МАТБУОТ — ЎТКИР ҚУРОЛДИР


 
ЖУРНАЛИСТНИНГ ЭНГ ИШОНЧЛИ ҚУРОЛИ — МУАММОЛАРНИ ДАДИЛ ЁРИТА ОЛИШИДИР
ЖУРНАЛИСТНИНГ ЭНГ ИШОНЧЛИ ҚУРОЛИ — ХАЛҚНИНГ КЎНГЛИДАГИ ГАПЛАРНИ АЙТА ОЛИШИДИР
ЁШЛАРГА СИЁСИЙ ВА ҲУҚУҚИЙ БИЛИМЛАРНИ БОЛАЛИКДАН ЎРГАТИШ ЛОЗИМ

   Бугунги меҳмонимиз “Сунбуланинг илк шанбаси”, “Тимсоҳнинг кўз ёшлари”, “Парвоз”, “Бу дунёда мўъжизалар бор” китоблари муаллифи, маҳоратли журналист Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ. У 1993 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси, 1999 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Ўтган йили Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими унвонига эга бўлди.
  Айни пайтда “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида хизмат қилади.

НАШРИЁТЛАРДА ЯХШИ АСАРЛАР ТАНЛАНАДИ 

—  Китобнинг муваффаққияти нашриётга қай даражада боғлиқ?
— Билмадим-ов... Албатта, бевосита ёинки билвосита боғлиқлик бордир, аммо уни умумийлаштириб, қонуният даражасига олиб чиқиш жоиз эмасдир. Илло, ҳар асар чоп этадиган муассаса каби, ҳар китобнинг ҳам қисмати ўзгача, мутлоқ ўзига хос, индивидуал кечади.
   Шубҳасиз, умид билан қўлига қалам олган ҳар ижодкор борки, машқларининг нуфузли нашриётда, катта-катта ададларда чоп этилишини истар. Бироқ ҳаётнинг шафқатсиз маъқулоти (аксиомаси) ҳам бор: нашриётнинг донгдор номи (замонавий тилда айтсак, бренди) ҳеч қачон адабий макулатуранинг савиясини кўтариб қўювчи сеҳрли таёқ вазифасини ўтай олмайди. Чехов қаҳрамони тили билан айтганимизда, “қурбақага шакар сепиб берсанг ҳам емайман”.
   Келинг, фикримизни кўпчиликка аён бир жуфт мисол билан далиллашга уриниб кўрайлик. Буюк Британия адибаси Жоан Роулинг “Гарри Поттер” туркумидаги дастлабки асарини бир неча нашриётга юбориб, уларнинг ҳаммасидан рад жавобини олган. Ниҳоят бир мард ношир “Майли, уч мингта чоп этиб кўрамиз, аммо уларнинг ҳам сотилиши даргумон. Шунинг учун, хоним, сиз яхшиси ёзувчиликни ташлаб, бошқа иш билан шуғулланиб кўринг”, деган. Китобнинг сотувда “учиб кетадиган” бестселлерга айлангани ҳаммамизга маълум. Қисқа муддат ичида бу туркумдаги китоблар 400 миллион донага яқин сотилди, унинг муаллифи миллиардерга (!) айланди. Бўлар экан-ку. Ишонасизми, Жоан Роулинг ўз китоблари орқали шу қадар машҳур бўлдики, ҳатто Англияга ташриф буюрган айрим мамлакатлар президентлари ҳам адиба билан учрашишни ўзлари учун шараф деб билишади...   
   Иккинчи мисол. Габриэль Гарсиа Маркес “Юз йил танҳоликда” романини ёзишга ўтиришдан аввал машинасини гаровга қўйиб олган пулини хотинига беради-да: “Олти ойда тугатаман. Унгача шу пул етар”, дейди. Асарнинг ёзилиши бир ярим йилга чўзилади. Ниҳоят асар тугаганида оила моддий жиҳатдан шу қадар қийналган, қарзга ботган эдики, қўлёзмани почта орқали нашриётга юбориш учун ёзувчи уйдаги миксер ва хотинининг соч қуриткичини гаровга қўйишга мажбур бўлади. Қарангки, нашриётдагилар меҳнат ва истеъдоднинг қадрига етишади. Агар акси бўлганда нима бўларди? Буни ҳатто тасаввур этиш даҳшат: жаҳон адабиёти энг ноёб дурдоналардан биридан маҳрум бўларди... 
   Демак, нашриёт ходимлари баайни моҳир синчилар каби, фақат яхши асарни танлаб, чоп этишининг ўзи китобнинг муваффақиятини белгилаб беради.  
— Бугунги нашриётларимизда китоб чиқариш учун бирор-бир имтиёзлар борми?
— Агар гап қандайдир молиявий имтиёзлар ҳақида кетаётган бўлса, бу саволни шу соҳа мутахассисларига берсангиз бўларкан. Ҳар қалай, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйгани маъқул. Биз фақат болалар учун адабиётлар чоп этишга ихтисослашган нашриётларнинг айрим моддий имтиёзларга эгалиги, шунингдек, нашриётлар қўшимча қиймат солиғидан озод этилганлиги хусусида умумий мулоҳазалар юритишимиз мумкин, холос. Ва, шубҳасиз,  Президентимизнинг шу йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишидан сўнг соҳада фақат ижобий ўзгаришлар юз беришига ишонамиз.  
   Маънавий имтиёзларга келсак, бу яна аксариятга аён ҳолат: нашриётларда фақат яхши асарларни саралаб, танлаб олиш имтиёзи бор. Гап бу имтиёздан қай даражада фойдалана билишда. Зеро, халқ маънавиятига юксалишига хизмат қиладиган, адабиётимизда воқеа бўладиган, эҳтимолки жаҳон адабиёти дурдоналари сафидан жой олишга муносиб асарни чоп этган нашриёт ҳар қанча олқишга, ҳар қанча эътирофга сазовор эмасми?!.

БУНИ ҲАЁТ ДЕЙДИЛАР...

— Адолат деганда нимани тушунасиз ва у сизнингча, қандай бўлади?
— Қадим Рим файласуфи Цицероннинг таърифига кўра: “Адолат барча фазилатлар ичидаги энг олий фазилатдир”. Инчунун, бундай фазилатга эга бўлмаган одам ҳақиқий Инсон эмас, жамият эса тўлақонли жамият бўлолмайди.
   Шу боисдан соҳибқирон Амир Темур “Куч – адолатда” ғоясини фаолиятининг асоси қилиб олган. Илло, “Кучга таянмаган адолат ғирт ожизликдир, адолатсиз куч эса – зўравонлик. Демак, адолатни куч билан уйғунлаштирмоқ ва бунинг учун адолатнинг кучли, кучнинг эса адолатли бўлишига эришмоқлик зарур” (Б. Паскаль, француз ёзувчиси).
   Биз давлат ёхуд жамият хусусида мушоҳада юритарканмиз, баҳолашимизнинг бош мезони ҳамиша адолат бўлиб қолади. Адолат ҳар бир инсон учун кафолатланган жамиятгина идеал жамиятдир, комил инсонлар жамиятидир. Зеро, адолат бор жойда тараққиёт, қут-барака, юксалиш бўлади. Адолатсиз тамаддунинг ўзи бўлмайди, билъакс, кишилик жамияти орқага, таназзул ботқоғига қайтади. Фақат Адолатнинг устуворлиги одамни Ҳазрати Инсон даражасига кўтаради.
— Ноҳақликка дуч келганмисиз? Бу вазиятдан қандай чиқиб кетгансиз?
— Тўғриси, саволларингиз сал... ноодатийроқ. Яшаётган одам ноҳақликка дуч келмаслиги мумкин ҳам эмас-да, ахир ҳаёт бир умр чароғон қуёшнинг сахий нурлари остида кечмайди-ку, шому тунларимиз бор, булутли кунларимиз бор.
   Камина ҳам бир тирик инсон сифатида, бешак, ҳаётим давомида у ёки бу даражадаги, дейлик, бири катта, бири кичик, айримлари ҳатто тилга олишга арзимайдиган ноҳақликларга рўбарў бўлганман; насиб қилса, ҳали яна кўп бор юзма-юз келсам ҳам керак. Аммо бугун уларни эслаб ўтириш ёхуд яқин-йироқ келажакдан фол очишнинг ўзи ноҳақлик деб ўйлайман. Ўтгани ўтди. Муҳими ўшал бизга муайян даражада адолатсизлик, ноҳақлик бўлиб туюлган воқеа-ҳодисотлардан олинган субъектив сабоқлар, хулосалар. Ва бу сабоқ-хулосаларнинг кейинги кечмишимизда қанчалар асқотгани.
   Вазиятдан чиқиб кетиш эса осон эмас. Айниқса, бирон ҳодисотдан дилингиз вайрон бўлганида, яқин дўстингиздан ҳафсалангиз пир бўлганида, устозингиздан кўнглингиз совиганида... Аммо қўлимиздан ранжу изтироб чекишдан ўзга нима ҳам келарди. Буни ҳаёт дейдилар. Чидаганга чиқарган. Фақат баъзан, ўзимни овутиш учунми, йиллар синовидан ўтган бир тасаллини ўзим ўзимга такрорлаш билан чекланаман: “Бундан баттар бўлиши ҳам мумкин эди...”

 МАТБУОТ — ЎТКИР ҚУРОЛДИР

— Демократик жамиятда ОАВнинг аҳамияти қандай?
— Холис, айни пайтда “тиш-тирноқли” оммавий ахборот воситаларисиз демократик жамиятнинг ўзи бўлмайди. Матбуот маддоҳлик, хушомад, воқеликни бўяб-бежаб кўрсатиш воситаси эмас, балки чин маънода элнинг эркин минбарига, халқ билан ҳокимият ўртасида кўприкка айланганидагина ўз зиммасидагни вазифасини, бурчини адо этган бўлади. Бу натижага эса жамиятдаги ютуқларни тинмай санайвериш билан эмас, фикрлар қарама-қаршилиги, баҳслар орқали эришилади. Зеро, ҳақиқат юқорининг кўрсатмаси билан эмас, баҳсларда туғилади. Буюк Вольтернинг ҳикматини эслайлик: “Мен Сизнинг фикрингизга қўшилмасман, аммо Сизда ҳам фикр бўлиши керак ва мен Сизнинг ана шу фикрингизни айтиш ҳуқуқингиз учун жон беришга тайёрман”.
    Айнан эркин матбуотгина жамиятда болалаб кетиши мумкин бўлган коррупция, таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчиликнинг олдини олади. Тўғри, “тухумдан тук қидирадиган” (А.Қаҳҳор) айрим тўраларга бундай матбуот ёқмайди. Аммо тараққиёт қонуни шуни талаб этади, бусиз мумкин эмас.
    Америкалик ёзувчи Теодор Драйзернинг “Стоик” номли романи бор. Биласиз, бу муаллифнинг “Истаклар трилогияси”даги “Молиячи” ва “Титан”дан кейинги якунловчи учинчи китоби.
   Асарнинг бир ўрнига эътибор қаратинг. Роман қаҳрамони миллионер Фрэнк Каупервуддай одам полициядан қўрқмайди: сотиб олиши мумкин; солиқдан ҳам қўрқмайди: ўз одамлари бор. Аммо газеталардан ҳайиқиб туради. Чунки Чикаго газеталарининг журналистлари ер тагида илон қимирласа билади. Қудратли Каупервуд Чикагода темир йўл қуриш бўйича шартномага эга бўлолмай қолади. Чунки газета журналистлари унинг шубҳали ўтмишини фош этишади.
   Хўш, нима учун Фрэнк Каупервуд ўзини изма-из таъқиб этаётган мухбирларни ҳайдаб солмайди? Ёки қўриқчилар ёллаб, уларни яқинига келтирмаслиги ҳам мумкин эди-ку. Йўқ, америкалик миллионер бундай қилолмайди, аксинча сабр-тоқат, эҳтиёткорлик ва айёрлик билан мухбирларнинг саволларига жавоб беришга мажбур. Чунки у жамоатчилик кўз олдида матбуотни менсимайдиган жоҳил бўлиб кўринишни истамайди, у матбуотда ўзининг шарманда бўлишини ҳам ўла қолса хоҳламайди. Жамоатчиликнинг бу борадаги ижобий фикри эса – дейлик, “Каупервуднинг қўрқадиган жойи йўқ, шу сабабли журналистлар билан бемалол суҳбатлашиб турибди” қабилида – катта куч, маълум маънода капитал ҳам.
  Балки айнан шу сабабли ҳам сал хасталаниб, ётиб қолган Фрэнк Каупервуд дилида иккита исмга қўшиб беихтиёр яна бир сўзни ҳам такрорлайди: “Беренис! Эйлин! Газеталар!”
  Демократик матбуот ривожланган давлатларда ҳам амалдаги ҳукуматнинг фаолиятини ёритиб, танқид қилиб ҳам келади. Эҳтимол бу амалдорларга ёқмас. Аммо муаммолар болалаб, маддалаб кетмаслигининг олдини олишда матбуотнинг ўткир қуролигина самарали иш беришини унутмаслик лозим.
   Шу маънода журналистнинг доимий ва энг ишончли қуроли — ўз мақолалари орқали халқнинг кўнглидаги гапларни айта олиши, муммоларни дадил ёрита олиши.
  Бугун юртимизда фаолият юритаётган ОАВ фаолиятидан унчалик кўнглим тўлмай келаётганди. Аммо, тан олиш керак, яқиндан бери “муз ўрнидан кўчди”, яъни кутилмаганда айрим телеканалларимиз замон талабларига мос равишда ишлай бошладилар. Уларнинг бири-иккинчисидан дадил фикрлар, танқидий таҳлиллар айтилаётган кўрсатувлари эл оғзига тушмоқда. Кўз тегмасин!

 ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИНГ  МУҲИМ ВОСИТАСИ — ИБРАТ

 — Ҳуқуқий маданият ҳақида нима дея оласиз?
— Ўзингиз яхши биласиз, бизнинг жуда кўп муаммоларимиз айнан ўз ҳуқуқимизни, умуман олганда, қонунчиликни билмаслигимиздан келиб чиқади. Айнан мана шу чаласаводлигимиз оқибатида арзимаган масалани ҳал этиш учун ҳам таниш-билиш излай бошлаймиз, кимга қанча пул қистириш кераклигини суриштиришга тушамиз. Натижада ҳам вақтимизни, ҳам асабларимизни, ҳам маблағимизни беҳудага осмонга совурамиз.   
   Американи буюк давлат даражасига кўтарган бир неча омил бор деб ўйлайман, уям бўлса қонунларга итоат этиш! Қонунларга бўйсуниб яшаш! Фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимоя қилиниши! Аҳолининг ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиши ва уларга оғишмай амал қилинишини керак бўлса одил суд орқали талаб эта олиши! Зеро, қонун қабул қилиниши бу ҳали масала ҳал бўлди дегани эмас, муҳими унинг амалиётга, кундалик ҳаётга жорий этилиши.
   Юртимизда кейинги пайтларда “ҳуқуқий маданият” тушунчасига бежиз кўп эътибор қаратилмаяпти. Ҳуқуқий маданият эга эга фуқаро жамиятнинг олдинги, фаол қатламида бўлади. У мамлакат тараққиётига, жамиятда тинчлик-тотувлик ҳукм суришига, барқарорликка ўз ҳиссасини қўша оладиган шахс.
— Ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва уни юксалтиришнинг муҳим жиҳатлари нимада?
— Ҳуқуқий маданиятга эришиш ҳеч қачон кеч бўлмайди, аммо ҳар қалай бу борадаги билимларни болаликдан бериб бориш зарур деб ўйлайман. Токи бола ўз ҳақ-ҳуқуқларини, бурчларини билиб-англаб улғайсин, зарур чоғларда уларни талаб ҳам қилсин.
  Афсуски, миллий менталитетимизда “Ўзингдан каттага гап қайтарма”, “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан”, “Тўғри сўз туққанингга ёқмас” сингари тамойиллар болаликдан сингдириб келинади. Тўғри, шарқона одоб муҳим. Аммо бола ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни ҳам ўрганиши лозим-ку. Бу балки уни буюк ишларни амалга оширишига тўсқинлик қилиб турадиган мутеликдан, қуллуқчиликдан қутқарар.   
   Ҳуқуқий маданиятни шакллантиришнинг энг муҳим воситаларидан бири – ибрат деб ўйлайман. Яъни “Фалончи мана бундай ишни қонунан амалга оширибди”, деган гап-сўз тез тарқалади.  Буни эшитганлар онгида “Демак, шундай қилса бўлар экан”, деган фикр уйғонади. Фикр уйғоқлиги эса фаолиятга ундайди...
— Ёшларга сиёсий ва ҳуқуқий билимларни қачондан бошлаб бериш зарур деб ҳисоблайсиз?
— Амалдаги ҳуқуқий меъёрларимизга  кўра, бизда ҳар бир фуқаро 18 ёшга қадар бола ҳисобланади. Шундай экан, ёшларга сиёсий ва ҳуқуқий билимларни болаликдан, боғча ва мактабларда, лицей ва коллежларда узлуксиз, тизимли равишда бериб бориш зарур деб ўйлайман.   
— Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлардан тўлиқ фойдалана олаяпсизми?
- Баҳоли қудрат. Шукр, нолимайман.
 
Хонбиби ҲИММАТ қизи суҳбатлашди.
2017 йил.

 СУҲБАТДОШ ҲАҚИДА:

  Абдуқаюм Йўлдош — 1962 йилда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. Тошкент Политехника Институти (ҳозирги Техника университети)ни битирган. Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси. "Сунбуланинг илк шанбаси", "Тимсоҳнинг кўз ёшлари", "Парвоз", "Бу дунёда мўъжизалар бор" китобларининг муаллифи.
  Сирдарё вилояти, Оқолтин туманида ўрта мактабни тугатиб, туман газетасида ишлаган. Тошкент политехника институтида (ҳозирги Техника университетида) ўқиган, Тошкент электромеханика заводида инженер-технолог бўлиб меҳнат қилган.
   Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан бошлаб “Сирли олам”, “Қалб кўзи”, “Ёшлик”, “Ҳуррият”, “Моҳият”, “XXI аср” сингари газета-журналларда ишлаб келган.
   “Бир тун ва бир умр”, “Алвидо, гўзаллик”, “Банкир”, “Катта ўйин”, “Пуанкаре”, “Ҳали вақт бор” сингари китоблари чоп этилган.
  “Кичкина одамлар”, “Уқубат”, “Иқтидор”, “Виждон”, “Қадамлар”, “Нигоҳ”, “Бурч ва муҳаббат”, “Устюртга йўл” бадиий фильмларининг, “Ҳаёт жилғалари”, “Синов”, “Одамлар орасида”, “Она дарё” сериалларининг сценарий муаллифи.
   “Даҳо” (Ўзбек давлат драма театри), “Залолат” (Ёш томошабинлар театри) пьесалари саҳналаштирилган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот