Юрак товуши
Фалаклардан тушган маъбудсан, Илоҳий рўй сен – эгасида.
Қуёш каби борсан, мавжудсан
Ер шарининг у чеккасида.
Эслайсанми, менга – ёмонга
Эшикларни ёпишларингни?
Сени излаб тўртта томонга
Юрагимнинг чопишларини?
Яхшиямки, кечалар олис,
Тирсаклайман ҳижрон болишин.
Томирингда этасанми ҳис
Юрагимнинг нафас олишин?
Сен эсларсан, балки эрта-кеч
Муҳаббатнинг совушларини.
Томирингда эшитдингми ҳеч
Юрагимнинг товушларини?
Фалаклардан тушган маъбудсан,
Бир чандиқ бор дил чегасида.
Қуёш каби борсан, мавжудсан
Ер шарининг у чеккасида.
Салим АШУР