МУЗҚАЙМОҚ


Музқаймоқ егиси келди аёлнинг
(Оғир дард ичида ётарди беҳол),
Эрига қимтиниб айтди хаёлин...
“Ишдан кейин... Хўпми?! 
Бўпти. Яхши қол!”

Эри шошар эди. Кутарди саҳна,
Эри шошар эди – таниқли актёр.
Санъат осмонида юлдуздай чақнаб,
Олқишлар забтидан эди бахтиёр.

Аёл-чи? Негадир борарди куйиб,
Кўз юмса – тушида музқаймоқ кўрди.
Ёқимли ях новвот таъмини туйиб,
Ўнта бармоғини бирма-бир сўрди.

Эрими, мардликка ўқиб қасида,
Гулдурос овоз-ла соларкан сурон –
Енгилмас жаҳонгир қиёфасида,
Пасткаш кимсаларга келтирар қирон.

Ниҳоят тушади охирги парда,
Ҳамма қаҳрамонга офарин айтар.
У эса гримин эриниб арта,
Ҳорғин баҳодирдай уйига қайтар.

Аммо тек қотади остонада у,
Нимадир кўксида яхлайди ёмон.
Ахир, тонгда ваъда берган эди-ку,
Музқаймоқ.... 
Ортига қайтар шу замон...

Жонсарак изғийди у шаҳар бўйлаб,
Ярим тун: дўкону растачалар берк.
Уйда беҳол ётган аёлин ўйлаб,
Ёлборар: “Э, худо, ўзинг мадад бер...”

Ноилож бўшашиб қайтар изига,
Ўзини номард-у калтабин сезар...
...Мўлтираб боқаркан эрин юзига,
Хотини кўзидан томчи ёш сизар.

Лаблари қуруқшаб пичирлар заиф:
“Алвидо! Мен ўйнаб бўлдим ролимни...”
Актёр тиз чўкади. Йиғлар букчайиб...
(Саҳнада кўрганди фақат ўлимни...)

Сўнг ёлғиз яшади юз йилми, минг йил,
Маҳбусдай... Кенг уйи мисоли қамоқ.
Ҳар кеча тўлғониб туш кўрди бир хил:
Дўзахда изларди тинмай музқаймоқ...

          Нодир Жонузоқ.