БУ ДУНЁДАН КЕТМАСИН ИНСОН...


23 сентябрь – Соҳибжон Алижонов (1968 – 2023) таваллуд топган кун.

    Бугун истеъдодли журналист, адолатли раҳбар, меҳрибон ота ва бир сўз билан айтганда ЯХШИ инсон Соҳибжон Алижонов ҳақидаги хотираларни ёдга олдим. Соҳибжон акадан яхшилик қарздорман, деб юрган бир пайтда улар ҳақида хотира китоби тайёрланаётганини эшитдим. Минг бир истиҳола билан қораламаларим борлигини айтганимда ушбу нашрга масъул бўлган, фидойи ва самимий инсон Лазизжон Рахматов кўриб чиқишларини билдирдилар. Орадан кўп ўтмай "Бизни қаритолмас йиллар, замонлар..." деб номланган ажойиб бир китоб чоп этилди. Ушбу хайрли ишнинг эгаси Лазизжондан беҳад миннатдорман, боиси Соҳибжон акадан яхшилик қарздорлигим ва уни қайтаролмаганим виждонимни қийнар ва юк бўлиб турарди. Китобга улар ҳақидаги хотираларимни киритилиши мендаги ўша юкни бироз енгиллатгандай бўлди... Китоб қатларига мухрланган хотирани сизларга ҳам илиндим азиз дўсту қадрдон!

БУ ДУНЁДАН КЕТМАСИН ИНСОН...

    Умрлар бўладики, тиригида ўликдир... Умрлар бўладики, ўлган одам тирикдир...
    Худди шундай, кимдир 80–90 йил, ҳатто юз йилдан зиёд яшаб ҳам бесамар, мазмунсиз умр кечириши мумкин. Яна кимлардир атиги 40 йилгина яшаб, асрларга татигулик эзгу ва савобли ишларни қилишга улгуриши мумкин. Яъни айрим тирик одамнинг ўликдан фарқи бўлмагани, унинг инсон боласига, табиатга, жамиятга, қўйингки, ҳатто ўзигагина нафи тегмаганидек, яна айрим аллақачон қазойи қадари етган одамнинг бир сўз билан айтганда, одамлар қалбига нур бағишлай олиши ҳам чин ҳақиқатдир. Чархи кажрафторнинг бевафолигини қаранг, қалбида сўздан, ҳар бир эзгу ишдан нур, ҳикмат излаган, кўнгилларга қўр бўлган, ижод завқи юрагини лим тўлдирган инсонлар Мирзо Бобур, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуфлар айни навқирон паллада – 47 ёшларида мангуликка рихлат қилганлар. Юракларни оҳларга тўлдирган Охунжон Мадалиев ўтганида атиги 37 ёшда бўлган. Ўлим ҳақ, у ҳеч қачон ҳеч кимдан сўраб келмайди, кекса ёки ёш демайди-да. Бу гал ҳам шундай бўлди, журналистикада ўзининг муносиб ўрнига эга инсон, соҳир овоз соҳиби, оқибатли дўст, меҳрибон ака, суюкли ота, адолатли ва жонкуяр раҳбар, айтиб адо қилиб бўлмас кўпдан-кўп фазилатлар эгаси бўлган Соҳибжон Алижонов 50 ёш довонида йиқилди. Умрнинг қайноқ палласи, фароғатга етган, роҳат кўрадиган, ҳурматларга муносиб ёшда омонатини топширди. “Эй, фалак, бунчалар бешафқат бўлмасанг, яхшига кун кўрсатмаслигинг, ибратга йўғрилган умрга зеб бермаслигинг боиси недир”, деб оҳ чекасан, аммо жавоб йўқ.
    Истеъдодли журналист Соҳибжон Алижонов исм-шарифини мен журналистикага қизиқа бошлаган давримданоқ таниганман. У пайтлар Соҳибжон ака водийдаги ТВда фаолият кўрсатар, мен эса ҳали оддий талаба эдим. Кейин улар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритаётган йиллар мен Андижон телевидениесида иш бошладим.
    Биз ҳамкасб сифатида кўп бора мулоқот қилдик. У пайтлар хизмат сафарига борган журналистларда камера, кассета масалалари доим қийин бир муаммо бўлган. Шунда Соҳибжон ака қўнғироқ қилиб ёрдам сўрарди, шунчалар камтар, самимий эдиларки, “илтимос” билан сўз бошларди. Биздан юқорида ишласа, наҳотки шунчалар камтар, шу қадар камсуқум бўлса-я, деб ўйлардим. 
    Республика хотин-қизлар қўмитасининг матбуот хизматида ишлаётган кезларим Соҳибжон ака “Давр” дастурида фаолият кўрсатарди ва ўша пайтлар қўмита тадбирларини ёритиш масаласида кўп бора илтимос билан чиқардим. Боиси бошлиқлар номидан телевидение раҳбариятига хат билан мурожаат қилиш, тадбирда иштирок этиш юзасидан рухсат олиш, мухбир ва камера ажратиш, съёмкани эфирга узатишдек кўп босқичли жараёнлар анча мураккаб бўлиб, ҳам анчагина вақтни оларди, ҳам асабларни таранглаштирар эди. Айрим тадбирлар кутилмаганда ташкил этилиб, табиийки хат-ҳужжатларга улгурмай ҳам қолардик.
   Шунда Соҳибжон акага сим қоқиб, салом-аликни қуюқ бошлашимдан ниятимни сезар, ҳазиломуз тарзда “мақсадга ўтинг”, дерди. Кейин самимий ёрдам бериб, “Шахсий масала эмас-ку, асло хижолат тортманг, муҳими, тадбирнинг оммабоп ёритилиши”, дея алқаб қўярди.
   Бир гал 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” байрами муносабати билан қўмита фаолиятини ёритаётган журналистларни тақдирлаш бўйича алоҳида топшириқ олдик. Раҳбар рўйхат тузишимизни буюрди, табиийки, доим топшириқларимизга ўз кўмагини аямай келган Соҳибжон ака ҳам мазкур рўйхатга киритилди. Байрам тадбири арафасида уларга сим қоққанимда жуда хурсанд бўлдилар ва чуқур миннатдорлик билдириб, қўмита фаолиятини ёритишда жонбозлик кўрсатаётган бошқа журналистни тақдирлашимизни сўрадилар. “Нега”, деган саволимга камтарлик билан “шуниси маъқул”, дегандилар.
   Соҳибжон ака одил раҳбар, салоҳиятли, тафаккури кенг, мулоҳазакор шахс бўлиш билан бирга сиёсатни, иқтисодиётни, адабиётни, шеъриятни нозик дид билан таҳлил қила оладиган заковатли инсон эдилар. Уларни инсон кўнглини авайлайдиган, ўзгаларга ҳамиша яхшилик соғиниб яшайдиган, чин маънодаги ибратли умр соҳиби эканини кўп бора гувоҳи бўлганман. 
    Республика Маънавият ва маърифат марказига ишга борганимда Садоқат исмли очиққина, кулиб турадиган, камтар, самимий қиз билан жуда тез чиқишиб кетдим. У билан биргаликда тадбирларни ташкил этар эдик. Тушликни бирга қилиб, меҳмонларга борардик, дўконлар айланардик. Оиласи, турмуш ўртоғи, фарзанди ҳақида тўлиб-тошиб гапирадиган Садоқат иш тугади дегунча ҳамиша уйга шошарди. Пазанда, оқила ва ниҳоятда зийрак қиз эди. Ўзи ёш бўлса-да, шунча сифатлари бор экан, дея жуда ҳурмат қилардим.
    Бир яқин дугонам унинг Соҳибжон Алижоновнинг фарзанди эканлигини айтмагунча, ўзидан бирор маротаба бу ҳақида эшитмадим. Демак, бу инсон фарзандлар тарбиясида ҳам ҳавас қиларли умр кечиргани, уларнинг тақдирида муносиб ўрин тутганини, меҳрибон ва намунали ота бўлганини англадим. Чунки, Садоқат отасининг мансабидан бирор жойда, бирор маротаба фойдаланганини ҳеч сезмаганмиз.
   Бир гал Соҳибжон акадан журналистика факультетида таҳсил олаётган бир танишимнинг ўғлини “Давр” дастурида амалиёт ўташига ёрдам беришини илтимос қилдим. Шунда улар: “Феруза, талабамиз амалиётга вақт ўтказиш учунгина келса, бу яхшимас. Агар шу ерда устозлардан иш ўрганаман, шу соҳанинг етук мутахассиси бўламан деса, марҳамат, эшигимиз доимо очиқ”, деган эдилар қатъий оҳангда. Бугун амалиёт ўтаган ўша йигит ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлган, аллақачон раҳбарлик даражасига ҳам етган.
    Соҳибжон аканинг ҳаёти ва фаолияти кўпларга ибрат намунаси бўлди. Қўли билан, сўзи билан, амали билан яхшилик қила олган бу катта қалб соҳиби ҳақида ўйлаганимда хотираларим қатларидан бир-биридан чиройли ва самимий воқеалар чиқиб келаверади.
    2022 йили қандли диабет касаллиги билан шифокор назоратида турувчи онам тўсатдан инсульт бўлиб қолдилар. Андижонга қараб чопдим, ўша пайтда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаётган Салоҳиддин Юсуповга бу ҳақида айтганимда: “Хавотир олманг, бир журналистимизнинг онасини даволай олмасак, нима қилиб ўтирибмиз бу ерда”, деб неки имкон бўлса қилди. Оғир аҳволда шифохонага ётқизилган онам тузалиб, ўз оёғи билан юриб чиқди. Ўша пайтдаги менинг қувончли ҳолатимни сўз билан ифодалаб бўлмасди. Салоҳиддин акага қандай миннатдорлик билдиришни билмасдим. Улар бўлса: “Феруза, менинг онам оламдан ўтган, қани ҳозир ҳаёт бўлганида эди, сиз хижолат тортманг, бемор она борки, барчасини онам сифатида қабул қиламан ва уларни оёққа турғазишга қўлимдан келганча ҳаракат қиламан”, дея тинчлантирди. Лекин менга бу инсоннинг яхшилигига жавоб қайтаришим керак, деган ўй тинчлик бермасди. Ўйлаб-ўйлаб бир куни Соҳибжон акага сим қоқдим, вазиятни тушунтирдим ва “Салоҳиддин ака журналистларни қадрлайдиган, сўзни эъзозлайдиган яхши инсон, билимли ёш раҳбар, уларнинг фаолияти ҳақида “Ўзбекистон-24” каналига кичик бир лавҳа тайёрласа бўлармикин?” дея илтимос қилдим. Шунда Соҳибжон ака: “Жуда яхши ўйлабсиз, Феруза. Мен фикрингизни қўллаб-қувватлайман. Келинг, синглимизга яхшилик қилган инсонга биз ҳам яхшилик билан жавоб қайтарайлик. Улар фаолияти ҳақида лавҳа кичиклик қилади, Давлатимиз раҳбари Андижонга ташриф билан борганларида вилоят тиббиётига ҳам алоҳида тўхталган эдилар. Яхшиси, биз бир чиройли таҳлилий кўрсатув қила қоламиз”, дедилар.
    Орадан кўп ўтмай, Андижоннинг тиббиёт тизимига бағишланган 20 дақиқалик таҳлилий кўрсатув тайёрланди ва эфирга узатилди. “Соҳибжон ака, бу яхшилигингизни энди мен қандай узаман”, десам: “Синглим онани асранг,
Салоҳиддин акадек мен ҳам онамни йўқотдим. Сизнинг онангиз ҳаёт, бизга муҳими шу”, дедилар. 
    Соҳибжон аканинг вафоти менга ёзда чаққан чақмоқдай қаттиқ таъсир қилди. Сира ишона олмадим, боиси уларнинг яхшилигига мен ҳали жавоб қайтариб улгурмаган эдим. Наҳотки, нега? Ўша кун фақат шу сўзни айтдим. Соҳибжон ака яхши инсон эдилар, яхшилик қилишга доим шай, яхшилик қилиб чарчамайдиган сиймо эдилар.
   Умрининг, ҳаётининг мазмунини ўз касбида файзли қилган, ижодда ўзини бахтли билган беназир инсон Соҳибжон Алижонов гарчи қисқа умр кечирган бўлса-да, миллий журналистикамизда муносиб из қолдирди. Ортидан ажойиб фарзандлар, истеъдодли шогирдлар ва садоқатли дўстлар қолдирди. Ҳаётлигида жуда кўп хайрли ишлар қилишга улгурганига у ҳақидаги хотираларни ўқиб ҳам гувоҳ бўлдим. Улардан яхшилик кўрган бир мен эмас эканман, улар жуда кўпчиликни ташкил этаркан, деган хулосага келдим. 
    Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, инсон тақдирида исмларнинг ўрни беқиёс. Баъзан исмлар ҳам қайсидир маънода тақдирингга дахлдор бўлиб қолади.
    Соҳибжон ака исмига хос яхшиликка дўст, меҳрга тимсол, эзгуликка дохил инсон эдилар. Демак, исми жисмига монанд кишилар шундай, ҳатто бу оламни тарк этсалар-да, ортида қолганларнинг юрагига оғриқ солиб кетаркан-да. Энди уларнинг хотираси қалбларимизда мангу яшайди, дуоларимизда унутмаймиз, мудом ёдимизда сақлаймиз. Фақат у ҳақида ўйлаганимизда комил инсон ҳотираси қуйидаги шеър каби юрагимизга оғриқ, қалбимизга изтироб солади:

Куй авжида узилмасин тор,
Шеър ярмида синмасин қалам.
Яшаб бўлмай умрини зинҳор,
Бу дунёдан кетмасин одам.

Қўлдан тушиб синмасин қадаҳ,
Лаб текканда тўкилмасин май.
Тўхтамасин уриб турган қалб,
Бошлаб қўйган қўшиғи битмай.

Феруза ОРИПОВА,
“Саодат” журнали масъул котиби,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот