта сигара берди. Кейин гугурт ёқиб турди.
− Раҳмат, − деди чол оғзидан тутун чиқариб.
  Таваккал индамай ўз ҳаёлларига берилди. Уни айни дам Умид акасининг сўзлари ўйлантириб қўйганди. Бир фурсатда мўмай даромад қилиб олиш ғоясини ўша одамдан эшитди-ю, Таваккалнинг тинчи йўқолди. Ётса ҳам, турса ҳам шуни ўйлайдиган бўлиб қолди. Ортиқ иш қидирмайдиган, танбалга айланди-қолди.
 Аслида Таваккал у қадар ҳам дангаса эмасди. Болалигидан меҳнатда катта бўлди. Тўғри, у қадар ҳам оғир ишлар қилди деб бўлмайди-ю, ҳар ҳолда айрим тенгқурларига ўхшаб кўча кезиб юрмади. Топганини уйга ташиди. Ортиқча иш қилмади. Бегона қизларга қизиқмади. Бироқ, сўнгги кунларда ишларининг пачаваси чиқди. Ишлаб турган еридан қувилиб, анча вақт ишсиз қолиб кетди. У жуда кўп бора иш қидириб ҳамма ташкилотларнинг дарвозасини тақиллатиб чиқди. Бироқ, унга мос келадиган иш ҳеч қаердан топилмади. Таваккал куйинди, ёнди, ўртанди. Ёши ҳам йигирма олтига қараб кетяпти. Бир томонда рўзғор – ёлғиз онаси ва укаларини боқиши керак. Иккинчи томондан у ҳам бошқа дўстлари сингари уйланиш ниятида. Бироқ, ҳозирги замонда чиқимсиз тўй қилиб бўлмайди. Ҳеч қайси ота-она Таваккалнинг шароитига қизини бермайди.
  Мана шуларни ўйлаб сиқилиб юрган кунлари, узоқ бир таниши, бир вақтлар эски уйларида қўшни бўлган Умид исмли йигитни учратди-ю, бор дардини тўкиб солди.
− Ҳафа бўлма, тасалли бера бошлади Умид, − иш топилади! Агар истасанг ҳеч қанақа иш қилмасдан мўмайгина пул ишлаб топиш йўлини сенга ўргатаман!  − лабини ялаб қўйди у.
− Қўйсангизчи Умид ака, ҳеч замонда иш қилмасдан туриб, пул топса бўларканми?! – энса қотирди Таваккал.
− Ишонмайсанми?! – кўзлари олайиб деди суҳбатдоши, − онт ичиб айтаман, буни йўл бор! Фақат, ҳеч кимга гуллаб қўймайман десанг, айтаман. Келишдикми?! – қўл ташлади Умид.
− Келишдик, − ноилож қўл чўзди Таваккал ҳам.
− Унда эшит мени. Хуллас, мени ногиронларга «справка» берадиган жойда бир танишим бор. У ҳаммага ҳам ишини битириб беравермайди. Агар сен туманингдаги шифохонага бориб манави маълумотномани олиб келсанг, − бир парча вароқни кўрсатди Умид, − мен уни танишимга бераман! У эса сенга ногирон деган ҳужжат тўғирлаб беради. Қарабсанки, ҳеч қанақа иш қилмасдан туриб, мулло жирингни олиб юраверасан! 
− Наҳотки?! – ҳайрон бўлди Таваккал. – Лекин шифохонадаги доктор жуда эзма одам! Мен ундан қандай қилиб сиз айтган маълумотномани оламан?! Таниш-билишим бўлмаса?!
− Э, ўйлама буларни! Мана, мени бориб айтгин ўша докторингга. Бир зумда қилиб беради. Фақат...
− Нима фақат?! Муаммо борми?! – ҳайрон бўлиб сўради Таваккал.
− Фақат озгина ҳаражати бор! Менга эмас қўрқма, ўша танишимга! Ўзингдан қолар гап йўқ, ҳозир мушук ҳам текинга офтобга чиқмайди ука! Ҳалиги гап бўларди-ку, ҳаражатсиз ҳаракат − нол деган...
 Хуллас улар ўша куни келишиб олишди. Таваккал айнан шу бугунга ўша маълумотномани Умид акасига етказиши керак. Аммо вақт ўтиб боряпти, келишилган вақт тобора яқинлашмоқда...
− Навбат катта-ку! – деди чол тамакини ерга ташлаб.
− А?! – ҳаёли бузилди Таваккални. – Ҳа, бугун навбат кўп. Келиб-келиб шу бугун...
− Жуда зарурми дейман?! – савол берди чол.
  Таваккал боядан бери сўроқ қилаётган бу одамга энди жиддийроқ назар ташлади. Оддий, эскича услубда кийинган бир чол. Юзига қараб миллатини аниқлаб бўлмайди. Тили ҳам ўзбекчага қийналади. Соч-соқоли оқ. Бошида яғир телпак. Эҳтимол, ёмғир ёғади деб ўйлаган чоғи, соябони ҳам турибди. 
  Шу тоб, Таваккалнинг кўзи чолнинг чап қўли йўқ кийимига тушиб, ғалати бўлиб кетди.
  Буни чолнинг ўзи ҳам сезди шекилли, ним табассум билан изоҳ берди:
− Бу, ўз айбим! Анча йил бўлди йўқотганимга...
− Урушга борганмисиз? – савол берди Таваккал қизиқиб.
− Йўқ, мен урушдан кейин туғилганман! Бу шунчаки бир фалокат! Ўзимнинг аҳмоқлигим...
− Тушунарли. Агар истамасингиз гапириб беришга мажбур эмассиз.
 Чол яна мийиғида кулиб қўйди. Сўнг Таваккалдан яна бир тамаки сўраб, тутатиб олди-да, гапиришни бошлади.
− Ўша йиллари худди сендек бир йигит эдим. Қўлимда балодек ҳунарим, оилам, болаларим бор эди. Лекин ҳар қанча уринмай рўзғоримда барака бўлмасди. Йўқ, мен кўп ичкиликка берилганимдан эмас, шунчаки ойлигим камлик қиларди. – Оғзидан тутун чиқара бошлади чол. – Лекин гап унда ҳам эмас. Менга нимадир етмасди. Қўшнимнинг болалари ҳар куни циркка, паркка, ва яна «комсомол» лагерларига бориб, мазза қилиб дам олишарди. Сен у пайтларни билмайсан. Пули борнинг ошиғи олчи, тагида «Волга» бўларди. Мен ишлайдиган идора директори ҳар куни ишдан кейин уйида зиёфат берарди. Афсуски, ҳамма ҳам боролмасди унга. Мени-ку, бир мартта ҳам чақирмаган. Хуллас, пули бор одамлар чет-элларни кезишар, «қрим»да дам олишар, қора денгизга бориб, мазза қилиб роҳат чиқаришарди. Менчи?! Топган юз сўм ойлигим ўзимдан ортмасди. Тўғри, шароитимиз у қадар ёмон бўлмаган, нолимайман! Еб-ичишда камчилик йўқ эди, бироқ менга нимадир, масалан «япон радиоси»ми, ё «болгар табакаси»ми, хуллас бир нима етишмасди. Оҳ, у вақтларда ақчанг кўп бўлса, «ГДР» меҳмонхоналарида мазза қилиб яшаса бўларди...
− Кечирасиз, ўша пайтларни бувимлар яхши хотирлайди. Тушлик ҳам, маош ҳам зўр бўлган дейди ахир! – деди Таваккал тамаки қолдиғини эзғилаб.
− Ҳа, у пайтда зўр эди тушлик. «первий», «второй» деган нарсалар бўларди. Компотми, шарбатми, чойми, хуллас ҳаммасидан бор эди. Йўқ, мен бундан нолимайман. Ҳаётимиз зўр эди. Аммо... – тутилиб қолди чол.
− Нима?! 
− Биласанми, менинг кўзим очлиги ўз бошимга етган ўғлим! Хуллас, бир куни менинг ҳам идорамиз директоридек яшагим келиб қолди. Кундан кун ишга бўлган шаштим сўниб борди ва алалоқибат бу нарса мени бир жиноятга ундади! – тамакини улоқтирди чол.
− Жиноят?! – ҳайрон бўлди Таваккал.
− Ҳа, ўйламай қилганман буни! Бир лаънати шифокор билан тасодифан танишиб қолдим. Кейин нима ҳам бўлди-ю, ўртамиздаги муносабат илиқлаша бошлади. У билан бир-икки марта ҳуфиёна учрашганман ҳам. Хотиним сезмаган. Хуллас, ўша ялмоғиз менга сохта ногиронлик очишни маслаҳат бериб қолди. Мен бошида кўнмадим. У вақтда буни қилиш осон иш эмасди. Нақд калланг кетарди...Аммо, у мени шу қадар қаттиқ ишонтирдики, охири ушбу қабиҳ ишга қандай рози бўлганимни ўзим ҳам билмай қолдим! У бир ой деганда менга нафақа пули очиб берди. У пайтлари нафақа катта эди. Манаман деган директорлар ҳам бу пулни орзу қиларди. Хуллас, мен соппа-соғ одам, давлатнинг пулини текинга еб, кун ўтказа бошладим. Бир икки мартта меҳмонхоналарда, «ялта»ларда дам олдим. Ўзим севган жойларга бордим. Ўша лаънати шифокорга сохта эр ҳам бўлдим. Бу орада оиламдагилар мендан совий бошлади. Хотиним бу юришимни сезиб қолди чоғи, болаларни кўтариб, «Казан»га учиб кетди. Мен ўша шифокор билан қолишга мажбур бўлдим. Биз кўп яшамадик. То мана шу қўлимдан айрилмагунимча, у мен билан эди. Шу мудҳиш воқеа юз берди-ю, мени ташлаб бошқасини топиб олди ярамас...
  Таваккалнинг ҳуши учиб, эти музлай бошлади. Гўё, бу нотаниш чолнинг ҳикоясида ўзи ҳам бордек, бир қалқиб тушди. Худди чол бу гапларни атайлаб айтаётгандек эди.
− Кечирасиз, − савол берди Таваккал яна, − қўлингизни қандай йўқотгансиз?!
− Буни тарихи узун ўғлим! – бош чайқади чол. – Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, автоҳалокатга учраганман! Катта юк машинаси мен ўтирган «Жигули»ни ёнидан урган...Ҳали ҳам, тирик қолганимга хурсандман. Ҳаммаси адолатли бўлди. Қинғир ишим, ўз бошимга етди ўғлим!
− Афсус... – жимиб қолди Таваккал. – Жуда ёмон иш бўлибди! Лекин, бунақа фирибгарлар ҳозир ҳам бор, лекин сизга ўхшаб қолганини эшитмаганман...
− Тўғри, − тасдиқлади чол, − ҳали ҳам бор бунақа маразлар! Аммо билиб қўй, бир кунмас бир кун улар бу ҳаром ишлари учун албатта жавоб беришади...
   Шу пайт шифохона йўлаги деразасидан бир аёл қичқира бошлади:
− Қирқ биринчи! Ким қирқ биринчи?! Борми ўзи?!
  Таваккал секин ўрнидан туриб, аста кетмоқчи бўлди. Бироқ унга қараб турган чолнинг нигоҳларига дош беролмай, бир муддат қаққайиб туриб қолди.
− Сизни бу ҳолга тушишингизга эҳтимол бошқа нарса сабаб бўлгандир жаноб?! – савол берди у чолга қараб.
− Мен бундай деб ҳисобламайман! – деди чол қатъий оҳангда. – Бир нарсани унутма ўғлим, ёмонлик ҳеч қачон жавобсиз қолмайди! Мен шу ёшга етиб буни англаб етдим. Одамзод феъли қизиқ: қилаётган иши гуноҳ эканлигини билади-ю, аммо қабиҳ йўлидан асло қайтмайди! Ўғлим! – ялинганнамо оҳангда деди чол. – Бир гапимни унутма! Балки маслаҳат деб қабул қиларсан. Нима қилсанг ҳам бу сенинг ишинг...Жиноят жавобсиз қолмайди! Тўғри, ҳозир айрим қаллоблар, давлатнинг, халқнинг пулини еб маишатларда, лаззат ва фароғатларда юрган бўлиши мумкин, аммо бари бир кун келиб тугайди! Бу ҳаётда жазо олмасалар, ҳақиқий синов олдинда болам! Ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ! Танлаш ўзингдан...
  Таваккал бир муддат жим қолди. Ичкаридаги аёл унинг рақамини айтиб чақиравергач, секин олға қадам ташлади.
− Инсон, бу ҳаётга бир марта келади! Бу ҳаётда фириб йўли билан ўлмай юрганлар кўп жаноб! Ҳаммаси ҳам азоб чекаётгани йўқ... – Таваккал шундай деганича ичкарига кириб кетди. Бироз ўтиб эса бир қўлида қандайдир бир вароқни кўтарганича таксига ўтириб, кўздан ғойиб бўлди. Чол эса худди боягидек қандай пайдо бўлган бўлса, шундай кўздан йўқолди...
***
  Бироз ўтиб шаҳар кўчаларининг бирида даҳшатли автоҳалокат юз берди. Бир мижозни олган такси машинаси, бетон тўсиққа урилиб, чилпарчин бўлиб кетди. Воқеа жойига одам йиғилди. Жабрланганларни зудлик билан касалхонага юборишди. Энг қизиғи, ҳайдовчи мўъжиза сабаб омон қолган, аммо иккинчи жабрланган киши оламдан кўз юмганди. Унинг ёнидан қандайдир маълумотнома топилганини эшитган одамлар тилидан эса қуйидаги сўзлар янгради:
− Эссиз, бечора йигит, эндигина йигирма олтига чиққан экан... Қаранг, бечора йигит касалманд эмиш! Худо ҳам шунақа ожиз ва бегуноҳ бандаларини бунча хунук олмаса?!
                                                                                                   
Шерзод  ҲАЙДАРБЕКОВ

  Муаллиф ҳақида:
    Шерзод Ҳайдарбеков  - 1999 йил 29 ноябрда Тошкент шаҳрида  туғилган. 
  2015 йили Тошкент шаҳар Яшнобод туман, 206-умумтаълим мактабини битириб, Чилонзор туманидаги 2-Тошкент ҳуқуқшунослик коллежига ўқишга кирган ва 2018-йили тамомлаган.  "Юрт келажаги иқтидорли ёшлар танлови - 2016" кўрик-танловида «Наср» йўналиши бўйича совриндор бўлган.        
 Мистик, детектив, триллер йўналишидаги  ҳикоялари 2016 йилдан бери турли нашрларда чиққан. Жумладан, «Ҳордиқ», «7 мўъжиза», «Жамият», «Оила даврасида» каби газеталарда эълон қилинган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот