Меҳр кўзда дегани ёлғон


Гулим, меҳр кўзда дегани ёлғон,
Менинг дилимда ҳеч ўчмас ёлқинсиз,
Қанча кўришмасак шунча қадрдон,
Қанча олис бўлсак шунча яқинсиз.

Девона ошиқман, мен бир девона,
Айтинг, сиздан бўлак кимим бор яна?..
Сиз йўқ чоғимдаги дунём бегона,
Сиз йўқ боғимдаги гуллар ёқимсиз.

Сиз аччиқ қисматим, сиз изтиробим,
Сиз ширин дардимсиз, ширин азобим,
Сиз менинг кўклардан топган офтобим,
Ерларда йўқотган кўзмунчоғимсиз.

Ёдимда кечаги шўхликларингиз,
Кўксимни куйдирган киприкларингиз,
Сиз ўша – орзуси ойдан ойдин қиз,
Сиз ўша – кулгуси қўнғироғимсиз.

Сиз ўша кўзимнинг кифтида юрган,
Сиз ўша кўнглимга кўнгли ин қурган,
Тўкилай деб тилим учида турган
Шеъримсиз, бир умр битмас оҳимсиз…

МУҲАММАД ЮСУФ - Ўзбекистон халқ шоири.