ЧЕМПИОН


Қўчқор НОРҚОБИЛ

ЧЕМПИОН
ҳикоя


    Азамат болам ва барча оналарга бағишлайман!
    
     У ғолиб...
    Рақибининг кучли зарбидан ўнг елкаси остида уйғонган оғриққа чидаб бўлмаяпти.
Шифохонага олиб боришди.
Укол ва дори - дармон таъсирида бир оз енгил тортди.
     Қишлоққа, олисдаги онасига қўнғироқ қилди.
     Телефонда акаси жавоб берди:
– Табриклайм-а-а-а-ннн!!! – Ҳайқирди ака.
– Онамнинг аҳволи яхшими? Жангни... мусобақани кўрдиларми?
– Худога шукр, яхшилар! Бу гал ҳам телевизорда кўринишинг билан ташқарига чиқиб кетдилар. Ҳовлини айланиб юравердилар. Ғалаба қилганингдан сўнг уйга кирдилар...
     Чемпионнинг бўғзида нимадир тиқилиб, димоғи ачишди. Кўз қароғини ёш куйдирди.
– Онам жанг пайти менинг ёнимда, рингда эдилар, – деди иҳраб.
– Нималар деяпсан?, – эсанкиради ака.
– Гапимни эшитинг, ҳозир самолётдан дори - дармон юбораман. Ўнг елкаларининг пастида оғриқ қўзғолган. Хавотир олманг, қобирғалари лат емаган.
– Ҳой, нималар деяпсан-а?, – ажабланди акаси.
– Ака-а-а-а, мен билман-ку! Мен билама-а-а-а-н-н-н!!! Бу зарбалар олдин онамга, кейин менга тегади-ку, ак-а-а-а-а!!!
       Чемпион ўзини тутолмай ўкириб юборди. Кўзларидан энди дувиллаб ёш оқа бошлади.
        Шифокор бош эгиб, юзини дераза томон бурди. Унинг ҳам мижжаларида қайноқ ёш қалққанди.    
                                                          
12. 01. 2024 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот