Ҳ А Й Р А Т
Истеъдодли шоира Зулфия Мўминованинг моҳир рассом Нодира Орипова томонидан ишланган гўзал портретига назмий чизгилар
Қанчалар гўзал тасвир – навқирон ёшларингиз,
Қалдирғоч қанотидек пайваста қошларингиз.
Билмам неларни кўзлар, не бир ҳикматни сўзлар
Ой ортидан боққандек сирли қарошларингиз.
Асил ўзбек аёлин, тўлин ойдек жамолин,
Кўз – кўз этар юздаги нуру нурпошларингиз.
Азал бу тоза қондир, Зебуннисо султондир,
Нодираи давро ндир зоти қондошларингиз.
Неажабким акс этмиш суврат узра бор сийрат -
Момомерос матонат, сабру бардошларингиз.
Нигоҳларда заковат, илму ҳикмат, нафосат,
Кўз остида ялтирар саодат ёшларингиз.
Буюк эл мадҳин куйлаб, бонг уринг жаҳон бўйлаб,
Шундай мағрур – тик бўлсин бу азиз бошларингиз.
Дегай: минг офаринлар соҳир наққошингизга,
Муножотдек фахр этиб дўсту дилдошларингиз.
Муножотхон Нурматова,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган маданият ходими, фалсафа
фанлари номзоди, шоира