* * *
Жанжал яна эрталабдан, нонушта маҳалидан бошланди.
— Дадаси... — деди зорланиб Холниса.
Акбарали аввалига ўзини эшитмаганга солиб кўришга уринди, ҳатто жон-жаҳди билан газета ўқиётгандай тутди.
Аммо Холниса бўш келадиган аёллардан эмас.
— Дадаси... — деди жувон бу сафар сал зардали оҳангда.
Бўрон бошланиб келаётганини англаган Акбарали оғир уф тортди ва ноилож хотинига ўгирилди.
Ана энди Холнисага Худо бериб қолди. Бирдан кўзлари жиққа ёшга тўлган жувон “қулт” этиб тупугини ютаркан, аламли оҳангда деди:
— Шунақа... Энди бу одам бизнинг гапларимизни эшитмайди... Ўзимизам ёқмай қолганмиз, сўзимизам...
Акбарали қўшни хонадаги Шерзод эшитиб қолмаслиги учун овозини пасайтириб деди:
— Нима дейсан? Яна ўша гапдир-да.
— Ҳа, ўша гап, — бирдан жаҳл билан ўшқирди Холниса. Сўнг кўз ёшларини тия олмай, бидиллаб кетди: — Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим қўшниларнинг дастидан. Кеча анави Салтанатга “Уйга сервант омоқчийдик”, десам, яшшамагур пихиллаб кулиб нима дейди денг?
Холниса эрига саволомуз қаради.
Акбарали аввал елка қисди, сўнг ўзига бақрайиб тикилиб қолган хотинидан сас чиқавермагач, сўрашга мажбур бўлди:
— Хўш, нима деди?
— Боплади, яшшамагур! Илоё оғзингдан қонинг келгур!..
— Хўш, нима деди? —бетоқатланиб сўради Акбарали.
— Ўл деди, дард деди! — авжини кучайтирди Холниса. Сўнг эриинг афти буришаётганини кўргач, дарҳол мақсадга кўчди: — “Мош сиғмаган орқангизга ловияни тиқиб нима қиласиз?” деди яшшамагур.
Акбарали ҳайрон қолди.
— Сервантга мошнинг нима алоқаси бор? — деди у ажабланиб.
Холниса эрига икки карра икки тўрт бўлишини тушунтираётгандек таъкидлаб, сўзларни чертиб-чертиб деди:
— Уйимизнинг торлигини айтди-да у яшшамагур! Ўзининг эри тўрт хонани эгаллаб олган. Сиз бўлсангиз, аммамнинг бузоғига ўхшаб...
— Бўлди! — деди бўғриқиб кетган Акбарали жаҳл билан. — Пластинкангни тўхтат! Ў бошқасини қўй.
— Нега тўхтатарканман?! — бобиллаб берди Холниса. — Ў гапи нотўғрими? Йўқ, тўппа-тўғри! Сиз менга жаҳл қилманг, дадаси, жаҳл қилманг. Ундан кўра ҳаммага кулгу бўлиб юрганимиз учун ўзингиз уялинг. Ахир қачонгача умримиз шу каталакда ўтади? Меҳмон чақиролмасак, ўзимиз эмин-эркин бировнкига боролмасак. Яна икки-уч йилдан кейин Шерзодингиз кап-катта бола бўлади. Билмайман, тўйни қаерда ўтказасиз...
Акбаралининг тили қичиди, аммо дарров ўзини босди. Зеро у ҳозир нима деса ҳам тор уйда яшайвериб, кенг-мўл уйни орзу қила-қила юрак-бағри сиқилиб кетган Холниса аламини тўкиб солиш учуноқ камида яна ярим-соат бақир-чақир қилиши, кейин эса хўрлиги келиб, роса йиғлаб-йиғлаб олиши аниқ эди.
“Аёлларга осон, — деб ўйларди шунақа пайтлари Акбарали. — Ҳеч бўлмаса кўз ёши тўкиб сал енгил тортиб олишади. Қийиндан бизга қийин...”
Дарҳақиқат, бундай чоғларда ташқаридан хотиржам кўринса-да, Акбарали сас чиқармай изтироб чекар, дилига қуйилаётган алам-изтироб, чорасизликдан қийналиш туйғулари эса аста-секин мадда бойлаб, юрагини сиқувга олаётган бўлса керакки, кейинги пайтларда йигитнинг юраги сиқадиган одат чиқарди.
Аммо Акбарали буни хотинига билдирмайди.
Ҳозир ҳам индамай, тез-тез кийинди-да, уйдан чиқиб кетишга шошилди.
Унинг ортидан Холниса шанғиллаб бақириб қолди:
— Эркакмисиз ўзи! Анов ишни ҳал қилиб келинг! Юраверасизми шалпайиб! Сизга ўхшаган одамларнинг уч-тўрттадан ҳовлиси бор. Биз бўлса...
Акбарали қадамини тезлаштирди.
Ниҳоят хотинининг қаҳрли овози эшитилмай қолгандан кейингина у устидан босиб турган юкдан халос бўлгандай сал енгил тортди. Аммо бу вақтинчалик ҳолат эди, холос. Зеро, орадан бир неча дақиқа ўтар-ўтмас ҳаммаси бошидан бошланади...
* * *
Ҳамма замонларда ҳам ишбилармон, тадбиркор, ўзини ўтга-чўққа уриб бўлса ҳамки турмушини фаровон этиб юрадиган, тегирмонга тушса бутун чиқадиган устомонлар қаторида бўш-баёв, борига қаноат қилиб яшайдиган, аммо эртанги кунга нисбатан умиди йўқотмайдиган фуқаролар ҳам бўлиб келган ва шундай бўлиб қоладиям.
Акбарали ўзини мана шундай оддий, камсуқум одамлар сафида кўрарди.
Бўлмаса вақтида институтни битирди, йўлланма билан заводга ишга келиб, тўрт йил қуюв цехида инженер бўлиб ишлаб ҳам берди.
Тан олиш керак, ўша пайтлари Акбарали заводда яхшигина маош оларди. Завод иш режасини бажарган тақдирда маошга қўшимча тарзда бериладиган ойлик мукофот пулининг ҳам чўғи баланд бўларди.
Бу орада тортинчоқ, камгап Акбарали керак пайтлари ишчилар билан бўралатиб сўкишинни ҳам сал-пал ўрганиб олди. Ой охирида, режа бажарилиши хавф остида маҳаллари эса ўзи рангли металл қайнаб ётган саккиз юз градусли печка ёнида чўмич кўтариб турди, зарур деталлар учун қолип ясашни ҳам балодайгина ўзлаштирди. Ҳолбуки, аввалига қуюқ металл биқирлаб қайнаб турган печка ёнига яқинлашишга чўчиб турарди. Ҳар қалай, одам қилган ишни одам қиларкан, кўз қўрқоқ, кўл эса ботир бўларкан.
Институтда олган назарий билимлари кўмак бердими, охир-оқибат ишчилар билан тил топишган Акбарали бир-иккита қўли гул қуювчилар ёрдамида айрим деталларни ярим тайёр металл шаклларни ўйиб ишлов бериб эмас, қуйиб тайёрлаш бўйича рационализаторлик таклифларини киритиб, уларни амалиётга жорий этиб, бунинг келадиган иқтисодий самара ҳисобига мукофот пули олишни ҳам уддалайдиган бўлди.
Ишқилиб, йигитнинг қўли пул кўра бошлади.
Йўлланма билан келган ёш мутахассисга завод ётоқхонасидан бир хонани ажратиб беришганди. Акбарали шу ерда яшар, ойда бир марта қишлоққа бориб, ота-онасидан, ака-сингилларидан хабар олиб қайтарди.
Ҳаёт энди шу тарзда давом этадигандек эди. Иш, ётоқхона, якшанба куни дам, душанбадан яна иш; ойда бир марта уйга бориб келиш...
Тўғри, заводнинг ўзида ҳам таъбир жоиз бўлса ҳаводан пул ясайдиган олғирлар топилиб турарди. Улар бир неча маротаба бирга ишлашга таклиф этишди, аммо Акбарали рўйхўшлик билдирмади. Айниқса дурадгорлик цехининг бошлиғи Акмал бир неча маротаба ҳатто ётоқхонага ҳам излаб келиб, ҳамкорликда бизнес қилишга чақирди. Акбарали кўнмади.
Бу орада замон ўзгариб кетди.
“Бозор иқтисодиёти” деган тушунча ҳаётга кириб келди.
Кўпчилик одам ўзини олди-сотдига урди.
Акбарали ўз жойида тинчгина ишлайверди. Унинг анча-мунча танишлари бу соҳада синиб, боридан ҳам айрилишди. Уларни кўриб, Акбарали бунақа ишларга аралашмагани учун ўзича шукроналар айтди. Тўғри, баъзи бир таниш-билишларининг омади келди. Улар тез орада янги машиналарда, қимматбаҳо либосларда ўзлари кўз-кўзлаб юрадиган бўлишди. Акбаралининг уларга ҳаваси келди, аммо олди-сотдини эпломаслигини ўйлаб, яна бунақа ишлардан ўзини олиб қочиб юрди.
Тез орада Акбарали уйланди.
Келин қишлоғидан. Истараси иссиққина, хушумуомала Холниса билан датлабки йиллари оилавий ётоқхонанинг каталакдек бир хонасида бахтиёр яшадалир. Қишлоқдан келган Холниса ётоқхонанинг шароитидан, айниқса бир жўмракдан иссиқ сув, иккинчисидан совуқ сув тинмай келишидан, умум ошхонада эса газ сира ўчмаслигидан ҳайратда эди.
Ўғилли бўлишди. Кейин қиз кўришди.
Вақт эса шувиллаб ўтиб бормоқда.
Ётоқхонани хусусийлаштиришди.
Акбарали ўзи яшаб турган хонани қонуний асосда хусусийлаштириб олди.
Ана шунда кўрди йигит айрим одамларнинг нақадар ишбилармон ва устомон эканлигини.
Акбарали торгина хонага эга бўлганига шукроналар айтиб юраверган экан. Устомонлар бўлса у қилишди-бу қилишди, керакли одамларни топишди, уларнинг кўнглини овлашди, ишқилиб, қисқа муддат ичида оилавий ётоқхонадан учтадан-тўрттадан хонани хусусийлашатириб олиб, деворлар билан ўраб, таъмирлаб, бинойидайгина уй қилиб олишди. Шундайлардан биттаси умумий ошхонани ҳам ўзиники қилиб олиб, дарров эшигини беркитиб, бильярдхона қилиб олгандан кейин Холниса овқатни эни-бўйи бир ярим метрлик балконда, электр плитада тайёрлайдиган бўлди.
Акмал-ку, бир юмалаб бошқача одамга айланди-қолди. Яъни қисқа вақт ичида ўзи ишлаган цехни хусусийлаштириб олди, бозорда кетадиган эшик-ромлаб ишлаб чиқара бошлади. Қарабсизки, икки йил ўтар-ўтмай Акмалбой катта ҳовлига ва гижинглаб турган хориж машинасига эга бўлди-қолди.
Буларнинг бари эр-хотиннинг кўз ўнгида содир бўлмоқдайди.
Хуллас, охир-оқибат шундай кун етиб келдики, ишсиз қолган Акбарали ноилож бир пайтлар ўзи бирга ишлаган таниши Акмалнинг хусусий мебел фабрикасида оддий ишчи бўлиб ишлай бошлади.
Алам қилмайдими? Қилади, албатта. Аммо на илож? Нари борса бурнини тишлар...
Икки бола билан бир хонали уйда яшашнинг азоби... Буни айниқса аёл киши кўпроқ ва чуқурроқ ҳис қилса керак.
Холнисага ҳам осон эмас. Айниқса оғзи шалоқ Салтанатга ўхшаш қўшнилар билан яшаш осон эмас. Ахир Салтанат қоп-қорагина, жуссаси ўзидан икки баробар кичкина эри Тоштемирни бурайвериб-бурайвериб, охири қўшнисининг икки хонали уйчасини ҳам сотиб олди ва мана энди тўрт хонали уйда маза қилиб яшаяпти. Хотин киши эса мақтанишга ўч бўлади. Айниқса бечораҳол кун кўраётган ҳамжинсини кўрганда Салтанатга ўхшаганлар ўзларини ушлаб туролмайдилар. “Акангизни бир бурагандим, — дея мақтанарди одатда Салтанат, — қош-кўзингдан садаға деб икки хонали уйни тўрт хонага айлантирдилар. Энди худо хоҳласа ер олиб, катта участка қурдирмоқчиман...”
Акбарали эса... Ўзининг уқувсизлигини ўйлаб эзилгани эзилган. “Одамлар пулни қаердан топаркин?..” деб ўйлайвериб ҳам адойи тамом бўлган... Бунинг устига тўнғичи Шерзоднинг ёшига олтига қараб бораяпти. Унинг қўлини ҳалоллаш керак. Тўй учун эса рисоладагидай бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаса эллик-олтмиш одам сиғадиган жой керак. Бир хонали каталагига эса бешта одам кирса, олтинчиси ташқарида туриб туриши керак бўлади... Ҳозир мактабга олти ёшдан олишади. Шошилиш керак, шошилиш...
* * *
Бу дунёдаги ҳар қандай янгиликни аёл зоти биринчи бўлиб эшитади. Бу ҳақ гап.
Дилхираликка бой кунларнинг бирида Холниса эрини анчайин илжайиб, кўзлари чақнаб, кўтаринки кайфиятда кутиб олди.
Бундай шодумонлик бежиз бўлмаслигига аллақачонлардан бошлаб ақли етиб қолган Акбаралининг юраги орқасига тортиб кетди. “Қарз кўтарган, — деган хаёлга борди у дастлаб. — Олгандаям яхшигина олган”.
Холниса эрига аччиқ чой дамлаб бергач, ҳамон лаб-лунжини йиғиштириб ололмаган кўйи “суюнчи олди”:
— Эшитдик, дадаси, эшитдик.
— Нимани? — ҳушёр тортди Акбарали.
— Шундай бозорнинг ёнгинасида янги банк очилибди. Уй қураётганларга қарз бераётганмиш.
Акбарали эслагандай бўлди. Дарҳақиқат, бозорнинг ёнидан муҳташам бир бино қисқа муддатда қурилиб, ишга тушганди. Адашмаса, ёнбошига “Ипотека банк” деб ёзиб қўйишганди.
Акбарали дарҳол ҳотинининг муддаосини тушунди. Шу сабабли элбурутдан унинг оловини ўчириб қўйиш мақсадида очиғига кўчди:
— Давлатдан қарз бўлиш ёмон, хотин...
Аммо эр гапини тугатолмади.
Бирдан кўзлари нафратдан чақчайиб, қовоқ-тумшуғи осилиб кетган Холниса ўшқириб берди:
— Бутун дунё қарз олиб яшайди, лекин охирзамон бўлмайди. Сиз қарз олсангиз тамом!
Акбарали яна ётиғи билан тушунтиришга уринди:
— Тамом-вассалом! Давлатданми, танишингизданми қарз олиб, участка сотиб олинг. Бўлмаса болаларимни етаклаб бораман-да, ўзимни кўприкдан ташлайман!..
Холниса шу сўзларни айтаётган маҳал унга қараб турган Акбарали чўчиб кетди. Илло, қаршисида тўрт қарич ошиқча жой илинжида эзилавериб тамом бўлган, қўйиб берса ўзини кўприкдан ташлашдан ҳам томймайдиган аёл турарди!
Акбарали беихтиёр завод яқинидаги катта кўчада қурилган янги кўприкни, унинг остидан ғизиллаб ўтиб турадиган машиналарни эсладию сесканди.
Эрнинг яна юраги симиллаб оғриб кетди.
Аммо буни хотинига сездирмади.
* * *
Бу бошланиши экан.
Холнисанинг ўй-фикрини янги уй, яна денг, бутун бошли ҳовли ташвиши эгаллаб олганди.
Аёлнинг назарида банкдагилар қучоқ очиб кутиб туришибдию, Акбарали шу томонга қараб юрса бас, югуриб чиқиб кутиб олишадигандек.
Олинажак ёинки қурилажак ҳовлини деб аёл ҳаммасига рози бўлди.
Аввал сира кўнмай, “Қарз олиб бўлсаям ўзимиз алоҳида тўй қиламиз, мени номусларда ўлдирманг!” дея оёқ тираб туриб юрган Холниса кутилмаганда мулойимгина бўлиб, Шерзоднинг суннат тўйини қайноғасининг болалари тўйига қўшиб юборишга розилик берди.
Кичкинагина тўй бўлиб ўтди.
Аммо Холниса нолимади.
Зеро аёл яқинда олинажак ёки қурилажак ҳовлисида ўғилчасининг катта тўйини барча таниш-билишларининг, собиқ қўни-қўшниларининг ҳавасини ва ҳасадини келтирадиган даражада ка-атта қилиб ўтказиш режасини тузиб қўйганди.
...Жувон қарз олиш лозимлигини эслатиб чарчамасди, Акбарали бўлса турли-туман баҳоналар билан бу кунни орқага суришни!
Ахийри бўлмади. Бир куни тонг саҳардан эрини уйғотган Холниса унга сал униққан бўлса-да, яхшилаб ювилган, ихлос билан дазмолланган котюм-шимини, оқ кўйлак ва бўйинбоғни тутаркан, ишонч билан:
— Бугун боринг! — деди. — Тушимда аён бўлди. Қарз олиб, икки қаватли данғиллама ҳовли қурибмиз.
— Ҳар жойнинг ҳам ўз эгалари бор, хотин, — яна ётиғи билан тушунтиришга уринди Акбарали. — Бегонага шунча пулни бериб юборадиган аҳмоқ йўқ. Қолаверса, фоизи ҳам фалон пул бўлади...
— Қанақа фоиз? — ҳайрон бўлиб сўради Холниса.
Акбаралига жон кирди.
— Суриштириб кўрдим, хотин, — деди у дарҳол. — Менам бекор юрганим йўқ. Йиллик фоизининг ўзи ўттиз олти экан.
— У нима дегани? — баттар ажабланди Холниса.
Акбарали судхўрликнинг моҳияти ҳақида бироз тушунча берган бўлди. Аммо дўст-душманнинг кўзини куйдирадиган янги данғиллама уй илинжида юрган аёл бу изоҳларни унчалик тушунмади.
— Авваллари қарз ол-да, хотин ол, хотин ёнга қолади дейишарди, — деди жувон қатъият билан. — Энди бу мақол ўзгарган. Энди қарз ол-да, уй сотиб ол, уй ёнга қолади, қарзни бир амаллаб қайтарасан, дейишади.
Акбарали яна куйиб-пишиб бир нималарни тушунтиришга уринди. Бефойда. Холниса бир гапни тўтиқушдай такрорлайверди:
— Одамлар олаяпти-ку...
Охири жиғибийрони чиққан Акбарали янги кийимларини кийдию, атрофида гирдикапалак бўлаётган хотинининг олқиш-дуолари остида шоша-пиша уйни тарк этди.
* * *
Акбарали бежиз хавотирланмаган экан.
Уй қуриш ёки сотиб олиш учун қарз ундиришнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари, елиб-югуриб тўғриланадиган бир қоп меъёрий ҳужжатлари бор экан.
Аммо энг асосийси — қиймати олинаётган қарз миқдоридан камида биру чорак баробар кўпроқ бўлган гаров мулки керак экан.
Акбаралида гаровга қўйишга арзирли мулкнинг ўзи йўқ эди. Мабодо бундай мулкни топган тақдирида ҳам, олган қарзини вақтида қайтаришга ишончи йўқ эди.
Акбарали “эрта... индин... кўрилаяпти... комиссия йиғилсин” деб яна бир-икки ойни амаллаб ўтказди. Бироқ Холнисанинг аҳволи тобора ёмон бўлиб бормоқдайди. Эрининг куракда турмайдиган баҳоналари эшитди дегунча лаблари пир-пир учиб, ранги кўкариб кетаётган жувон энди сира тилини тийиб туролмайдиган бўлиб қолганди.
Акбарали яхши гапириб ҳам кўрди, бақириб-чақирди ҳам, ҳатто бир-икки марта қўл ҳам кўтарди — бари бефойда. Уй ҳақидаги орзу-ҳаваснинг жувонинг бутун ўй-хаёлини эгаллаган, таъбир жоиз бўлса, қонини ҳам заҳарлаб улгурган ва энди Холнисани бу дарддан фориғ қилиш жуда-жуда мушкул, амалда бажариб бўлмайдиган юмуш эди.
* * *
Бошини минг бир эшикка суқиб кўрган Акбарали ниҳоят ўйлай-ўйлай аллақачон “янги ўзбек”ка айланиб улгурган Акмалнинг данғиллама, Холнис аорзу қилганидан ҳам кўркамроқ бўлган ҳовлисига борди.
Акмал аввал роса ўзини тарозига солди.
— Пул топиш қийин бўлиб бораяпти, — деди у насиҳат оҳангида. — Пулни сарфлаш осон. Ҳали тўртта жиянни ўқитишим, учтасининг тўйини қилиб беришим керак. Барисининг ташвиши менинг бўйнимда...
Хуллас, Акбарали сарғайиб тураверди, Акмал насиҳат ўқишини қўймади.
Ахийри учинчи бор бош эгиб борганида Аксал сал ён бергандай бўлди.
— Майли, — деди у катта илтифот кўрсатаётгандай сал менсимаган оҳангда, — беш минг “кўк”идан бериб тураман. Бир йилга. Устига йигирма фоиз қўшиб, олти қилиб қайтарасиз. Агар қайтаролмай қолсангиз...
Акмал Акбаралига синовчан тикилди.
Акбарали маҳзун тарзда елка қисаркан:
— Бир амаллармиз, — деб минғирлади.
— Осмондан пул тушмайди, жўра, — деди Акмал истеҳзо оҳангида. — Сизда аниқ бизнес-план йўқ.
— Ўзингиз ўргатсангиз... — ожизона минғирлади Акбарали.
— Ҳаммага ўргатаверсам, ўзимга нима қолади? — пичинг қилди Акмал. Сўнг муроса оҳангида деди: — Ҳа, майли, бирга ишлаганимиз ҳурмати. Озгина ёрдам бераман. Лекин қолгани ўзингизга ҳавола. Қатиқ бўлишингиз керак. Бир сўмни бир жойга бекорга сарфламанг. Шунинг учун, майли, арзимаса ҳам, уйингизни гаровга қўйиб турасиз энди...
Акбаралининг юраги симиллаб оғриб кетди. Бир хона бўлса ҳам, ҳар қалай, ўз уйи; таъмирлайвериб чарчамайди, худди кенгайиб қоладигандай.
Аммо бошқа илож ҳам йўқ эди.
Акбарали рози бўлди.
Ишига пухта Акмал келишувни нотариус орқали расмийлаштиришни талаб қилиб туриб олди.
Акбарали хотинини кўнмайди деб юраги пўкиллаб турганди.
Йўқ, кўнди. Фақат қувонч билан:
— Ишқилиб, энди ҳовлили бўлиб қоламизми? — деб сўради.
Бунга жавобан Акбарали бош ирғаб қўйди, холос.
Холниса ёш боладай чапак чалиб, осмонга сакради:
— Ур-эй... Энди катта уйимиз бўлади!..
* * *
Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз чучиб қолмас экан.
Акмал жудда оддий қилиб “бизнес-план”нинг моҳиятини айтиб берганди: бирон икки мингларга олти сотих ер сотиб олиш, бир ярим мингларга пойдевор кўтариш, йигирма машина тупроқ олиб келиб ёз бўйи ғишт қуйиш, дарров деворни кўтаришга киришиш, икки хонали вақтинчалик уй қуриб олиб, ўша ерга кўчиб ўтиш ва қолганини аста-секин қуравериш. Яъни тор жойда, яъни хоналари хусусийлаштирилган оилавий ётоқхонадаги каталакда ош егандан кўра олти сотихли катта ерда мушт ейиш...
Бироқ буларнинг бари... айтишга осон экан.
Орада қувончдан кўзлари чарақлай бошлаган, юз териси силлиқлашиб, чиройли бўлиб кетган, гўёки ўн ёшга яшарган Холнисанинг бахтиёр кунлари демаса, Акбаралининг боши ташвишдан чиқмай қолди.
Акмал маслаҳат берган шаҳар чеккасидаги, уй-жой учун қурилиш участкалари ажратилган жойларнинг ҳам нархи ошиб кетибди. Даллоллардан бири ишонч билан:
— Қаерга борсангиз бораверинг, тўрт мингдан камига ер йўқ! — деди.
Акбарали излайверди. Охири уй қуриш учун олиб қўйган олти сотих ерини уч мингга сотишга рози бўлган бир одамни топди. Ўзини Мансур деб таништирган бу одамнинг қараганда, ўғлини шошилинч уйлантираяпти экан, шунинг учун пул зарур бўлиб қолибди. Бўлмаса-ку, келажакда олтинга тенг бўладиган ерни арзимаган пулга сотиб юборишни хаёлига ҳам келтирмаган экан.
“Келажакда олтинга тенг бўладиган ер” ўт босиб ётган, қуруқ ер эди. Акбарали шунга ҳам қувонди.
Бунақанги савдоларга иши тушиб юрмаган Акбарали ер эгасининг ўзидан йўл-йўриқ сўради. Мансур ака тилхат ёзиб берди, Акбарали уч мингни санаб берди.
* * *
Савдо-сотиқдан сўнг орадан бир ҳафтага яқин вақт ўтди.
Акбарали ишдан таътилга чиқди.
Бир куни эрта тонгда ўзи сотиб олган ерга келди. У ер чеккасини белгилаб чиқмоқчи, сўнг эса усталар билан гаплашиб, пойдевор қуриш ишларини бошлаб юбормоқчи эди.
Ҳали қуёш уфқда юз кўрсатмаган эди.
Шунга қарамай, атроф ёр-ёруғ.
Акбарали шудрингга кўмилган ўт-ўланларни босиб ўтиб далага етиб келди.
Ажабки, у сотиб олган ерда новча бир киши ғимирлаб юрарди.
Акбарали шошиб шу томонга юрди.
Салом-алик, “ҳорманг, бор бўлинг”лардан кейин новча киши ғурур ила шу ерни уч мингга сотиб олганини айтиб қолди.
Акбарали гарангсиб қолди. Сўнг симиллаб оғриган юрагини сиқимларкан, қуруқшаб кетган лабларини ялаганча:
— Адашмаяпсизми? — деб сўрай олди, холос.
Энди новча киши Акбаралига ажабланиб қаради...
* * *
Бўлди қизиқ ҳангомалар.
Тез орада аён бўлдики, Мансур ака деганлари худди шу олти сотих ерни тўрт кишига сотган экан. Аслида ер... Мансур деган одамга тегишли эмас экан.
Мансур ака деганларини топиб бўлмади.
Айтишларича, алданганлардан биттаси милиционер ёрдамида уни бир амаллаб топибди. Аммо Мансур ака деганлари:
— Мен сенга ер сотмаганман! — деб тураверибди. — Сотадиган ерим ҳам йўқ! — дебди кейин.
Шунда тилхатни кўрсатишибди.
Мансур ака деганлари илоннинг ёғини ялаган экан.
— Бу нотариус тасдиғидан ўтмаган, бир пуллик аҳамияти йўқ, — деб туриб олибди. Сўнг ўзини топган одамга дўқ уришга тушибди: — Эсингдан чиқдими, тўртта шеригинг билан келиб, мени уриб-тепиб, “Ўлдирамиз” деб қўрқитиб шу тилхатни ёздириб олгандинг...
Хуллас, шунақа гаплар...
Озгина илинж, умид бор. Аммо буни эшитгандан сўнг Акбарали чув тушганини англади.
Мол аччиғи — жон аччиғи.
Шусиз ҳам неча кундан бери учга кеч, Холниса ухлагандан сўнг бориб, тонг саҳарда чиқиб кетаётган, хотини учраб қолганда эса “Қурилишни бошлаб юбордим” деб қутулаётган Акбарали бу зарбага чидай олмади...
Акбарали чап кўксини чангаллаганча ерга гурсиллаб йиқилди.
Юрак касали ёмон бўларкан.
Ҳалиям шифокорларга раҳмат, Акбаралининг жонини сақлаб қолишди. Аммо асаблари қақшаб юрган йигитнинг чап қўли ва чап оёғи ишламай қолди, тилида ҳам ўзгариш юз берди — энди ғўлдираб, жуда қийналиб гапирар, унинг нима деяётганини англаш жуда қийин эди.
Эрини ўйлайвериб дарди дунёси қоронғу бўлиб кетган Холниса Акбарали акасининг сал ўзига келганини кўриб енгил нафас олди.
— Хайрият, дадаси, — деди у эрига меҳрибонлик билан боқиб. — Худо жонингизни қайтариб берди. Энди тузалиб кетасиз. Ҳали катта-катта уйлар қуриб, болаларимиз билан роҳатда яшаймиз...
Безовталаниб қолган, ранги қув ўчган Акбарали жон ҳолатда нимадир деб ғўлдиради, аммо хотини унинг гапларини тушунмади.
Шу оқшом Акбаралининг аҳволи яна оғирлашди...
* * *
Кунлар шу зайлда ўтиб борарди.
Акбарали ўзи шифохонадан чиқадиган кунни даҳшат ва ваҳм билан кутарди.
Ана унда... ана унда изоҳ беришга тўғри келади.
Ҳовли-ку, қайтмайдиган бўлиб қўлдан кетди. Унга қўшилиб уч минг қулоғини ушлаб кетди.
Аммо энг ёмони — Акмалга қарзни қайтариши керак бўлган кун тобора яқинлашиб келмоқдайди. Олти минг-а...
Демак... демак бир хонали уй ҳам кетади.
Унда... эр-хотин икки бола билан қаерда яшайди?
Акбарали тинмай шуни ўйлар, ўйлаган сайин боши мисдай қизиб, мия томирлари отилиб кетгудай бўлиб бўртиб чиқар, юраги гурсиллаб урар, чап оёқ-қўлидаги жонсизлик, совуқлик аста-секин ўнг томонига ҳам ўтиб бораётганини ҳис қиларди...
— Энди нима қиламан? — дея шивирларди у алам билан бундай кезлари...
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ