Кўринмас жабҳалар санъати ёхуд нега ниқобларни танлаймиз?
Антик давр театрларида актёрлар томошабинларга ўз ҳиссиётларини етказиш учун турли ниқоблардан фойдаланишган. Ҳаёт саҳнасида эса қалбимизда кечаётган ҳолатларни гоҳида яшириш учун "ниқоблар"лардан фойдаланамиз.
Гоҳ кулиб турган, гоҳ йиғлаётган, гоҳ ғазабланган асл қиёфани ирода кучи билан маҳкам қўлларида ушлаб турган, ботинида яширган инсоннинг ҳаққоний сиймоларига назар ташлар эканмиз, инсоний борлиқнинг асосий саволига дуч келамиз: бу роль қаерда тугайди-ю, ҳақиқий “Мен” қаердан бошланади?
Гоҳида табассум совут ва қалқон каби ҳимоя вазифасини бажаради
Биздаги энг кенг тарқалган ниқоб – бу табассум қилиб турган чеҳрадир. Руҳиятшунослар буни “табассум ортидаги тушкунлик” ёки “ижтимоий мослашувчанлик” деб аташади. Қалбимиз азобдан том маънода тилка-пора бўлаётган ёки ич-ичимиздан “йиғлаётган” бир пайтда, биз ташқи қиёфамизни бенуқсон қилиб кўрсатишга уринамиз.
Нега бундай қиламиз? Биз ожиз кўринишдан ёки бировларга малол келишни истамаймиз. Бунинг оқибатида ички қайғуларимиз лиммо лим тошган пайтларда доимо шодлик ниқобини тақиб юриш ҳиссий толиқишга олиб келади. Бу ҳолатда гўё парда тушгандан кейин ўз ролининг ичида қолиб кетган актёрларга ўхшаймиз.
Хотиржамлик – хафагарчиликдан паноҳ топишдир
Бошқа бир ҳолат эса, деярли мутлақо хотиржамлик ниқобидир. Ичимизда араз ёки ғазаб жўш ураётганида, юзимиз бефарқликнинг қотиб қолган ниқобига айланади.
“Хотиржамлик – бу кўпинча қалбда жўшаётган туғённинг йўқлиги эмас, балки яхши мустаҳкамланган тўғондир”.
Биз бу юз ифодасини ўзимизнинг заиф томонимизни ҳимоя қилиш учун тақамиз. Бу — бизни қадр-қимматимиздан маҳрум қилишга уринаётган жойда ўз қадримизни сақлаб қолишга уринишдир. Бироқ, бу “сохта хотиржамлик” қатлами остида кўпинча тўкилмаган кўз ёшлар ёки унсиз фарёд яширин бўлади.
Танлов фалсафаси: аслингиз каби кўринганингиз маъқулми ё кўринганингиз каби бўлиш афзалми?
Ушбу қиёфалардаги ҳаққонийлик муҳим бир жиҳатга урғу беради: ниқоб доим инсоннинг ўз қўлида бўлади. Бу – бизнинг танловимиз. Биз ўзимизнинг қайси “қиёфамизни” дунёга кўрсатишни ўзимиз ҳал қиламиз.
Бироқ, қуйидагиларни ёдда тутиш муҳим:
– Ниқоб — шахсият эмас, восита. У жамиятда яшаб қолишга ёрдам беради, лекин юзга ёпишиб қолмаслиги керак.
Ҳақиқий қиёфа ва самимий юз ифодасига, яхши муносабатларга фақат ниқобсиз эришиш мумкин. Биз инсонларни мукаммал қиёфаси учун эмас, балки амаллари, фазилатлари, одоби учун севамиз.
– Оғриқларни тан олиш — аслида кучлилик белгисидир. Аммо эркаклар кўз ёшини кўрсатмайди, кўз ёшлар унинг юраги тубига оқади. Эркакларнинг аксарияти инфарктга учраши сабаби ҳам шунда. Аёллар йиғлаб, қайғуларини кўз ёшлар билан ташқарига чиқаргани учун ҳам инфарктга эркакларга нисбатан жуда кам ҳолатларда дучор бўлишади.
“High Fashion” услубидаги, бенуқсон сайқал ва ёрқин рангларга бой ҳаёт акс эттирилган суратлар, клиплар, фильмлар бизга ҳақиқий дунёни сохта қилиб кўрсатади. Аммо инсон қалби қимматбаҳо фототўпламдан олинган лавҳа эмас. У ғазабланганида хунук, қайғурганида заиф ва азоб чекканида жим бўлишга ёки йиғлашга ҳақлидир (одамлар кўзидан холи, яширинча бўлса ҳам).
Шундай экан, ниқобни ечинг ва уни қўлингизда тутиб турманг. Зеро, бугунги кундаги энг катта бойлик – мукаммал қиёфа эмас, балки ўзлигини ҳаққоний тарзда намоён этишга етадиган жасоратдир!
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.