Хокисорлик хосияти

У нимаики иш қиладиган бўлса холислик билан беминнат бажаради. Унинг қалбида қўлингдан иш келадими, ёрдам бер, одамларни хурсанд қил деган даъват дил амрига кўчгандек, каминадан анча ёш бўлишига қарамасдан, ўткинчи дунё фалсафасини сиз-у биздан олдин идрок этгандек гўё. Инсоннинг юзу кўзидаги табассум ва кимнингдир фаолиятидаги ютуқларни кўрса, эшитса, ўша куни ундан шод инсон йўқ. Ширин сўзи ва билдирадиган дил изҳори ёхуд табриги тайёр. Ижтимоий тармоқлар ёхуд ўзининг муаллифлик сайти орқали дарҳол ўз муносабатини билдириб бошқаларнинг ҳам табрикларини етказишга қобил бўлган, ҳеч қандай тамаъ ёки манфаатни кўзламайдиган содда, самимий, муҳими, камтарин инсон. Ҳаммани ўзига дўст тутади. Республикамиз ҳаётидаги маънавий-маърифий жараённи иқтидорли журналист, фотомухбир, видеомуҳандис сифатида ёритадиган, санъат ва маданият ходимларининг ишончини оқлаб уларни қизғин фаолиятга чорлай оладиган истеъдод соҳиби. Бу инсон сиз ва бизни қадрлаб қадр топишни ният қилган ўзимизнинг Музаффарбек Муҳаммадназардир. Унинг назму насрга табъи ҳам баланд, бадиий ижодга уқуви юқорилигини назмий ва насрий битикларидан англадим.
Яратганнинг назарида бўлиш ота-онасига эҳтиромли, дўсту ёрларига меҳр-оқибатли инсонларга муносиб дейилади. Назар нисбати, ғолиблик нишони исмига, шарифига боғланиши у инсоннинг чинданам ўзининг ҳаётий фаолиятида ана шу фазилатлар билан умргузаронлик этишига ишора.
Бугун таваллуд айёмини нишонлаётган иқтидорли ижодкор, таниқли ношир, фотожурналист, энг муҳими, самимий инсон, хокисор укамиз Музаффар Муҳаммадназарни шукрона куни билан қутлаймиз. У ҳаммага бирдек меҳрли, дўстига ҳам, ҳатто душманига ҳам яхшиликни раво кўрадиган укамизга узун ва сермазмун умр тилаймиз, оиласи, барча яқинлари бахтига соғу омон бўлсинлар.
Эҳтиром ила - Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ, Нотиқлик санъати академиясининг раҳбари, филология фанлари номзоди, профессор, ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари.