Бахтинисо Маҳмудова (1993-2019)


  Бахтинисо Маҳмудова 1993 йили туғилган. “Юрт келажаги – 2015” иқтидорли ёшлар танлови ғолибаси. “Ҳовучдаги юрак”, “Уфққа йўл” номли шеърий тўпламлари нашр этилган. 
   Бахтинисо Маҳмудова ҳаёт бўлганида, бугун яна бир баҳорни қаршилаган бўларди, аммо... ҳаётга тўймасдан жуда ёш тарк этди бу ёруғ оламни... Руҳинг шод, охиратинг обод, жойинг Жаннатда бўлсин, муниса синглим...

* * *
Агарда қайтмасам...
Кузги боғларга
Бир насим бўламан, чекинар оғриқ.
Кўзимнинг олдида юксаласан сен,
Кўзимнинг олдида улғаяр борлиқ.
Мен сингиб бораман майсага, ерга,
Қайғулар кўксимни топтамас бевақт.
Менинг юрагимда чайқалар дунё,
Менинг овозимда чучкирар дарахт.
Агарда қайтмасам,
Қайтолмасам мен,
Яна жим кетаман нурафшон бўлиб.
Бир ичкин нолада, эзгин нолада
Кўзларим қайтади намозшом бўлиб...

* * *

Кузги боғлар каби юрибман беҳол,
Кўркин кўз-кўз қилиб солланар замин.
Художон, тилимга ўчмас чўғлар сол,
Халқим қалбидаги олов бўлайин.

Менам бир кўнгилман, дарди давосиз,
Менам бир юраги яримталардан.
Кўксим узра кўкка чопар садосиз,
Шеърдан гуллаётган бир парча ватан.

Худойим, шу элнинг назари бахтдир,
Меҳрга ўраб бер, айтмишларимни.
Энди бугунимга қайтмоғим шартдир,
Эртакка айлантир ўтмишларимни.

Бахтинисо Маҳмудова.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот