Ташқи кўринишим сабаб омадим чопган


  Бугунги суҳбатдошимиз комик роллар ижрочиси, ёш ва таниқли актёр, Ўзбекистон Давлат ёш томошабинлар театрининг актёри - Асқар Ҳикматов бўлди. Биз у билан ҳаёт, ижод, кино ва театр ҳақида суҳбатлашдик. 
- Асқар, сизни комик актиёр сифатида яхши биламиз. Нега айнан комик роллар ижро этасиз? Бунга сабаб ташқи кўринишингизми ёки характерингизда комедияга мойиллик кучлими?
- Табиатадан қувноқ ва хушчақчақ йигитман. Характеримда комедияга мойиллик кучли. Лекин томошабин тасаввур қилган даражада комик инсон эмасман яъни ҳаётда ўйнаган ролларимга нисбатан анча жиддийман. Ташқи кўринишим, бўйи-бастим, хатти-ҳаракатим қувноқликка тортгани учунми, кўпинча мени комедия жанридаги фильмларга таклиф этишади. Қайсидир маънода шу туфайли ҳам омадим чопгандир. Чунки ташқи кўринишга ҳам кўп нарса боғлиқ. 
- Репертуарингизда жиддий роллар ҳам борми?
- Йўқ, ўта жиддий ролларим йўқ. Чунки менга берилаётган қаҳрамонларнинг ҳаммаси ижобий. Ҳали жиддий ролда намоён бўлмадим
- Шундай роллар беришса ижро этармидингиз?
- Албатта. Чунки мен актёрман. Актёр комедия, трагедияда ҳам ёки салбий ва ижобий ролларда ҳам бемалол ўзини кўрсата олиши керак. Мен шунга тайёрман. Қайси режиссёр мени шундай ролларга таклиф этаркин, деб кутяпман. 
- Таклифлар ҳам бўляптими?
- Мен кутган даражада эмас. Жиддий образларга таклифлар ҳали менинг кўнглимдагидек эмас. Яна ўша қувноқ, хушчақчақ ва ижобий ролларга таклифлар кўп. Агар менга шу пайтгача ўйнаган образларимга қарама-қарши бўлган роллар беришса жон деб ўйнаган бўлар эдим. 
- Айни пайтда кўзга кўринган актёрлардан бирисиз. Сценарийларни танлаш борасида нималарга аҳамият қаратяпсиз?
- Албатта, сценарийларга жиддий эътибор беряпман. Олдинлари  яъни 2009-2010 йиллар сценарий танланмасди. Сабаби биринчидан, ҳали у пайтлар кино санъатига энди кириб келаётган ёш актёрлардан эдим, иккинчидан устозларимизнинг киноларида роль ўйнаётганим учун сценарийга аҳамият бермасдим. Чунки устозларники яхши фильм бўлиши аниқ эди. Бугунги кунга келиб, сценарийнавислар жуда кўпайиб кетди. Айниқса, ёш ижодкорлардан. Эндигина ўқишни битирган режиссёрлар бор. Биринчи марта кино олаётган режиссёрларнинг фильмларига ҳам таклифлар бўляпти. Аммо хоҳлаймизми-йўқми, уларда тажриба кам. Шу боис сценарийни танлашга мажбурмиз. Айни кунларда ҳам менга 3-4 та фильмлардан таклифлар тушди. Сценарийни ўқиб кўрсам анча саёз. Мен ўзимни бу фильмда кўра олмадим ва улар хафа бўлишса-да, рад жавобини беришга мажбур бўлдим. Қўлдан келганча сценарийнинг қайси жойлари саёзлигини кўрсатишга ҳаракат қилиб, тўғрилаб келишларини айтдим, албатта. Ҳозир тўғрилашяпти шекилли. 
- Яна комик ролгами?
- Албатта, яна комедия. 
- Комедия мураккаб жанрлардан бири эканлигини яхши биламиз. Сизнингча, комик актёр бўлишнинг машаққатлари ва афзалликлари нимада?
- Ўзбек халқининг комедияга мойиллиги жуда кучли. Аския, пайров, турли қочиримли гаплар уларнинг жону-дили десам адашмаган бўламан. Халқимиз жангари, ур-сур ёки фожиавий фильмлардан кўра комик фильмларни мароқ билан томоша қилишади. Афзаллиги ана шунда менимча. Агар сиз маҳоратли комик актёр бўлсангиз халқнинг кўнглидан жой олиш осон. Лекин шу билан бирга бу ролни маромига етказиб ўйнаш анча қийин. Сал ошириб юборсангиз бачканалик бўлиб қолади, камайиб кетса ўхшатолмабди, ишонарли эмас, дейишади. Комедияда меъёрни билиш муҳим аҳамиятга эга. Томошабин ўйнаётган ролимизга ишонмаса фильмнинг охиригача бизга эргашмайди.
- Комик ролларни ижро этаётганингизда ролга тез киришиб кета оласизми?
- Албатта. Тайёргарлик жараёни деярли бўлмайди. Сабаби съёмка вақтида тайёргарлик кўриб олишимиз учун бизга вақт етмайди. Мен уч йил коллежда, тўрт йил институтда таҳсил олганман. Ҳар қандай ролга тайёргарлик жараёни ана шу пайтда бўлар экан. Бор билим ва маҳоратни шу даргоҳларда ўргандик, деб ўйлайман. Актёрлар камера олдида тез ролга киришиб, тез ижро қилиб бериши керак. Мен учун ролга киришиш мушкул иш эмас. Менга роль бажаришдан кўра микрофон ушлаб, тўртта одамнинг олдида гапириш машаққатлироқ. Миллонта одамнинг олдида бемалол рол ижро этишимиз мумкиндир, аммо сўзамоллик қўлимдан келмайди. Мен кўпроқ роль ижро этсам ўзимни эркин ҳис этаман. 
- Кейинги пайтда киноларда жуда кам кўриняпсиз? Бунинг сабаби нимада?
- Сабаблари жуда кўп. Биринчиси, мен кутган сценарийлар йўқ. Кўп бемаъни ролларда чиққандан кўра озгина танаффус қилишни маъқул кўрдим. Бундан ташқари, бир оёғимиз театрга боғланган. У ердаги спектаклларда  роллар ижро этяпман. Бундан ташқари, вақт масаласи ҳам жуда тиғиз. Яқинда янги бир сериал бошладик. Ишчи номи “Дўстлар” деб номланган. Унда бош роллардан бирини ижро этяпман. Бу ҳам комедия жанрида. Режиссёри - Дилшода Қосимова. 
- Аксарият санъаткорлар вақт етишмаётганлигидан нолишади. Сизда ҳам вақт масаласи қийинми ва дам олишга бир кунда қанча вақт ажратасиз? Ишларингизни режалаштирасизми?
- Албатта, режалаштираман. Лекин кутилмаган ҳолатлар режаларимни чипакка  чиқариб туради. Айниқса, уйда. Инсон фарзандли бўлгач, боласи гоҳ шамоллаб қолса, гоҳ муздек сув ичиб, тамоғини оғритиб қўяркан. Ана шундай кезларда режадан чиқишга мажбурман. Бошқа пайтлар ҳамма ишимга тартиб билан улгуришга ҳаракат қиламан. Мана масалан, бугун театрда бўлдим, сизга интерью беряман. Бироздан кейин репетеция бошланади. Бу ердан чиқиб, боламни боғчадан олишим керак. Уни уйга ташлаб, сериалдаги ролим  учун офисга йиғилиб, эртанги  съёмка жараёнига тайёрланаман. Дам олишим бу ишдан у ишга кетаётган пайтимдаги вақт бўлса керак. Боламни боғчадан олишгача бўлган вақт оралиғида дам олсам керак, менимча. 
- Ҳаётда кўпроқ кимга ва нимага суянасиз?
- Охирги кунларда шуни англадимки, инсон бу ҳаётда фақат ўзига суянмаса унга ҳеч ким суянчиқ бўлолмас экан. Албатта, бу ота-онадан ташқари. Чунки, инсонга ҳар қандай вазиятда ҳам ота-онасидан бошқа суянадиган ва ишонадиган кишиси бўлмайди. Қийин вазиятларга ота-онага суянамиз ва шу билан бирга уларга оғиримиз тушишини ҳам истамаймиз. Қайсидир ташвишлар билан ота-онани безовта қилиш яхши эмас, менимча. Сабаби, ота-она фарзандининг ташвишини юрагига жуда яқин олади. Бу ўзининг бошига тушса матонат билан чидаши мумкин. Аммо фарзандининг қайғусига ҳеч бир ота-она чидаб туролмайди, менимча. Шунинг учун инсон аввало, ўз-ўзига суянса эрта бир куни роҳатини ҳам кўради. Ҳеч кимдан миннатли гап эшитмайди.
- Биламизки, актёрларнинг маоши жуда кам. Топаётганларингиз сизни қониқтиряптими?
- Қониқтиряпти. Сабаби, мен ўзим кам ишлаяпман. Агар кўпроқ ишлаганимда бундан ҳам кўпроқ топишим, моддий имкониятларимни кенгайтиришим мумкин эди. Қайсидир томондан дангасалик қиляпман, деб ўйлайман. Маошим, кино ва рекламалардан топаётганим ўзбекча айтганда қора қозонимга етса бўлди. Ундан ошиғини кутаётганим йўқ. Агар мен кўпроқ ҳаракат  қилсам, янада кўпроқ топишим ва бемалол уй-жой қиладиган маблағга эришишим  мумкин. Ҳозир янада кўпроқ ишлашга қодирлигимни ўзим яхши ҳис қилиб турибман. Фақат бироз дангасалигимни енгсам бўлди. Демоқчи бўлганим, қанча маблағ топишим ўзимга боғлиқ. 
- “Ўзимизнинг йигитлар” телевизион шоуси нега айни кунларда давом этмаяпти?
- Сабаби, телеканал билан моддий томонлама бироз келишмовчилик бўлди. Яъни бизга маош тўлаш ва декорация масалаларида тушунмовчиликлар бўлди. 
- Бошқа каналларда давом эттиришга ҳаракат қилмадингларми? Сабаби ушбу шоунинг ўз мухлислари бор эди. Ана шу мухлисларни йўқотиб қўйишдан қўрқмайсизларми?
- Тўғри, шу кунларда кўпчилик мухлислар тинимсиз сўрашяпти. Биз озгина танаффус қилиб, шоуни янада бошқачароқ кўринишда томошабинлар эътиборига ҳавола қилиш ниятидамиз. Эҳтимол бу бошқа каналда бўлар, лекин барибир давом эттирамиз. 
- Нега айнан ёш телетомошабинлар театрида ишлашни маъқул кўргансиз?
- Чунки ўзим болажонман. Спектаклларда рол ўйнаётганда мазза қиламан.  Айниқса, болалар спектакьл жараёнида сиз билан қўшилиб кулса, қайғули саҳналарда астойдил хафа бўлса, ўзимни бошқача ҳис қиламан. Болалар  ҳамма нарсани борича қабул қилади. Саҳнадаги воқеаларни рост деб ўйлашади.
- Демак бу театрда ишлаш осонроқ...
- Аксинча, жуда қийин. Чунки, болалар ишонувчан бўлса-да, уларни  алдаш қийин. Уларнинг характерини ўрганиш учун керак бўлса боламга қўшилиб, мултьфильм томоша қиламан. Чунки мультфильмлардаги  образлар жуда ёрқин ва енгил. Мен ундаги қаҳрамонлардан нималарнидир ўрганаман. Баъзи ҳолатда болаларни жуда осон ишонтирамиз, баъзи ҳолатларда эса тескариси. Сабаби улар бунақа эмаслигини билиб туради. Масалан, биз сценарий бўйича ортимизда турган актёрни кўрмаслигимиз керак. Лекин зални тўлдириб турган беш юзта бола ортингиздаги партнёрингизни “Ана, ортингда турибди-ку!” “Ортингга қара! ”, “Қарасанг-чи!”, - дея кўрсатишга ҳаракат қилишади. Аммо биз барибир партнёримизни кўрмаслигимиз керак. Шу жойларида болалар ишонмай қолиши мумкин. “Ахир биз айтдик-ку, унинг ортида турганлигини, лекин нега кўрмасликка олади”, - дея ҳафсаласи пир бўлиши мумкин. Қийинлиги шунда. Шундай кезларда “А? Эшитмаяпман! Нима деяпсизлар?”, - дея болажонларга мурожаат этиб, чалғитишга ҳаракат қиламиз. Масалан, яна бирор қаҳрамон саҳнада беркиниб олса, уни шериги қидиришга  тушади. Бекиниб турган қаҳрамон томошабинларга кўриниб туради, албатта. Қаерга кетди-я, бу, - дея саҳнада қидира бошласак тамом, шу заҳоти болалар яна жўр бўлиб: “Ана, дарахтнинг панасида турибди”, “Дарахтнинг ортига ўт, кўрасан!” дея бақиришади. Баъзи пайт болалар саҳнага ҳам югуриб чиқишади.
- Шундай пайтларда кулиб юбормайсизларми?
- Кулмай бўладими?! Кулиб юборамиз, албатта. Партнёримиз ҳам ўзимиз ҳам кулиб юборган пайтларимиз кўп бўлади. Мана шу томонлари завқли бу театрда ишлашнинг. 
- Ўйнаган ролларингизга ота-онангиз эътироз билдиришадими? 
- Йўқ, улар фақат мақташади. Чунки ҳеч қайси ота-она фарзандининг кўнглини чўктиришни истамайди. Фақат яхши ва ижобий фикрлар билдиришади. 
- Устозларингиз-чи?
- О, устозлар албатта танқид қилишади. Улар камдан-кам мақташади. Боиси, устозлар ролларимизни янада мукаммалроқ ўйнашимизни ва моҳир актёр бўлишимизни исташади.  Хатоларимизни кўра олишади, ютуқларимизни ривожлантиришга туртки беришади. Шогирдлар устозидан мақтов кутмайди ҳеч қачон. 
- Устозларингиз кимлар?
- Устозларим жуда кўп. Энг биринчи устозларимдан бири - Шоира Ҳамидова. У киши бизга институтда курс раҳбари бўлганлар.  Бугунги кундаги устозларимдан бири эса кинорежиссёр - Жаҳонгир Аҳмедовдир. Жаҳонгир ака мен ўқишни битирар-битирмас кичик эпизод ролга таклиф қилганди. Кейинчалик эпизод роллар бош ролларга айланди. Умуман кашф қилиш борасида, яъни мени шунақа ампулада  намоён қилган инсон ҳам Жаҳонгир Аҳмедов бўлади. Жаҳонгир акани энг керакли танқидий фикрларни айта  оладиган устозларимдин бири деб биламан. 
- Агар ўзингиз режиссёр бўлганингизда кимларнинг асарларига мурожаат қилган бўлардингиз?
- Режиссёрликка даъвогарлигим йўқ-ку, аммо шунай имкон бўлса драматург Шароф Бошбековнинг асарларига мурожаат қилган бўлардим. Чунки у кишининг комедияларида  чуқур маъно бор ва ҳар қандай даврда ҳам долзарблигини йўқотмайди. Масалан, “Тушов узган тулпорлар”, “Масхарабоз” ва бошқа-бошқа.
- Инсонлардаги сиз қадрлайдиган ва ғашингизга тегадиган жиҳатлар...
- Самимийлик, ростгўйликни яхши кўраман. Қандай бўлса шундайлигича намоён бўладиган одамларни қадрлайман. Катта гапирадиган, қўлидан келмайдиган ишларни бажаришга ваъда берадиган кимсаларни ёқтирмайман. Сохталикни ёмон кўраман. Масалан, ўзим ҳар қандай вазиятда ҳам рост гапиришга ҳаракат қиламан. Рост гапирсам муаммоларим ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетишини сезганман. Съёмкаларга кеч қолсам ҳам ростини айтаман. Ухлаб қолганлигимни айтишдан уялмайман. Ҳеч қачон ўзимни оқлаш учун ёлғон баҳоналар тўқимайман. Тўғри, кечга қолганлигим учун хафа бўлишади, лекин ростини айтганим учун кечиришади. 
- Бугун кўпчилик санъаткорлар ижтимоий тармоқларда жуда фаол. Аммо сизда аксинча. Бунга вақтингиз етмайдими? 
- Гап вақтда эмас. Мен бундай тармоқлардан маза топмадим, тўғриси. Фильмларимни реклама қилиш учун суратлар қўйиб тураман гоҳида. Лекин куну тун бу ерда бўлиш менга маъқул эмас. Менинг фаолиятим бу ерда эмас, саҳнада. Ўн минут Инстаграм тармоғида ўтиргандан кўра, икки соат яхши бир фильм кўриш маъқул менга. 
- Съёмка жараёнидаги қизиқарли воқеалардан айтиб ўтсангиз
- Бундай воқеалар жуда кўп бўлади. Масалан, “Тундан тонггача” фильмидаги мени ит қувлайдиган саҳна ҳам қизиқарли, ҳам қўрқинчли бўлган. Бунинг учун ўргатилган итни эгаси билан бирга жалб қилганмиз, албатта. Аммо ит ўргатилган бўлсада, тишлаши мумкин экан. Эгаси шу гапни айтгач менда қўрқув бошланди. Съёмкадан олдин колбаса бериб, итни ўзимга ўргатмоқчи бўлдим. Лекин эгаси бировнинг қўлидан овқат бериш мумкин эмас, деб рози бўлмади. Шунинг учун ит билан мулоқотга киришолмадим. Съёмка жараёнида кадр ортидаги 30 нафар ижодий гуруҳ аъзоси қотиб-қотиб кулишди. Мени эса қўрқув эгаллади. Биринчи дубльда итнинг оғзида симтўсиқ бор эди. Ортимдан қўйворишганда у менга етиб олди-ю, аммо тишлолмади. Лекин тишлашга  жон-жаҳди билан ҳаракат қилди.  Афсуски, биринчи дубль рад этилди. Чунки итнинг оғзидаги симтўсиқ  тасвирда кўриниб қолганди. Тўсиқни оламиз, дейишди. Ана энди кўринг, менинг дағ-дағ титрашимни. Йўқ, керакмас, десам ҳам рози бўлишмади. Бешгача санаб итни қўворишлари керак ортимдан. Шу бешгача саналгунча узоқроқ қочиш учун оёғимни қўлимга олиб югурдим. Аммо итни эгаси олдин уни жаҳлини чиқармасангиз сизни қувмайди, дейди. Ўзимга ўзим чоҳ қазигандек қўлимни силкитиб, обдон итнинг жаҳлини чиқардим ва қочдим. Ит ортимдан отилди. Менга етиб олиши билан ерга ётиб олдим. Чунки ерга ётганда бу ит тишламас экан.
- Шундай  вазиятларда актёрларнинг ҳаёти суғурта қилинадими? Ахир бу жудаям хавфли-ку!
- Йўқ,  суғурта қилинмайди. Бу актёр билан келишиш жараёнида ҳал этиладиган масала, менимча. Агар мен ётиб олганимда ҳам ит мени тишлаб олса, балки нимадир чора кўрилиши мумкин эди. Яъни бу ҳолатдан ҳимояланиш учун аввало мен рози бўлмаслигим керак эди. Менга ётиб олсангиз ит тишламайди, деган гап далда бўлганлиги учун мен бу вазиятга рози бўлдим. Бундай ҳолатда орада ҳеч қандай тушунмовчилик бўлмайди, назаримда. 
- Келгусидаги режаларингиз қандай?
- “Ўзимизнинг йигитлар” гуруҳи билан қизиқарли бир фильм олиш ниятидамиз. Келгусидаги режаларимиздан бири шу.
- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Суҳбатдош - Гулруҳ ЁРМАТОВА.
 Манба: "Бекажон" газетаси. 2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот