Умид Алига табрик!


  Шоир - Умид Алини таваллуд топган куни муносабати билан чин қалбимиздан табриклаймиз! Умид Алига метиндек мустаҳкам соғлик, узоқ умр, бахт-саодат, оилавийлик хотиржамлик ва бахт-саодат тилаймиз! Нимаики орзу-УМИДлари бўлса барчаси рўёбга ошишидан УМИДвормиз! УМИДдан УМИДимиз катта! УМИДимизни сўндирмаган ҳолда, ўзбек шеъриятини дунёга танитади, деган УМИДдамиз!

  Маълумот учун: Умид Али 1978 йили Самарқанд вилояти Самарқанд туманида туғилган. 2001 йили Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган. 2001-2003 йилларда тумандаги 23-ўрта мактабда она тили ва адабиёт ўқитувчиси, 2003-2012 йиллар мобайнида «Бекажон» газетасида мусаҳҳиҳ, мухбир, бўлим мудири, кейин «Аъло кайфият» журнали, «Афросиёб» газетасида фаолият юритган.
   «Дилмоҳим», «Кўкка йўл», «Салом, ширин туйғулар» шеърий ва насрий китоблар муаллифи. 2009 йилда элликдан зиёд ўзбек ижодкорлари билан уюштирган суҳбатлари «Кўнгилга сайр» номи билан чоп этилган.
     Умид Али истеъдодли ижодкор. Кўп йиллардан буён танишмиз. Аммо у Самарқандда яшагани сабабли, борди-келдимиз кам бўлган. Бизникига биринчи маротаба келганда, ўғлим у пайт ёш эди. Ўғлимдан: "Маъруф, бу амакингни танийсанми?", - деб сўрасам, ўғлим: "Ҳа, телевизорда кўрганман", - деди. Умид Алига "Ана кўрдингизми, таниқлисиз", - деб қўйдим мамнун бўлиб. - Қайси кўрсатувда кўргансан? - деб ўғлимга савол бердим. - Исмини биласанми?
- Албатта, бу кишини ҳамма танийди, Шурик амаки, киноларини кўп кўрганман, - деса бўладими ўғлим. 
     Роса кулганмиз биргалашиб. Шу-шу Умид Али ўғлимни Шурик амакисига айланган.

Камоли эҳтиром ила - Музаффар Муҳаммадназар.
ТАҚДИР СЎҚМОҒИ

Менинг йўлларим кўп: тошли, адашли,
Товонларга тикан михдай қадашли.
Сўнгсиз йўллар аро кўзлар ҳам ёшли,
Бу тақдир сўкмоғи, тақдир сўқмоғи.
Кўнгил алданса гар ёлғонлари бор,
Қалбга гина, кудрат солғонлари бор.
Ярим йўлда сендан толғонлари бор,
Бу тақдир сўқмоғи, тақдир сўқмоғи.
Меҳр гадосиман. Гадо кўкда моҳ,
Умринг сўнгги қадар бўғзингда минг оҳ,
Ўпкангни тўлдирар пайдо бўлган доғ-
Бу тақдир сўқмоғи, такдир сўқмоғи.
Юрагинг қийнама, қўл силта йўлдош,
Иккимизга етар Ҳақ берган бардош.
Бу йўлнинг боши ҳам, охири ҳам тош-
Бу тақдир сўқмоғи, тақдир сўқмоғи

УНУТМОҚҚА УРИНДИМ

Сизни унутмоққа уриндим минг бор,
Ўзни чалғитмоққа нелар қилмадим.
Аслида мен кимман - бир кўнгилга зор,
Айтинг, кўнглингизга нечун сиғмадим?
Тонглар отаверди бесабрликда,
Ишқнинг тутқунига айландим бот-бот.
Куним ўтаверди беқадрликда,
Юракка тушмасди гуллаган ҳаёт.
Сиздан туҳфа блди ёнаётган дард -
Ҳажрнинг куйлари ўртанмай қўймас.
Мен мардман, ишқ дея жон бергувчи мард,
Севгидан қонмаган бир кўнгил тўймас.
Ёрижон, кетяпсиз кўзда ёш билан,
Мен эса тош қотгум ҳур изингиздан.
Дилга тортиқ қилиб ғам, ситам, алам,
Кечиб бормоқдасиз умидингиздан…
Умид Али










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот