ОНА ТИЛИМИЗ – МИЛЛИЙ ХАЗИНАМИЗДИР
Она тили – миллатнинг моддий, маънавий, руҳий ва миллий мавжудлигидир. Уни қадрлаш, яшнатиш, янада ривожлантириш, авлоддан-авлодга мерос қолдириш ҳар биримизнинг инсоний ва фуқаролик бурчимиз ҳисобланади. Она тилимизнинг ривожи миллий онгимизни уйғотади, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлайди. Барча халқлар учун она тили – энг катта қадрият, асосий борлиғимиз, руҳий барқарорлигимиз манбаи. Миллий хазинамизнинг қадрига етмаслик, она тилимизни эътиборсиз қолдириш – кечирилмас бўлмас хатодир!
Ўзбек театрларида давлат тилининг аҳамияти ва долзарб масалалар
Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлди. Бу ўзбек театрларида давлат тилининг аҳамиятини янада оширди ва унинг ролини кучайтирди.
Ўзбек театрлари ўзбек тилининг бадиий-ижодий ифода имкониятларини намоён этувчи энг муҳим майдонлардан бири ҳисобланади. Саҳнада тил воситасида намойиш этиладиган бадиий услуб, ифода тарзи, луғат бойлиги ўзбек тилига хос хусусиятларни ёрқин акс эттириб, томошабинларда тил, талаффуз, сўз бойлигига бўлган эътибор ва қизиқишни оширади.
Айни пайтда, ўзбек театрлари ўзбек тилининг меъёрларига қатъий риоя этиш орқали унинг нуфузини оширишда муҳим вазифани бажаради. Чунки, театр саҳнасидаги нутқ тили (саҳна нутқи) томошабинлар учун намуна ва ўрнак бўлади.
Ўзбекистондаги актёрларнинг ўзбек адабий тилини тарғиб қилишдаги роли
Театр, кино ва телевидение соҳаларида фаолият юритаётган Ўзбекистон актёрлари ўзбек адабий тилини тарғиб қилиш ва оммалаштиришда муҳим роль ўйнайди.
Театр санъати ўзбек тилининг бадиий ифода воситалари саналмиш – сўз луғатининг бойлиги, имловий жиҳатдан тўғри талаффуз қилиниши ва ёзилишини ўзида мужассамлаштиради. Театрда саҳналаштириладиган асарлар орқали актёрлар ўзбек тилининг бой имконияти ва гўзаллигини намоён этади. Айни пайтда, актёрлар ўзбек адабий тилининг меъёрларига қатъий амал қилишлари, тилда вазмин, софлик ва равонлик билан сўзлай олиш каби хусусиятларни мужассамлаштиришлари билан намуна бўлишлари даркор. Томошабинларга бадиий асарлардаги тил жозибасини очиб бериш орқали улар томошабинларда ўзбек тилига нисбатан эҳтиром ва эътиборни ошириш, қизиқиш ҳиссини уйғотиш имкониятига эга бўладилар.
Кинематография ва телевидение соҳаларидаги актёрлар ҳам ўзбек тилини адабий, бадиий ва ижодий тарзда ишлатишда ва тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади. Театр, кино ва телекўрсатувларда актёрларнинг таъсирчан талаффузи ва адабий тилда ифодалашидан унумли фойдаланиш асарларнинг таъсирчанлигини оширади, тилни умумхалқ тилига мослаштиради, замонавий қўлланишларини таъминлайди.
Шу билан бирга, театр маданиятимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш, унинг бадиий имкониятларини тўлиқ очиб бериш, замон талабларига мослаштиришнинг бир қатор долзарб, ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд. Жумладан:
– театрларда ўзига хос ижодий тил мактабини шакллантириш ва уни ривожлантириш;
– саҳна тилининг миллий тил меъёрларига тўлиқ мос келишини таъминлаш;
– ёш актёрларнинг нутқ маданияти ва сўз бойлигини оширишга эътибор қаратиш;
– ўзбек театрлари репертуарини ўзбек тилини тарғиб қилувчи асарлари билан янада бойитиш.
Бу каби вазифаларни изчил ҳал этиш ўзбек театрлари олдида турган долзарб масалалардан ҳисобланади. Уларнинг ижобий ҳал этилиши ўзбек тилининг театр маданиятимиздаги обрўсини янада ошириши билан бирга, жамиятда унга бўлган эътиборни кучайтиради.
Бугунги ёш авлод она тилимизнинг қадрини тушунмаса ёки англамаса, уни қадрлаш ёхуд ҳимоя қилишни хоҳламаса, эртанги кунда тилимизга нисбатан эътибор ва масъулият ҳиссини ҳам йўқотади. Шунинг учун ҳар биримиз ота-боболаримиздан мерос қолган улуғ хазина – она тилимизни асраб-авайлаш, насл-насабидан фахрланиш ва уни юксалтириш бурч ва масъулиятини чуқур англамоғимиз лозим.
Ўзбекистондаги актёрлар ўзбек тилининг сўз бойлигидан спектаклларда, оммавий намойишларда, турли тадбирларда тарғиб қилишда, нуфузи ва мавқеини таъминлашда ҳал қилувчи вазифани бажаришади. Уларнинг ижодий фаолияти тил ривожида муҳим ва масъулиятли вазифа эканлигини эътироф этмоғимиз жоиз.
Санъаткорларимиз ҳам бу масъулиятни ҳар лаҳза ҳис қилишса, тилимиз ривожи учун кўзлаётган улуғ мақсадларимизга етишмоғимиз муқаррардир.
Усмон ЭРАТОВ – Ўзбекистон Театр Арбоблари уюшмаси раис ўринбосари.