Болалар шифокорининг маслаҳатлари
Фақат оғиздан нафас олиш касалликми?
- Ўғлим 3 ёшда. Узоқ давом этган тумовдан сўнг, мана, 4 ойдан буён оғзидан нафас олишга одатланиб қолди. Ўғлимни яна бурундан нафас олишга ўргата олмаяпман. Бу борада маслаҳат бера оласизларми?
Васила Ҳайдарова, Янгийўл.
- Бурун тешикларининг узоқ муддат тиқилиб қолиши аденоидит (томоқдаги бодомсимон безнинг катталашуви ва сурункали шамоллаши) белгиси бўлиши ҳам мумкин.
Бундай ҳолатларда шифокор фақатгина кўзгу ёрдамида кўздан кечириш усули билангина эмас, рентген тасвирлари асосида ташхис қўяди.Агарда аденоидлар унчалик катталашмаган бўлса ва дори-дармонлар билан даволаш имкони бўлса (шамоллашга қарши ва қуритувчи томчилар), уларни жарроҳлик йўли билан олиб ташлашга эҳтиёж қолмайди. Аденоиднинг 2-3-даражасидагина жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мумкин. Бундай ҳолатларда шамоллашга қарши даволаш чоралари тайинланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам лор (қулоқ-бурун-томоқ) шифокорининг маслаҳати зарур.
Елкаларини учиради
- Тўрт ярим яшар ўғлим бор. Кийинтирганимда, худди кийими тушиб кетаётгандай, текислашга урингандек, елкалари ва қўлларини тез-тез учирадиган одат чиқарган.Ундан нима учун бундай қилаётганлигини сўрасам, у кўйлаги халақит бераётганини айтаяпти. Ахир кап-катта бола бўлаяпти, бундан буён кўча-кўйда кийимсиз юролмайди-ку. Унинг бу ҳолати бизни жиддий ташвишлантираяпти. Эрим менга: "Ваҳима қилма”, дейди. Хавотирланишим асослими ё ташвишланишимга ҳожат йўқми?
Васила, Бухоро вилояти
- Агар бола фақат кенг, елкасидан тушиб кетаётган кийимда эмас, ҳар қандай кийим кийганда елкаларини учирса, бу – тик касали (тана аъзоларининг пир-пир учиши). Тик – мушаклар гуруҳининг беихтиёр қисқариши натижасида ғайриихтиёрий ҳаракатланишни юзага келтирадиган ҳолат.
Болангиз елкаларини учириши ёқа елкаларини қичитаётганини ва асаб толалари беихтиёр ишга тушаётганини тушунтира олмаётган ёки айтишга уялаётган бўлиши мумкин. Фарзандингизни неврологга кўрсатинг.
Сабзавот қайнатмаси қандай тайёрланади?
- Сабзавотли қайнатмалардан тайёрланган бўтқаларнинг фойдаси ҳақида ўқиган эдим. Қизим 10 ойлик. Сунъий сут кукунларидан тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилишдан бош тортаяпти. Кўкрак сутим эса, озлиги сабабли, етмаяпти. Қайси сабзавотлардан қайнатма бўтқа тайёрласам бўлади?
Лайло Толипова, Самарқанд шаҳри.
- Қайнатма учун фойдали сабзавотлар талайгина: сабзи, шолғом, картошка, гулкарам, петрушка илдизи, қовоқ, булғор қалампири, буғдой пояси ва сельдерей илдизи ва ҳоказо. Болангиз мазасини бўтқа кўринишида татиб кўрган ва унга маъқул келадиган сабзавотларни танланг. Сабзавотларни яхшилаб ювинг, пўстидан тозаланг, йирик қилиб тўғранг, совуқ сувга солиб, 40 дақиқа қайнагунча паст оловда қайнатинг. Сўнгра 20-30 дақиқа давомида тиндиринг ва сузғичдан ўтказинг. Агар сабзавотларингиз музлатилган бўлса, 20 дақиқада пишишини эътиборга олинг. Бу қайнатмадан бўтқа ва шўрва тайёрлашда фойдаланишингиз мумкин.
Хонаки енгил нонушта
- Уч яшар ўғлим болалар боғчасига боради. Шу сабабли барвақт туришимизга тўғри келади. Болага эрталаб уйдан оч кетмаслиги, аммо боғчада нонуштадан ҳам воз кечмаслиги учун нима берсак бўлади?
Қамариддин, Тошкент шаҳри.
- Енгил нонушта сифатида болага бир пиёла йогурт ё сутли маҳсулотлар (творог, қатиқ, сузма) ёки қирғичдан ўтказилиб шакар аралаштирилган мевалардан беришингиз мумкин. Шу йўсинда тайёрланган енгил нонуштага ичимлик сифатида қатиқ ёки мева шарбатини ичиришингиз мақсадга мувофиқ. Шунингдек, оз миқдорда гўшт маҳсулоти солинган нон бўлаги ёки печенье, пишириқларни чой билан дастурхонга тортишингиз тавсия қилинади. Болалар боғчасида сут ва гўшт маҳсулотлари ҳамиша ҳам етарли даражада бўлмаслиги сабабли, нонуштага фарзандингизни шу нарсалар билан сийлашингиз фойдадан холи эмас.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.
2016 йил. Манба: "Сабо" газетаси.