Ўзбекистон халқ шоири - Ҳалима Худойбердиеванинг 1968 йилда чоп этилган «ИЛК МУҲАББАТ» номли шеърий тўпламидан. "Топганимиз, йўқотганимиз".
Музаффар Муҳаммадназар ижросида.
Фақат омад камдан-кам жуда,
Юрамиз биз топиб, йўқотиб.
Гоҳо ясоғлиқ от устида,
Гоҳ пиёда, чангларга ботиб.
Яшилланар умр дарахтимиз,
Сарғаяр ҳам бевақт ёғса қор.
Шундай, гоҳо тожу-тахтлимиз,
Гоҳ кечириб бўлмас гуноҳкор.
Изҳори дил қиладир қушлар,
Биз уларни этмасмиз писанд.
Овунтирар бизларни тушлар,
Оҳ, у тушлар гоҳ берадир панд.
Гоҳ қип-қизил гулларга кўмиб,
Бир олам бахт йўллайдир олам.
Сипқорармиз кўзимиз юмиб
Зардоб тўла қадаҳларни ҳам.
Гоҳ кулиб, гоҳ қўл силтаб, куйиб
Ўтказармиз бунинг барини.
Ҳаётнинг шан марҳамати-ю
Рутубатли алдоқларини.
Оқарганда сочлар эслаймиз
Сархуш баҳор, куз ўтганини.
Кимларнидир рад этганмиз биз,
Кимлар бизни рад этганини.
1967 йил 8 июнь