Бурун нега қонайди?


Сўраган эдингиз?
– 14  ёшли ўғлимни  кейинги пайтларда бурни тез-тез қонайдиган бўлди. Сабаби нима бўлиши мумкин? 
Гулнора  Одилова, Самарқанд шаҳри.

   Ҳикматулло МАДИРИМОВ - «Браво-лор» клиникаси оториноларинголог-шифокор: 
– Кўпчилик бурундан қон кетиш хавфли эмас,   деб ҳисоблайди, лекин у қайсидир касалликнинг аломати, яъни белгисидир. Бурундан қон кетишининг енгил шакллари кутилмаганда ёки буруннинг енгил жароҳатидан кейин бошланиши мумкин. Бундай қон кетишининг ҳеч қандай хавотирли  жойи йўқ. Бурундан қон кетишига қаттиқ аксириш, бурунни ковлаш, аллергик ринит, синусит, вирусли касалликлар, жуда қуруқ ёки совуқ ҳаво, баландликка чиқиш, буруннинг лат ейиши ёки шиллиқ пардасининг зарарланиши (тирналиши, шилиниши),   витаминларнинг етишмаслиги сабаб бўлади. Унинг кўп учрайдиган тури – бурун тўсиғи олд қисмидаги томир чигали жуда юзада жойлашганлиги сабабли бурунни тез қонашига олиб келади. Болаларда бурундан қон кетишининг 90 фоизи шу сабабдан. Бурун тўсиғидаги қон томирлари буруннинг шиллиқ пардаси тагида жойлашган бўлиб, енгил шикастланади ва тез қонайди.
   Қизамиқ, грипп, дармонсизлик, ирсий касалликлар натижасида қон томир деворлари яллиғланганда ҳам қонаш кузатилади. Шунингдек, гепатит, бурун ва буйрак касалликлари, қон босими кўтарилиши, жисмоний зўриқиш, офтоб уриши ҳам бурун қонашига сабаб бўлади. Атмосфера босими, ҳаво ҳарорати ва намлиги ўзгарганда, шиллиқ пардага мунтазам кимёвий моддалар таъсир этганда, шунингдек,  жазирама иссиқда ҳам бу ҳол  кузатилади. Ҳаттоки, бурун қонаганда қон ташқарига чиқмай, баъзан ҳалқумга қараб оқиши ва бурни қонаётган киши уни билмай ютиб юбориши ҳам мумкин. Баъзан қизилўнгач ёки меъдадан келаётган қон ҳам бурундан қон кетишини келтириб чиқариши мумкин.
   Бундай ҳолатлар кузатилса,  албатта шифокор кўриги ва маслаҳати зарур, чунки бурун қонаши фақатгина бурун жароҳати ёки касалликларигагина хос эмас, бунинг сабаби, бошқа қон ивиши жараёнлари бузилиши билан  кечувчи қон касалликлари бўлиб, бурун фақат сабабчи бўлиши ҳам мумкин. Яна хавфли ёки хавфсиз ўсма касалликларининг бурун ичида ривожланиши ҳам бурундан қон кетишига сабаб бўлади.
   Шунингдек, бола организмидаги қон томир касалликлари, қон яратиш аъзолари касалликлари, жигар, буйрак ҳамда витаминлар танқислиги натижасида ҳам ушбу  ҳолат кузатилади. Бунга беэътибор бўлмай, дарҳол қон  таҳлиллари ва тиббий кўриклардан ўтиб туриш лозим.

ҲИЖОМА АМАЛИЙОТИ ЗАРАРЛИ ЕМАСМИ?
– Кейинги пайтларда ҳижома атамаси кўп ишлатилмоқда. Ўзи ҳижома нима? Уни қандай ҳолатларда қўллаш мумкин? 
Нозима АБДУРАҲМОНОВА, Тошкент шаҳри.
   Нигора ИСЛОМОВА - “Камфорт” клиникаси ревматолог шифокори:
– Ҳижома бугун пайдо бўлган тушунча  эмас. Аксинча, узоқ тарихга бориб тақалади. Хусусан, Абу Али ибн Сино ҳам бу ҳақда ўзининг  “Тиб қонунлари” асарида  маълумот бериб ўтган. Ҳижома бу танадаги ортиқча, зарарли қора лахта қонни махсус банкалар ёрдамида тери орасидан сўриб олиш дейилади. Бу қадимдан ҳакимлар томонидан тасдиқланган фойдали тиббий амалиётдир. Ҳижома қилдириш саломатлик учун жуда фойдали амаллардан саналиб, бугун  замонавий тиббиётда  ҳам бу ёрдамида касалликларни даволаш қулай ва самарали усул ҳисобланади. Бундай усулнинг моҳияти ва фойдаси шундаки, организмда туриб қолган қон чиқариб юборилади, бунинг натижасида у янгисини ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу инсоннинг умумий ҳолатини яхшилаш билан бирга кўпчилик касалликлардан даво топишига ёрдам беради. 
   Ҳижома,  қон айланиш органларидаги  хасталикларда, қон босими, юрак, кўкрак  қафаси оғриғи, нафас қисиши, бош оғриғи, кўз хиралашиши,  бўйин, елка, қорин бўшлиғи, бўғимлардаги оғриқлар ҳамда мускуллардаги бод (ревматизм) касалликлари, бел, бўйин соҳасидаги остеохондрозларда, чурралар, простатит, жинсий заифлик, бепуштлик, уйқусизлик ва асаб тизими,   иммунитет пасайиши, бавосил, сийдик тутолмаслик, гайморит каби касаллик­ларда қўлланилади. Бугунги кунда ҳатто қанд касали бор инсонлар учун ҳам махсус ҳижома қилиш дастурлари  ишлаб чиқилган. Ҳижоманинг афзалликларидан яна бири шундаки, баъзи тиббиётга  қоронғу бўлган касалликлар,  жумладан,  инсон танасига жойлашиб олган жинларни чиқаришда ҳам самарали чоралардан бири ҳисобланади.
   Айни пайтда  қон орқали юқумли бўлган турли вирус ва касалликлар кўпайиб кетганлиги учун дардига шифо излаётган беморларга ҳижома қилдиришда дастлаб гигиеник талаб­ларга тўла жавоб берадиган, ҳижома қилиш учун махсус лицензияга эга ҳажжомлар хизматидан фойдаланишни, шунингдек,  ишлатилаётган банка ва тиғли асбобларнинг янгилигига аҳамият беришни   маслаҳат берамиз. 

Чарос ДЎСТМАТОВА тайёрлади.
Манба: "Оила ва жамият" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот