Имло ва талаффуз — саводхонликнинг икки қаноти
Ҳар бир фуқаро давлат тилида тўғри сўзлаб, тўғри ёза олсагина фуқаролик бурчини ҳис этган, юрт қисматига дахлдорлик туйғуси билан яшаётган бўлади. Қолаверса, бу миллатпарварлик, маърифатпарварлик, юксак маънавиятимизнинг муҳим белгиси — саводхонлик даражамизга боғлиқ. Саводхонлик эса икки асосга таянади. Бу оғзаки ва ёзма нутқ маданиятига тўла ва тўғри амал қилишдир.
Хўш, биз ҳар иккаласи юзасидан саводхонмиз дея ўз-ўзимизга савол берсак, ижобий жавоб бериш мушкуллигини ҳам биламиз. Гап муаммоларни эътироф этишда эмас, балки натижа учун курашишда. Қандай қилсак, том маънода саводхонлик даражамиз ошади ва маънавиятимиз юксалади? Қандай қилсак, кундалик мулоқотларимиздаги, интернет орқали ёзишмаларимиздаги қусурлардан, кўча-кўйдаги битик ва пешлавҳалардаги, оддий диктант ёзишдаги имловий нуқсонлардан қутуламиз? Бу фикр ҳар иккала имлода — лотин ва кирилл алифбосидаги ёзишмаларимизга ҳам баб-баравар тааллуқли. Буни китоб ва газета мутолаасига эътибор чорак аср мобайнида бир мунча сусайиб келгани билан изоҳлаймиз ҳам. Синчиклаб ўқиш, матн мазмунини уқиш, сўз ва ибораларнинг тўғри ёзилишига эътиборимиз пасайиб кетганини биламиз-у, унга чора излашда эса ўзимизни чеккага оламиз. Токайгача эшитмагандай, кўрмагандай тутамиз ўзимизни?
Инсоф юзасидан айтиш керакки, бу борада дадил ва қутлуғ қадамлар ташланди. Авваламбор, Президентимизнинг давлат тилини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари, қабул қилган қарор ва имзолаган фармонлари бўлди.
Тасаввур қилинг. Мамлакатимиз аҳолисини дейлик, олтмиш фоизини ёшлар ташкил этар экан, лотин ёхуд кирилл алифбоси асосидаги ёзувда қандай ёзишади деган саволни кўндаланг туради. Баъзи идоралараро ёзишмаларда ҳам лотин ёзувида хат жўнатилса, кирилл алифбосида жавоб қайтарилаётгани ҳам сир эмас. Демак, лотин ёзуви расмий алифбо сифатида қабул қилинган экан, бунинг тарғиботи ва оммавийлашувига жиддий қараш керак. Токи, кирилл ҳам лотин ёзувида имло қоидаларининг қўпол бузилиш ҳолатларининг олди олинсин.
Синов орқали билим ва хотира, тафаккур ва синчковлик синалади. Тўғри ва тез ёзиш имкониятларига эга қилиш ва шу асосда саводхонликка эришиш асосий мақсадлардандир. Бунинг энг муҳим жиҳати геймификация, яъни ўйин асосига қурилганидир. Чунки бу барчанинг қизиқишини уйғотади ва ундан барча фойдаланиши асосида ўзининг билими ва саводини синовдан ўтказиши мумкин. Муайян матнни тақдим қилинишида нафақат тўғри ёзиш, балки матн мазмунини билиш ва уқишга интилиш ҳам бор. Бу эса психолингвистик метод сифатида қимматлидир. Бу ўзаро мусобақага киришиш борасида ҳам ижодий мулоқотга чорлайди. Худди онлайн тарзидаги шахмат-шашка мусобақалари каби кишини қизиқтириш орқали завқлантиради. Давлат тилининг нуфузи ва ижтимоий мавқеини ошириш, софлигини сақлаш, бойлиги ва нафосатини намойиш этишни мақсад қилган ушбу платформа, албатта, кенг равишдаги танловларга ҳам йўл очади.
Кези келганда, шуни айтиш керакки, бир пайтлари интернет орқали бошлаганимиз “Сирли сандиқ“ совринли интеллектуал ўйин ҳам ана шу мақсадга хизмат қилаётгани, у тафаккур, билим ва синов замирига қурилгани билан қимматли эканини ҳам таъкидлаш каминага фахр бағишлайди.
Ҳар қандай танганинг иккинчи томони ҳам бўлганидек, она тилимизнинг орфоэпик, яъни талаффуз томони ҳам муҳим. Биз давлат тилида тўғри ёзишимиз қай даражада аҳамиятли бўлса, тўғри талаффуз қилиб, адабий тил меъёрларига риоя этиб сўзлашимиз ҳам шу даражада қийматлидир.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва атамалар комиссияси, каминанинг "Нотиқлик санъати академияси" таълим муассасасини ҳамкорлиги йўлга қўйилса, ҳаракатларимиз муштараклиги ва интеграцияси маъносида мақсадга мувофиқ бўларди.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ - филология фанлари номзоди, профессор, ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари, "Нотиқлик санъати академияси" таълим муассасасининг раҳбари.