Тўти Юсупова (1936 - 2022)


   Ўзбекистон халқ артисти - Тўти Юсупова 1936 йил 10 Март куни Самарқанд вилоятида таваллуд топган. 
   1957 йилдан ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида фаолият кўрсатиб келган. 1970 йили "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1993 йили "Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонлари билан мукофотланган. 2000 йили "Эл-юрт хурмати” ордени, 2014 йили "Фидокорона хизматлари учун”, 2020 йил «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан мукофотланган.
 1957 йилдан ўз ижодини бошлаган Тўти Юсупова юзга яқин спектакль, телерадиоспектаклларда роллар ўйнаган, ажойиб ўзбек аёллари, оналари образларини яратган. 
  Тўти Юсупова турли миллат аёлларининг характерларини, феъл-атворларини саҳнада катта жозиба, кучли истеъдод ва иқгидор билан ёрқин гавдалантирди. Луиза (Шиллер, "Макр ва муҳаббат"), Қорасоч (Уйғун, "Шубҳа"), Фусако (М. Каору, "Ўғирланган умр"), Убайда (Уйғун, "Қотил"), Хонзода (Ҳамза, "Бой ила хизматчи"), Раҳима (Ў. Умарбеков, "Комиссия"), Фотима ("Шошма, қуёш"), Сотти (Саид Аҳмад, "Келинлар қўзғолони"), Нодира (Т. Тўла, "Нодирабегим"), Ҳафиза (А. Қахҳор, "Шоҳи сўзана") ва бошқа образлар актрисанинг энг севимли роллари бўлиб, унинг ижодида алоҳида ўрин тутади.
 Тўти Юсупова бағритош, қахри қаттиқ, қаттиққўл, сатанг аёлларни ҳам, сахий, меҳрибон ва муштипар аёллар ҳамда оналарни ҳам усталик билан гавдалантирувчи актрисадир. Тўти Юсуповани кенг жамоатчиликка жуда яқиндан танитган образ бу "Келинлар қўзғолони" комедиясидаги Сотти образидир. Актриса Сотти характеридаги чақимчилик, иккиюзламачилик ва Фармонбибига садоқат каби хусусиятларни ниҳоятда моҳирлик билан кўрсата олган.
 Тўти Юсупова ижоди радио ва телевидение билан ҳам узвий боғлиқцир. У О. Ёқубовнинг "Муқаддас", А. С. Пушкиннинг "Дубровский", А.Мухторнинг "Самандар", Ў. Ҳошимовнинг "Дунёнинг ишлари", С. Зуннунованинг "Қора кўзлар", "Руҳ билан суҳбат" каби асарлари асосида тайёрланган радиоспектаклларда, "Театр микрофон олдида" эшиттиришларида ўнлаб роллар ижро этган.
  Телевидениеда эса қатор телеспектакль ва видеофильмларда ўзбек аёллари, оналари образларини яратди. Онахон (А. Мухтор, "Опа-сингиллар"), Рисолат (С. Аҳмад, "Уфқ"), Салима (О. Ёқубов, "Диёнат"), Раҳбар (Ҳ. Султонов, "Мозийдан бир саҳифа"), Она (З. Мусоқов, "Аёл зоти"), Эна ("Тоғлик куёв") ва бошқалар актрисанинг телевидениедаги ижодининг маҳсулидир.
 Тўти Юсупованинг кенг маданий жамоатчиликка танилишида телевидениенинг роли катта бўлган. Бу ҳақда унинг ўзи: "Оталар сўзи—аклнинг кўзи" кўрсатуви мени ўзбек хонадонига олиб кирди", - деган эди. Тўти Юсупова кинода ҳам қатнашиб "Қиёмат қарз"да Зеби, "Қора мушук"да Салима, "Абдуллажон"да Холида, "Ипак дарахти"да Тўти, "Сени излаб"да Она, "Ойижон"да Бувижон, "Дилхирож"да Момо сингари кўплаб ролларни ижро этган. "Ўзбекфильм" да юздан ортиқ бадиий фильмларга овоз берган.
   Тўти Юсупова 2022 йил вафот этган. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот