ДУНЁ ЎТРИГИДА ҚАЛҚИЙДИ РУҲИМ
Муҳайё РУСТАМ қизи
ДУНЁ ЎТРИГИДА ҚАЛҚИЙДИ РУҲИМ
Сен унутиб юбординг мени,
Мен ҳам сени эслаганим йўқ.
Фақат эзи-иб ёғмоқда ёмғир..
Гул базмида адашди баҳор,
Қани менга аталган ғунча?
...Бунча олис учди турналар?
Сен қўшиқ куйлайсан Ойга термулиб,
Ўтирибман ёнингда маъюс.
Дайдир тунда шалаббо кўнгил.
Ойни узиб берасан менга,
Капалакка едирмоқчиман
эслолмасак бир-биримизни.
Унутиб қўйгансан сен мени,
Мен ҳам сени эслаганим йўқ.
Фақат эзиб ёғмоқда ёмғир...
***
Бу-эшик!
Мана бу –дераза!
Бу-чойшаб,қўш ёстиқ,
Буниси-тик қотган тўрт девор!
Бари бор.
...СИЗ ЙЎҚ.
Жимгина тикилар дераза,
Эшик ҳозир йиғлаб юборса керак
(кўзларим тешиб юборди уни).
Чойшаб ингранади, ёстиқ хўрсинар.
Тўрт девор қилт этмас,
Жимлик чўккан уй
...СЎЗ ЙЎҚ.
Кетаман.
Қоласиз ўрнимда
Мен каби эшикка термулиб.
Тош қотган тўрт девор чўкмас тиз.
Ҳаммаси ўшандай-чойшаб...ёстиқлар...
Бари бор,аммо
сизни кутгувчи
ҚИЗ ЙЎҚ...
***
Онам...
Онагинам...
Муштипар онам...
Субҳидамда
қуёшга сарафроз туриб
Нур зарини тўқиган
Ва самандар қушларнинг
Ҳур хатларин ўқиган онам...
Ҳаётни севади онам
Ўзин кексайтганин қилмайди писанд
Гулларни севгани каби севади,
Севади рангларни севгани каби.
Ва яна
Онам томошани яхши кўради.
Тонгла туриб томоша қилади
Деразадан очиқ ҳавони
Озодликни томоша қилади онам
Ўзининг ҳеч кимга бўйсунмас
ўжар феъли каби
Музаффар эркинликни томоша қилади ҳар кун.
Ва яна
кўзлари ғалати менинг онамнинг.
Ёмонликни илғамайди унинг қароғи.
Ёлғонларни кўрмайди онам,
Кўрмайди муттаҳамлик, иғво, ҳасадни.
Қора рангни кўрмайди онам
Дунё фақат сусамбил рангида кўринади унинг кўзига.
Менинг онам
Бор-йўғи битта нуқтадир.
Ҳеч кимга сўйланмас сўзлар
Бировга айтилмас дардлар бор,
Фиғонлар бор,
Аламлар бор,
Изтироблар бор
Ва шуларга қарамасдан
муқанна севгилар бор
Шу бир нуқта ичида .
Ва яна бир гўзал созандадир у.
Менинг тилагимни чалади онам
Менинг юрагимни чалади онам,
Бетховен топмаган,
Моцарт кашф этмган
Ва ҳеч ким
Ҳеч қачон
Чала билмайдиган мусиқалар чалади онам.
Онам жуда гениал
Ва ўта нодир .
Дунё бозорида
Миллионлаб долларларга сотилади
До Винчи
Пикассо, Ван Гог чизган суратлар
Аммо қалбимга онам чизган музаййян тасвирни
Сотиб ололмайди бирорта ҳам бой.
Менинг онам
шундай...
ТУНГИ ХИРГОЙИ
Кўкси йиртиқ юлдузлар
ёқаларин ямайди.
Бир қиз сочини шамол
Тили билан ялайди.
(Шомда уфқ рошига ўрнатинглар чимилдиқ...)
Итлар ҳурар бетиним,
Манзилга чорлов шудек.
Ҳаяжонда энтикиб
йигит кийади этик.
(Ороланар кўкда Ой..)
Юраги идрар қизнинг,
Сойга думалатар тош.
Кўзидаги тўлқиндан
юзларига томар ёш.
(Шунча олисми Осмон?..)
Ишққа мубтало йигит
бармоғини тўғрайди.
Қони оққан бармоқлар
қиз сочини сўрайди.
(Оёқ из ботмас Ерга...)
БАҲОРГА ҚАСИДА
I
Мен истаган тонг йўқ,
мен истаган кун,
Мен истаган шом йўқ,
мен истаган тун.
Асли йўқ борлиқнинг аламларида
Инжа умидларим эзилар беун.
Мана яшиллиги йиғлаган кўклам,
Мана-кўклигидан чопилган майса.
Адир-қизғалдоқлар кўмилган дала,
Мана –ким қонига оёғин чайса.
Мовий кенглик, олис,беҳубор олам,
Йўллар ёнадилар лоҳас ислардан.
Орзу-бир умрга тамшанган болам,
Сафолар сўрайдир зангор ҳислардан.
Дунё ўтригида қалқийди руҳим,
Излар камалакнинг жилосидай эрк.
(Камалак...Эҳ, ахир Осмоннинг қизи,
Менинг руҳим эса кўк тилаган Ер!)
Дилим ўртанади,
йўқми сўрорим,
Тингламасми ҳеч зоғ нотинч зоримни?
Мени ташлаб, нега кетар Баҳорим,
Тортиқ айласам ҳам унга боримни?
Мавжланади Ҳаёт...
Шаффоф хаёлим
Нигоҳимдан томиб кетади дув-дув.
Мукамбар кўнглимнинг кўзлари толиб,
Эриб оқаверар мисли чашми сув.
Ота уйим-қадимдаги қўшиғим,
Куйи чертилади хотир торида.
Қишлоқ-йўқотганим, ўйноқ ошиғим,
Энг улкан, энг содда рўзим ғорида.
Мажнунтол остида маъсум хиргойи-
Шилдираган оқим-минг йиллик оҳанг.
Капалак ям-яшил дунё Ҳумойи,
Соғинчим-мудроққа урилган бир занг.
Қайтиш йўқ манзилга кетмоқда умр,
Ўткинчи йилларнинго этагин тортиб.
Воҳ, ҳеч унутилмас фасллар шуми,
Менми, қолаяпман Ёшликдан ортиб?
Қачондир...
Ўртанса,
айрилган юрак,
Бир куни изласа ...парварларимни.
Кимнинг ёқасидан олмоғим керак,
Топмасам энг тоза меҳварларимни?
Мен истаган шом йўқ,
мен истаган тун,
Уфқим қай ёқларга бош қўйди айтинг?
Мен истаган тонг йўқ,
мен истаган кун,
баҳорий лаҳзалар, орқага қайтинг!!!
Ташлаб кетма мени, севиклим Баҳор,
Илиқ нафасингни кўксимга бахш эт!
Йўқ, ҳе-еч ҳижронингга чидолмам энди,
Кетсанг...Кетасанг, мени, кел, ўлдириб кет...
II
Яна қай ерларга йўл олдинг, Баҳор?
Рухсорингга маҳтал мени-да ташлаб.
Шуъласиз тунларим топганда наҳор,
Бевақт унутилган жонимни ғашлаб.
Қаёққа шошасан, қаёққа ахир,
Тилимдан тушмаса куну тун исминг?
Бош уриб йиғласам пойингга саҳар,
Саждагоҳ айласа кўзларим изинг...
Алвидога кўнмай йиғлайди кўнгил,
Кўкламим,
кўклигим,
Яна
кўҳлигим.
Сенга зор жонимга берасан озор,
Шундоғам етмасми дил ўксиклигим?
Тўққиз ой... Телбавор ахтардим нигун
Сени оқсоч дунё этакларидан.
Изғиб кеза-кеза ва ахийр топдим,
Фасллар ҳақдаги эртакларидан.
\Энди қайга кетиш истайсан яна?
Лайлатулқадрли кунлар ёлғонми?
Ҳали далалардан кентмайин оҳор,
Кўкламим, манзилинг тағин осмонми?
Наҳот яна ташлаб кетасан Баҳор,
Дарёдай оқизиб кўнгил ёшимни.
Қўлинг бер, ортингдан КЎКка бу сафар
Мен ҳам олиб кетай Ердан бошимни...