МЕНИНГ ОНАМ УЙҒОНМАДИ..


Гулчеҳра ШАҲОБИЛЛИН қизи

МЕНИНГ ОНАМ УЙҒОНМАДИ..

Она Сизнинг бошингизга баҳор келди,
Қалдирғочлар чуғурлашиб наҳор келди.
Қорлар эриб табиатга оҳор келди,
Менинг эса юрагимга озор келди..

Баҳор, дея чўққилар ҳам бир тўлғонди,
Дала-даштда неки бўлса шу уйғонди,
Кўксим ичра олов ёнди, алам ёнди,
Юрагингиз яшамоқдан нечун тонди?

Қабрингизда бош кўтарди гулу майса,
Соғинчларнинг азобидан кўнглим пайса.
Кошки оғриқ ё пасайса, ё камайса,
Ҳижронлари пайконидан отар найза..

Ўриклар хам бошларига солди оқлиқ
Турналарнинг билганлари вақти чоғлик.
Қизғалдоқлар чайқалади бағри доғлик,
Дилгинамни тарк этмади дилсиёҳлик..

Чўл-биёбон, қир уйғонди, тоғ уйғонди,
Новдалари куртак очиб боғ чулғанди,
Сизни топмай оҳларимга "оҳ" уланди,
Моҳ уялиб булут ичра ёғдуланди..

Кўкламойдан чиройлигим уйғонмади,
Лола ёнди оташ бўлиб ул ёнмади,
Тупроғини азиз билди, ё тонмади,
Атиргулим Онам менинг уйғонмади. !

Бутун борлиқ тўлғонса ҳам тўлғонмади,
Беназирим бир чечакча чулғанмади,
Кўз юмди-ю, шу тупроқни тавоб айлаб,
Уйғонмади, Онажоним уйғонмади,

Ўлим - ҳақ деб тан олди-ю, ё тонмади,
Борлиқ ичра бир қолмади уйғонмаган,
МЕНИНГ ОНАМ УЙҒОНМАДИ, УЙҒОНМАДИ..!!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот