Ўйлаб топилган "қора рўйхат"


ОРТИҚ ОТАЖОНОВ: "ҚОРА РЎЙХАТ" КЎРА ОЛМАЙДИГАНЛАР ТОМОНИДАН ЎЙЛАБ ТОПИЛГАН ЭДИ"

  Ўзбекистон Мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов ҳам “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Мамлакат байрам тадбирларининг катта саҳнасида кўрмаган санъаткорни илк бора ўтган йили “Шарқ тароналари” Халқаро фестивалининг очилишида “Хоразм лазгиси” ижросини кўриб халқ қувонди. Шу-шу санъаткорнинг оҳанграбо овозини радиода эшитаяпмиз, телевидениеда кўраяпмиз. Мукофот билан тақдирлаш жараёнида Ортиқ ака Отажоновга бу жараёнда кечаётган кечинмалари, ҳиссиётлари, “қора рўйхат” ҳақида сўраганимизда у киши шундай жавоб бердилар.
- Халқимиз кўзидан йигирма беш йил мобайнида йироқлаштиришга, радио, телевидениеда кўрсатмасликка, овозимизни эшиттирмасликка ҳаракат қилишди. Аслини олганда “қора рўйхат” бизни кўра олмайдиганларнинг тўқиб чиқарган уйдирмаси эди. Нимамиш, катта саҳнада, телевидениеда қари санъаткорларни кўрсатмаслик керак деган баҳонани рўкач қилишди. Мен қатори “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган Шерали Жўраев, Фаррух Зокиров, Насиба Абдуллаеваларга ҳам арзимас қандайдир айб ёки баҳоналар рўкач қилинди. Пойтахтда концерт дастурларини намойиш этмасак-да, эл-юрт хизматини вилоятларда юриб қилдик, санъатимизни ташламадик. 20 йил мобайнидаги Давлат байрами тадбирларида ҳам фақат ўша-ўша 15-20 санъаткорларнинггина юзи кўринар, овози эшитиларди. Мамлакатимизнинг ҳозирги раҳбари бизнинг фаолиятимизни доимо кузатиб борар, бизни ташлаб қўймаган экан. Шукур, хизматларимизни бугун тақдирлашга муносиб деб топибдилар. Омон Матчон, “Менинг кимлигимни эл билса бўлди” деб ёзган-ку. Халқимиз ардоғи туфайли, айрим санъаткорлар каби санъатимизни ташлаб, соҳамизни ўзгартирмадик.
   Менга берилган мукофот бу ёлғиз менинг мукофотим эмас, Хоразм халқига, хоразм мусиқасига берилган мукофотдир! Мухлисларим 7 ёшдан 70 ёшгача бўлганидан қувонаман. Куни кеча Бухорога ўғлим Улуғбек билан бориб иккита концерт дастурини намойиш этиб келдик. Душанбе, Конибодомдаги яқинда 10 минг кишилик стадионда Хоразм қўшиқларини эшитиб тўлқинланган халқни кўриб қувондим. Байрам олди элимга билдирадиган тилагим – ёшларимизнинг ўз олдига қўйган аниқ мақсадлари, соф ва яхши мусиқа доимий ҳамроҳи бўлсин! 

Нигора Умарова. 

2018 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот