Вақт инсоннинг энг қимматбаҳо бойлиги экан. Одам буни умрининг маълум муддати ўтиб, ёши улғайган сайин теранроқ англаб боравераркан. Балки шу сабабдандир, ақл-идроки тўлишган кишилар учун фурсат жуда тез ўтаётгандай, ўзлари эса бу шошқин вақт издиҳомида бирон арзирли, залворли юмушни қилишга улгуролмай қоладигандек туюлавераркан.
Кейинги пайтлар иш ҳам қайнаб чиқаяптими, нима бало, бундай бемалол ўтириш у ёқда турсин, агар таъбир жоиз бўлса, бош қашишга фурсат топиш мушкуллашиб бораяпти. Эрталабдан кечгача иш, иш ва яна иш. Абдунаби баъзан ўз-ўзига ҳазиллашиб қўйишга ҳам уринарди: “Хайриятки, “иш”, “иҳ”эмас, мабодо шундай бўлгандами...”
Ҳар қалай, нолиса ношукрчилик бўлар, бир пайтлар ҳисобчиликка ўқиб қўйгани яхши бўлган экан. Жамиятда бозор иқтисодиёти талаблари устуворлик касб эта борган сайин бундай соҳа мутахассисларига талаб кучайиб бораяпти.
Дунёда ҳеч ўзини иқтидорсиз санамайди, дейишади. Худди шунга ўхшаб, фуқароларнинг деярли барчаси ўзини энг камида уқувли тадбиркор ҳисоблайди. Бундай одамлар эса, табиийки, ишбилармонликка ўзини уради.
Хуллас, қаёққа қараманг МЧЖ, ОАЖ, ЁҲЖ... Бундай ҳуқуқий мақомдаги ташкилотларнинг ҳамма-ҳаммасига ҳисобчи керак! Ахир ҳисоб-китобсиз иш юритиб бўладими? Айнан шу боисдан Абдунаби бундай ташкилотларнинг бир эмас, бир нечтасида ҳисобчилик қилади.
Бироқ Абдунаби бир нарсада жуда пишиқ-пухта ва ҳеч қачон бу принципидан ортга чекинмайди. Яъни у бирон ташкилотга расман, ҳисоботларга имзо қўядиган ҳисобчи бўлиб ўтса, ҳар бир тийинни, ҳар бир майда кирим-чиқимни ҳам эринмай назорат қилади. Мабодо бирон шартномада ва ҳаттоки юк хатида озгина камчилик кўриб қолса ҳам чораклик ҳисоботни имзоламай тураверади. Охири ноилож қолган раҳбар тўнғиллай-тўнғиллай ушбу камчиликни бартараф этади.
Авваллари Абдунаби ташкилотларнинг ҳар бирининг икки қучоқ ҳисоботини ҳар ойда қўлтиғига қисганча солиқ идорасига, турли жамғармаларга, банкларга, биржаларга югургани-югурган эди. Хайрият, бу соҳада катта енгилликлар яратилиб, ҳисоботлар энди ҳар чоракда бир марта топшириладиган бўлди.
Аммо бундай имтиёз масъулиятнинг сусайишига олиб келмаслиги керак, деб ҳисоблайди Абдунаби. Шу сабабли ўзи расман бош ҳисобчи бўлиб ишлаётган ташкилотда ҳам, ҳисоботларини тайёрлаб бериб, нақд пул оладиган ёки ўриндошлик йўли билан ишлайдиган муассасаларида ҳам ҳужжатларни эринмай текширгани-текширган.
Ишқилиб, Абдунаби ҳар куни эрталаб ишга кетиб, уйга қоронғу тушганда қайтиб келади.
Абдунаби озгина ирим-сиримларга ишониш одати бор. Шунгами, кўз тегиб қолишидан қўрқиб, ўзининг қаерларда ишлашини қўни-қўшниларга айтавермайди. Бунинг устига вақти тиғизлиги боис, тўрт хонали уйга кўчиб келганига олти ойга яқинлашиб қолганига қарамай, ҳамсоялар билан бундай яқиндан танишиб ҳам улгурмади.
Тўғри, бир ойда бир марта эркак қўшнилар алоҳида, аёл қўшнилар алоҳида “гап” ўйнаши хусусида эр-хотин эшитишди. Лекин, Абдунаби бу тадбирга унчалик рўйхўшлик билдирмади. Унинг назарида, ўнта эркакнинг бир хонагами, чойхонагами йиғилиб олиб, ароқхўрлик ва ошхўрлик қилиши вақтни ҳавога совуришдан бошқа нарса эмасди.
Эрининг пешонаси тиришганини кўрган Зуҳра ҳам қўшни аёлларга аниқ бир жавоб айтишдан андиша қилди. Устига-устак, Зуҳра ҳамон аввал ўқитувчилик қилган мактабига, деярли олти бекат наридаги қўшни мавзега қатнаб ишлар, кўп вақти йўлга кетаётгани учун уйга чарчаб-ҳориб қайтарди.
Ҳар қанча вақти тиғиз бўлмасин, ҳар қалай, Абдунаби рўзғорга қараш учун озроқ вақт топишнинг эвини қиларди. Чунончи, янги уйига у қалин темир эшик, учинчи қаватда бўлишларига қарамасдан, айвонга, барча деразаларга қора рангга бўялган, нақшинкор пўлат панжаралар ўрнаттирди.
— Бу ваҳимали панжараларингиз уйни худди қамоқхонага ўхшатиб қўяркан, — деб қолди бир куни Зуҳра. — Учинчи қаватга бу силлиқ девордан нинза-пинзами, ўргимчак одамми чиқмаса, бошқа тирик жон кўтарилолмас.
Ҳисобот қоғозларини варақлаб ўтирган Абдунаби одатига кўра пешонасини тириштириб, аммо сал оғринган оҳангда жавоб қайтарди:
— Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма. Ҳали эшикка секретний қулф ҳам қўйдираман.
Дарҳақиқат, Абдунаби айтганини қилди. Ўзиям унча-мунча одам ўрнатолмайдиган инглизча қулф олиб келиб, зўр арман бир устасини топиб келиб, эшикка ўрнаттирди.
Шу билан қалин темир эшикда учта қулф бўлди.
Эр-хотин иккита фразандни катта қилишмоқда. Олимжон беш ёшда, кичкинтой Наргиза эса учга кирди. Иккала болакай ҳам ҳали-ҳамон оналари ишлайдиган мактаб ёнида бўлган эски боғчага қатнашади.
Зуҳра бир-икки марта болаларни уй яқинидаги боғчага жойлаштирмоқчи бўлди, аммо аксига олиб, бу иш билан шуғулланишга, югур-югурларга вақт тополмади. Шу сабабли сал қийналиб бўлса-да, ўқув йили тугагунча кутишга қарор қилди.
Фалокат эса ҳамишагидай мутлақо кутилмаганда содир бўлди.
Шанба куни боғчада грипп туфайли карантин эълон қилинган экан.
Зуҳра одатдагидай соат етти яримда мактабга жўнаши керак.
Бир фурсат давом этган оилавий маслаҳат жанжал билан якунланишига сал қолди.
— Эртага мен бир эмас, иккита фирманинг квартал отчётини тайёрлашим керак, — дерди Абдунаби бўғилиб. — Шунга келишиб қўйганмиз. Фирмаларнинг раҳбарлари атайин келиб, офисларида мени кутиб туришади. Уларга ваъда бериб қўйганман.
— Мен-чи, мен ўйнаб юрибманми? — куйиниб эътироз билдирди Зуҳра. — Эртага иккита болам шаҳар олимпиадасида қатнашади. Ўзим бориб турмасам бўлмайди. Болаларга ваъда бериб қўйганман, ахир.
Хуллас, эр ҳам, хотин ҳам ишдан қолишни исташмади. Ниҳоят ҳов бир галгидай йўл тутишга қарор қилишди. Ўшанда қандайдир байрам муносабати билан иш куни кўчирилганда ҳам боғча ишламай қолганди. Эр-хотиннинг иши эса ҳамишагидай қисталанг эди. Ахийри ҳали пишиллаб ухлаб ётган Олимжон билан Наргизани уйда қолдиришиб, эр-хотин шоша-пиша ишга кетишган. Буни қарангки, ўшанда Зуҳра бир соат дарс ўтгач, мактабидан жавоб олиб келган ва иккала болакайининг ҳамон фаришталардай беғубор ҳолда ухлаб ётишганини кўрган эди.
Аммо эртага...
Ахийри Абдунаби керакли ҳужжатларни олиб келиб, ҳисоботларни уйда тайёрлайдиган бўлди. Бунга узоғи билан икки-уч соат кетади. Демак, соат ўн бирларда эр уйда бўлади. Ходо хоҳласа, бу пайтгача болалар ухлаб ётган бўлишади.
Шунга келишишди.
Қовоғи тушиб кетган Абдунаби эрталаб нонушта ҳам қилмади. У ҳеч бўлмаса ҳисобот бланкаларининг муассаса номи, манзили, ҳуқуқий манзили ва раҳбарларининг исм-шарифлари ёзиладиган жойларни тўлдириб қўйишга, шу йўл билан вақтдан ютишга уринарди.
Шоша-пиша бир пиёла чойини ичган Зуҳра чопқиллаб мактабга кетди.
Абдунаби ҳисобот бланкаларини иш сумкасига соларкан, стул суянчиғида осиғлиқ турган кўйлаги ёқаси сал ғижимланганлигига эътибор берди.
— Шу камиди... — дея тўнғиллаб қўйди у.
Бу бежиз эмасди. Абдунаби ҳисоботини тайёрлаб берадиган фирма раҳбари ҳамиша қордай оқ ёқали кўйлакда ва албатта қизил бўйинбоғ тақиб юрар, ходимларидан ҳам шуни талаб қиларди.
Хаёлида ҳамон ҳисобот рақамлари бўлган Абдунаби паришон бир аҳволда ерга оқ чойшаб тўшагач, шифонüер тепасида турган дазмолни олиб, симини розеткага тиқди-да, шу алфозда бир муддат ўйланиб қолди. У ҳамон ҳисобот учун жуда зарур бўлган бир рақамни эслашга уринарди.
Бу орада дазмол сал қизиди. Абдунаби сира хотирасига келмаётган ўша рақамни зўр бериб эслашга уринган кўйи кўйлаги ёқасини дазмоллади. Сўнг яна шу ҳолатда кўйлагини, костюмини кийди, бўйинбоғини тақди-да, сумкасини олган кўйи болаларни уйғотиб юбормаслик учун оёқ учида юрган кўйи йўлакка, ундан эса эшикни оҳиста очиб, ташқарига чиқди.
Абдунаби аввал ёғоч эшикнинг битта қулфини бекитди, кейин эса темир эшикни оҳиста ёпиб, бирин-кетин учта қулфни ҳам қулфлади. Яхшиямки, ўхшатиб мойланган қулфлар овоз чиқармайди, акс ҳолда болалар уйғониб қолиши мумкин.
Абдунаби ҳамон ўша сира эсига келмаётган лаънати рақамни ўйлаган кўйи кўчага чопиб чиқди ва дуч келган биринчи енгил машинага қўл кўтарди.
Абдунаби таксида кетаркан, яна ўша рақамни ёдига олишга уринди. Аммо, ажабки, унинг кўнгли тобора ғаш бўлиб борарди. Худди жуда муҳим бир нарсани унутгандай. Абдунаби аввалига буни ўша муҳим рақамни эслай олмаётганига йўйди, аммо бундай деса, бурунлари ҳам бир-икки маротаба зарур рақам ёки кўрсаткични ёддан ичқариб қўйган бўлса-да, дили бу қадар ғаш бўлмасди. Гўё жуда-жуда муҳим бир нарса ёдидан чиққандай...
Абдунаби ўз ҳолатидан ўзи ажаблангандек ортга, олисда қолган уйи томонга бир-икки қараб қўйди.
Бу пайтда эса...
Ётоқхонадан енгил тутун кўтарилмоқда эди.
Хаёли паришон Абдунаби дазмолни чойшаб устида, ёқиғлик ҳолатида ёддан чиқариб қолдирган экан.
Тутун аста-секин кўпая борди.
Аввал қизариб, сўнг қорая бошлаган чойшаб ўрни ногаҳон “пов” этиб аланга олди...
Ўт аввал гиламга, ундан линолеумга ўтди.
Хонани қоплаётган қуюқ тутун қўшни хоналарга сизиб кирди.
Деразалар тақа-тақ берк эди.
Димоғига аччиқ тутун иси кирган Олимжон ётган жойида бир-икки тўлғанди, охири ҳеч бўлмагач, аста кўзларини очди ва бўғилган аҳволда устидаги кўрпачасини тепиб ташларкан, одатига кўра:
— Ойи... — деб чақирди.
Аммо ҳеч қандай жавоб бўлмади.
Кўзлари ачиша бошлаган Олимжон аста ўрнидан турди ва ҳамон уйқусираган кўйи, сал гандираклаб бориб ўзлари ётган болалар хонаси эшигини очди.
Болакайнинг юзига гуп этиб оловнинг қизғиш тиллари урилди...
Худди шу маҳал тутундан бўғилиб уйғониб кетган Наргизанинг ваҳима аралаш чириллаб йиғлаб юборгани эшитилди...
Олимжон бундан бирон ойлар чамаси бурун дадасининг:
— Уйнинг мендан кейинги каттаси ўзингсан, Олимтой, — деганини эслаб қолди. — Демак, синглинг билан ойингга сен ҳам жавобгарсан.
Ўша гапдан кейин Олимжон анча вақтгача уйнинг иккинчи катта одами сифатида гердайиб, ҳатто синглисига беписанд қараб юрган эди.
Ҳозир болакай нимагадир ўша гапни эслади.
Олов, шу баробарида аччиқ тутун ҳам кучаймоқда эди.
Олимжон аввал синглисининг ёнига қайтмоқчи бўлди, аммо бошқа бир ўй унга ота-онаси ошхонада ўтирибди, деди шекилли, болакай шу тарафга қараб чопди. Лекин ошхонада ҳеч ким йўқ. Тўғри, бу ерга ҳали олов етиб келмаган, тутун ҳам камроқ эди.
Олимжон шоша-пиша ортига қайтди ва ҳамон жойида чириллаб йиғлаётган синглисини бир амаллаб қўлидан ушлаб турғаздию, уни деярли судраб ошхонага олиб ўтди.
Хайрият, ошхонадан айвонга ўтиладиган эшик қия очиқ экан.
Қандайдир савқи табиий ҳисга бўйсунган болакай чирқиллаб йиғлаётган, ваҳимага тушган синглисини балконга судради.
Аммо айвон деразалари ҳам тақа-тақ берк эди.
Меҳмонхона даричаси орқали балконга ҳам аччиқ, қоп-қора, қуюқ тутун сизиб чиқа бошлади.
Энди ваҳимага тушган Олимжон ҳам додлаб юборди ва сингилчасини маҳкам қучоқлаб олди.
Ака-сингил бир-бирларини маҳкам қучганларича дод солиб йиғлашар, аммо балконнинг италия ромига қўйилган икки қаватли қалин ойнаси уларнинг овозини ютиб юборарди...
Худди шу маҳал ётоқхонадан гумбурлаган товуш эшитилди — дазмол портлаб кетган эди...
Одатига кўра ҳозиргина тикувчининг олдидан чиқиб келгандай гард юқмаган пўрим либосда, юмшоққина оромкурсида ястаниб ўтирган фирма раҳбари Баҳром ака Абдунабини илиқ кутиб олди.
Кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгшанларидан кейин Баҳром ака ҳисобчига қараб:
— Бугун сал машқингиз пастроқми, ука, — деб сўраб қолди ажабланган оҳангда. — Тинчликми?
Зеро, у Абдунабини мудом товонидан ўт чақнагудай ғайрати жўшиб турган ҳолда кўрарди-да.
Бу ҳақли саволдан ўзини ноқулай ҳис қилиб, қизариб кетган Абдунаби изоҳ беришга уринди:
— Ўзимам аниғини билмайман, ака. Нимагадир кўнглим ғаш. Худди муҳим бир нарсани унутиб қолдиргандайман.
— Отчёт бланкалари эмасми мабодо? — баттар ажабланиб сўради Баҳром ака.
— Э, йўқ, улар сумкамда. Мана...
Абдунаби ҳисобот бланкаларини ола бошлади.
Баҳром ака сал энгашди ва ёнбош тарафидаги журнал столи устида турган “Тефал” электр чойнаги тугмачасини босди.
— Бўлмаса аввал бир пиёладан аччиққина кўк чой ичиб олайлик-чи...
Ҳисобот бланкаларини узатаётган чоғида Баҳром акага қараб қолган Абдунаби тўсатдан илон чаққандек ўрнидан сапчиб туриб кетди ва кўзлари ола-кула бўлганча, ранги қув оқариб жон ҳолатда:
— Дазмол! — деб бақириб юборди.
Чўчиб кетган Баҳром ака унга анграйиб қаради.
— Дазмолни ўчиришни унутибман!
Абдунаби қоғозни столга отиб юборган кўйи стуллар қоқилиб-суринганча ташқарига қараб чопди.
Ўрнидан ирғиб турган Баҳром ака унга аранг етиб оларкан, ҳарсиллаб:
— Менда... машина бор! — дея олди. — Уйда... кўп нарса бормиди?
— Нарсаларнинг онасини!.— бўкириб юборди Абдунаби. — Уйда иккита болам бор, ака, иккита болам!
Пешонасига совуқ тер тошган Баҳром ака чўнтагидан калитни чиқараола, шоша-пиша бир тугмачани босди:
— Чопдик! Мингга қўйиб ҳайдайман машинани!..
Пенсияга чиққан одамда бекорчиликдан бошқа нима иш ҳам бўларди. Айрим газеталарда ёзишганидай, беш йилдан буён “қарилик гаштини сураётган” Дилшод ота қуйи қаватда нимадир портлаганини эшитгандай бўлди.
Отанинг авзойи бузилди.
— Яна пақиллоқни бошлашибдими, азаматлар, — дея ўзича норози тарзда ғудраниб қўйди.
Аммо бир ҳолат — пақиллоқнинг уйда портлагандай эшитилгани отахонга ғалати туюлди.
— Болалардан биронтаси шу қилиқни қилдимикин... — дея яна ўзига ўзи овоз чиқариб гапирди отахон.
Лекин зийрак Дилшод ота пастдаги, кўпчиликка унчалик қўшилавермайдиган қўшнининг болалари ҳали пақилдоқ отишга ёшлик қилишини эслади. Айнан шу ҳол отахоннинг шубҳасини оширди.
Дилшод ота аста ўрнидан турди, шошилмасдан подъезд йўлагига чиқди ва бир муддат бўйнини чўзиб қуйи қаватга қулоғини тутибю турди. Лекин пастдан ҳеч қандай товуш эшитилмади.
Дилшод ота бир кўнгли уйга қайтиб кириб кетай деди, аммо ҳар эҳтимолга қарши хабар олиб қўйсам яхши бўларди, деган ўйда зиналарни бир-бир босиб пастга тушди.
Йўлак жим-жим эди.
Дилшод ота қўлоғини темир эшикни қоплаган дерматинга тутди.
Ичкаридан бир сас эшитилмади. Зеро, икки қаватли эшик ичкаридаги барча шовқинни ютиб юборган эди...
Дилшод ота энди ортга қайтмоқчи бўлиб қайрилган жойида тўхтаб қолди. Отахоннинг димоғига ачимсиқ тутун иси урилгандай бўлганди.
Дилшод ота бир зум иккиланиб туриб қолгач, эшик қўнғироғини устма-уст босди.
Олов ва тутундан қочиб, балкон бурчагига тиқилиб олганча, бир-бирини маҳкам қучиб олиб, зор-зор йиғлаётган ака-сингил мана шу қўнғироқ товушини эшитишди.
Олимжон ўзига ёпишиб олган синглисини судраганча жон ҳолатда эшик томон интилди. Аммо ошхона аллақачон қуюқ тутунга тўлган, ундан ўтишни хаёл қилмаса ҳам бўларди.
Эшик қўнғироғи яна устма-уст жиринглади.
Бир муддатдан сўнг атрофга жонсарак аланглаган Олимжон бир литрлик шиша банкани кўриб қолди. Болакай банкани олдию, бор кучи билан балкон деразасига улоқтирди.
Лекин нимжон боланинг кучи нимага ҳам етарди. Банки чил-чил синди, аммо ойна ҳаттоки чизилмади ҳам...
Ичкаридан жавоб бўлавермаган Дилшод ота ажабланиб, бир-икки ғўлдираб қўйди-да, пастга тушиб, кўчага чиқди ва учинчи қават балкони деразаларига диққат билан разм солди.
Кексалик ўз ишини қилган, отахоннинг кўзларини у қадар ўткир эмасди. Шунга қарамасдан, Дилшод ота дераза ортида “ярқ” этган олов тилини, энг асосийси эса ойнага бир нима келиб урилганини кўргандай бўлди... Ким билади, балки унга шундай туюлгандир, балки ичкарида ростдан ҳам кимдир бордир...
Юраги орқасига тортиб кетган ота шоша-пиша яна ўз уйига, тўртинчи қаватга кўтариларкан, зўр бериб нима қилишни ўйларди.
Ота кўп нарсадан хабардор, янгиликлардан воқиф инсон эди. Ҳозир ҳам яқинда телевизор орқали фавқулодда вазиятларда одамларга ёрдамга келадиган ходимлар ҳақида кўрсатув бўлганлигини эслаб қолди. Отанинг ўткир ақли телефон рақамини ҳам эслаб қолганди: 050.
Дилшод ота уйига отилиб кирасола телефонга ёпишди...
Дилшод ота фавқулодда вазиятлар вазирлиги тасарруфидаги идорага қўнғироқ қилганидан сўнггина ўт ўчирувчиларни ҳамда милицияни бу воқеадан огоҳ этди.
Шундан кейин отахон шоша-пиша яна қайтиб пастга тушди.
Худо шоҳид, дастлабки қўнғироқ билан пастга қайтиб тушишнинг орасида кўпи билан ўн-ўн икки дақиқа ўтгандир.
Дилшод ота бошқа қўни-қўшниларни ҳам бу воқеадан огоҳ этмоқчи эди, аммо улгуролмади.
Зеро, отахон пастга қайтиб тушганида аллақачон махсус сиренали хизмат машинасида фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ходимлари етиб келишганди-да.
Дилшод ота бу қадар тезкорликка ҳайратланганиниизҳор қилишга ҳам улгуролмади.
Тезкор ходимлардан иккитаси зудликда учинчи қаватга кўтарилишди. Улар олиб келган ажойиб аппарат қалин темир эшикни худди ёғни кесаётган пичоқдай осонлик билан кесиб ташлади!
Ёғоч эшик ҳам худди шундай осонлик билан очилди.
Эшик очилган заҳоти оч олов гувиллаб ташқарига отилди. Аммо махсус кийимдаги ходимлар эсанкираб қолишмади. Улар ичкарига отилишди.
Худди шу маҳал бу тезкор, жасур йигитларнинг иккинчи гуруҳи учинчи қаватнинг балконига кўтарилишиб, панжарани қирқишиб, ичкариги киришди ва ҳушдан кетаёзган ака-сингилни қутқариб қолишди.
Болаларни қутқариб олиш операциясига бор-йўғи икки-уч дақиқа сарфланди, холос.
Ана шундан кейин йигитлар оловга қарши курашни бошлаб юбордилар...
Қўни-қўшнилар болаларнинг ота-онасига хабар беришга шошишди. Аммо уларнинг биронтаси на Абдунабининг, на Зуҳранинг аниқ қаерда ишлашини, на хизмат телефонини билишарди...
Айвондан қора тутун бурқсиб чиқаётган уй ёнига оқ рангли “Нексия” жуда катта тезликда етиб келиб, чийиллаб томоз бериб тўхтади.
Машинадан отилиб тушган Абдунаби жон ҳолатда уй томонга отилди.
Абдунаби иккита йигит ктариб келаётган болаларини кўрдию, дунё кўзига тор кўринганча дод солиб юборди.
Олимжон ҳам, Наргиза ҳам қора қурумга ботишган, қизалоқ ҳушидан кетган эди. Йигитлар болаларни “Тез ёрдам” машинасида етиб келган шифокорларга олиб боришаётган экан.
Шифокорлар тибий текширувдан ўтказишгач, ҳар иккала болани касалхонага олиб кетишди. Тинмай ҳўнг-ҳўнг йиғлаётган, болаларини опичлаб олишга уринаётган Абдунаби ҳам машинага чиқди. Шу маҳал уйга етиб келган Зуҳра эса вазиятни кўрдию, ҳушдан кетиб йиқилди.
Хайрият, қутқарувчилар ўз вақтида улгуришган экан — болаларнинг ўпка ва ошқозони ҳали заҳарли тутунга тўлиб улгурмаган экан.
Хуллас, болалар омон қолишди.
“Уйнинг иккинчи каттаси” бўлган Олимжонга икки кундан кейин, Наргизага эса тўрт кундан кейин жавоб беришди.
Ниҳоят болалари омон қолганини идрок этиб, сал ўзига келган Абдунаби кўзларида ёш билан фавқулодда вазиятлар ходимлари шаънига раҳмат айтиб чарчамасди.
Абдунаби яна бир халоскори бўлган Дилшод ота билан жуда қалин бўлиб кетди. Энди улар кунда-кунора бир-бирлариникига меҳмондорчиликка ҳам чиқиб туришибди.
Қизи ҳам шифохонадан чиққач, ҳаяжонланиб кетган Абдунаби икки пакет совға-салом кўтариб фарзандларини қутқариб қолган йигитлар ёнига борди. Аммо йигитлар совға-саломларни олишмади. Улар илжайган кўйи:
— Бу бизнинг бурчимиз, — дейишди. — Буларни эса болаларингизга беринг. Энг муҳими — уларни асранг. Бундан кейин ўзингиз ҳам, болаларингиз ҳам ҳеч қачон фавқулодда вазиятларга тушиб қолмангизлар...