Сеҳрли оламга элтувчи лаҳзалар


Йил бўсағасидаги вақт

    Янги йил – бу шунчаки тақвимнинг варақланган саҳифаси ёки рақамларнинг ўзгариши эмас, балки вақтнинг ўзига хос лаҳзасида бироз муддат тўхтаб, ортга, босиб ўтган йўлларимизга қараш ва келажакка назар ташлаш имконини берадиган лаҳзадир. Бу – йил якунидаги ягона, ўзига хос тўхташ бекати, йилнинг тугалланиш нуқтаси. Ўтган давр мобайнида қилинган ишларни сарҳисоб қилиш палласи. Бу даврда қувонч ва қайғу бир оҳангга йўғрилиб, қалбда чуқур ўй-фикрлар уйғотади. 
    Йилдан-йилга бармоқ орасидан қум зарраси каби тўкилаётган кунларимиз шиддат билан ўтиб бормоқда. 
    Болаликдаги содда ва гўзал орзулар, улкан мақсадлар билан алмашади. 
    Байрам дастурхонини ёзар эканмиз, беихтиёр бахтиёр ва ғамгин кунларимизни хаёлдан ўтказамиз... Янги йил билан табриклайдиган кишиларимиз баробарида, эндиликда хотирага айланган инсонларимизни ҳам ёдга оламиз. 
 Зеро, янги йилгача етиб келмаганлар бор. Йўқотган инсонларимизнинг сўзлари, кулишлари ҳали ҳам онгимиз йўлакларида янграйди, жаранглайди, лекин уларни на телефон орқали табриклай оласиз ва на йўқлаб. Фақатгина дуо қилиб хотирлаймиз, холос. Уларнинг бу дунёни тарк этиши шунчаки йўқотиш эмас, балки қалбимиз манзарасининг ўзгариши ҳамдир. Лекин, эҳтимол айнан янги йил кечасида улар бизнинг сокин ҳаммуаллифларимизга айланишади. Биз уларнинг анъаналарини давом эттирамиз, ҳазил-мутойиба қиламиз ва улар билан боғлиқ эсда қолган воқеаларни ёдга оламиз. Улар хотирамизда ғойибона мавжуд бўлиб, бизга ҳаёт давом этаётганини эслатиб туради.

Амалга ошган орзулар ва армонлар 

    Ўтган йилларга назар ташласак, ўтмишни кўрамиз.
    Ўтган йилдаги воқеалар, учрашувлар, хайрлашувлар силсиласидан иборат хотиралар эндиликда бутун бошли  тарихга айланди. Ушалган орзулар кўпинча биз ўйлаганчалик кўнглимизни тўлдирмаслиги ҳам мумкин. 
    Армонларимиз эса – бу бизнинг ушалмаган орзуларимиз, зое кетган ва ортга қайтариб бўлмас умрларимиздир. 
    Баъзан бу ғамгинлик учун сабаб бўлса, баъзида тасалли беради. Қисмат экан деб ўзимизни овутамиз, шукур айтишдан ўзга чорамиз қолмайди.
    Қувончли кунлар бизни бахт сари етаклаётгандек туюлса-да, йўқотишлар бизни теран фикрлашга, қувончу қайғулар ўткинчи эканлигига ўргатади. Нур бўлмаса соя ҳам бўлмагани каби, ҳаётимиз туйнугидаги ёриқлар орқали қалб оламига нур кириши учун имкон туғилади. Сабрни, ҳар кимга ишонмасликни, қуёш барчага баробар зиё таратгани янглиғ яхшилик қилишда давом этиш – инсониятни ҳалокатдан асрашини ўрганамиз. 

Ҳаёт ва хаёл фалсафаси

    Янги йилда мўъжиза ва янги имкониятларга ишонгинг келади. Яна режалар тузамиз, орзу ва умид қиламиз. Энг эзгу тилаклар ҳар бир кишининг қалбида пайдо бўлсин! Болаликдан янги йилда мўъжиза кутишга ўрганиб қолганмиз, аммо мўъжиза ташқи воқелик эмас, балки ички ҳодиса эканини гоҳида унутиб қўямиз.
   Атрофимиздаги дунё ташвишли ва ўзгарувчан бўлиши мумкин, аммо деразадан хонага таралаётган сокин ёруғлик ва севимли инсонингизнинг борлиги, севиб, севилиб яшаётганингиз, кимларгадир керакли эканингиз – буларнинг бари курраи заминимизда инсонийлик, меҳр-оқибат тушунчаларини ушлаб турадиган занжирдир. Биз янги йилга оқ қоғоз билан кирмаймиз, вақт бизни ҳаётимизнинг янги боби бошланаётган китоб билан таништиради. Ва унда эзгулик ва савоб ишлар учун жой бўладими ёки йўқми, бу фақат бизнинг аввалги ва кейинги аъмолимизга боғлиқ.
    Қай даражада кечиримли ёки қасоскормиз, қанчалик мулойим ё қўполмиз, қалбимизда муҳаббат куртак отишда давом этаяптими ёки нафрат олови жизғанак қилаяптими.
    Ташқарида – кумуш қиш фасли. Ҳозиргина шунчаки совуқ бўлган ҳаво тўсатдан қуёш нурлари билан тўлиши ҳам, ёмғир ёхуд қорга айланиши ҳам мумкин.
    Қор зарралари қорга эмас, балки оламга сочилган биллур шакарга айланади. Бу тўхтовсиз югураётган соат, дақиқа ва сониялар – янги йил арафаси, соат милларининг юришини тезлаштираётгандек туюладиган ва бизга ортга қарашимиз учун охирги имкониятни берадиган вақт мезони ва ўлчовидир.
    Йиллар мобайнида ҳаёт аталмиш уммонда орттирилган тажриба ё соҳилга элтади ёки умид билан яшашга ўргатади.
    Онгимизнинг қайсидир бурчагида йўқликка айланган кунларимиз кўз ўнгимизда кино тасмасидек кетма-кет ўтади. 
    Мана, болаликдаги беғубор ва самимий кулгиларингиз, бахтли лаҳзалар... уларни кафтларингизда парвона каби ушлаб тургингиз келади. Аммо нурни кафтингизда тутиб туролмаганингиз каби, улар ҳам тутқич бермай ўтмишга қочиб кетади. Буниси эса – сокин ғамгинлик, омадсизлик, ўша пайтда дунё кўзингизга қоронғу бўлиб туюлганди, энди эса у кунлар фақат тажриба сифатида хотирага айланиб, юзларингизга ажин билан муҳрини босиб, сочларингизни ҳам қишдаги қору қиров каби ўз рангига бўяйди. Шунда ўзимизга тасалли берамиз. Сафимизни тарк этган яқин инсонларимизни эслаш орқали биз уларни ақалли хотирамизда бўлса ҳаётга қайтаргандек бўламиз. Хаёлан улар билан суҳбатлашамиз, ҳаққиларига дуо қиламиз...
    Янги йил баайни ота-онанинг эгизак фарзандлари кабидир, булар – Хотира ва Умид. Уларнинг бири бизга шукр қилиш ва камтарликни ўргатса, иккинчиси қаноатли бўлишга ундаб, қанот бағишлаб, орзулар оламида парвоз қилишга чорлайди. Биз яна орзу қиламиз хаёлпараст бўлиб қолмаслик учун, орзуларимизни рўёбга чиқариш учун астойдил интиламиз. Яна болалардек ҳаётимиз саҳифаларини янгидан бошлаш мумкинлигига ишонамиз. Соатнинг миллари роппа-роса 12 га келиб, бонг уриши билан эски гиналарни тўнимизнинг чангини қоққандай қоқиб ташлаш мумкинлиги англаймиз. Олдинда нималар бор, бизни яна қандай синов, синоат ва шодликлар кутмоқда? 
    Бу йилда нафақат 365 кун, балки феъл-атворимизни яхши томонга ўзгартириш, кучлироқ севиш, бошқаларни янада чуқурроқ тушуниш учун 365 та имконият бор демакдир.
    Бу оқшом нозик чегарада турибди. Қувонч - ҳаётда борлигимиздан, яқин инсонларимиз билан бирга эканлигимиздан, ҳаёт бўронларидан ўтганимиздан ва ғалаба қозонганимиздан далолат беради. Ортга қайтмайдиган кунларимиз, инсонларимиз, амалга ошмаган ишларимиз учун ачиниш – ички зиддиятни келтириб чиқаради, холос. 
    Янги йил бизга болалигимиздаги каби соддаларча ЭРТАКЛАРга ишонишни эмас, балки ёрқин лаҳзаларни қадрлаш, ҳақиқат учун курашиш жасоратини олиб келсин. Ҳаётимиздаги булутли кунларда қоронғиликлардан дадил ўтиш ва бўрону тўфонлар остида ҳам олдинга интилайлик. Саломат бўлсак, қалбларимиз эзгуликка лиммо-лим бўлса, ўтмишдан сабоқ чиқара олсак, келажакка дадил қарашга ўзимизда куч топамиз.Яқинларингизни, ҳар бир бахтли лаҳзаларингизни қадрланг ва очиқ қалб билан орзуларингизни амалга оширишга интилинг!
    Муҳтарам ва қадрли дўстлар! Барчангизни кириб келаётган янги йил билан чин қалбимиздан муборакбод этиб, ҳаммангизга дунёдаги жамики энг юксак истакларни тилаймиз!!!  Янги йил янада ёруғ кунлар, ижобий ўзгаришлар олиб келсин! Ҳамиша саломат бўлайлик. Илҳом ва бахт ҳамроҳимизга айлансин. Ҳар бир янги кун ўзгача мазмун, завқ-шавқ ва муҳаббатга тўла бўлсин. 

Камоли эҳтиром ила – Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот