КИМ ЎҒРИ?
* * * Латофат биринчи учрашувдан мамнун ҳолда қайтди. Нодир бир қиз ҳавас қилса арзигудай йигит экан. Қуюқ мўйловли, забардаст. Фақат сал тортинчоқми-ей. Нуқул кўзини ердан узмайди. Унинг олдида ҳатто Латофат сал дадил кўринарди. Ҳар қалай, зимдан бўлса ҳам йигитни обдон кузатди.
Латофатнинг ризолик аломати сифатида сукут сақлаганлигини дарҳол англаган келинойилар ишга киришиб кетишди. Аммо Насиба хола сал норозилангандай бўлди. Ҳатто қизини четроққа чақириб:
— Куёвнинг онасини анча оғзи шалоқ дейишаяпти, — деди.
Латофат онасига индай олмади.
Лекин бу омонат важни эшитган келинойиси бобиллаб берди:
— Ҳой, сиз ўғлига тегаяпсизми ё онасига? Бунинг устига ўзингиз яхши бўлсангиз бас-да. Яхши келиндан ҳар қандай қайнона айланиб ўргилади, ўзининг фарзандидан азиз кўради. Тўғрими, а, айланай?..
Хуллас, иш пишди.
Тўй бўлиб ўтди.
* * *
Биринчи таасурот нотўғр бўлади, дейишарди. Бироқ баъзан тўғри ҳам чиқаркан. Чиндан ҳам тоғни урса талқон қиладиган кучга эга, жуссаси йирик, қуюқ мўйловлари баҳодирликдан дарак бериб турадиган Нодир онасининг олдида кичкина болага айланаркан-қоларкан.
Ў, бу Солиҳа холанинг тили! Таърифига сўз бормикан! Кейинчалик бориб Латофат қайнонасининг тилини нимагадир оғу чак-чак томиб турган илон тилига ўхшатадиган бўлди.
Бошида эса... ҳаммаси яхшидай эди.
Суюкли эр, ажойиб хонадон, иззат-икром.
Латофат ўзини бахтнинг еттинчи осмонида ҳис қиларди.
Барча расм-русумлар ҳам кўнгилдагидай адо этилди.
Латофат келинчак бўлганининг ҳар тонгини қайнонасига эгилиб салом беришдан бошларди.
Солиҳа хола, муштдайгина, юзини тарам-тарам ажин босган, доимо одмигина чит кўйлаги устидан енгсиз нимча кийиб, бўйнига қават-қават оддий тақинчоқлар осиб юрадиган, қасаба рўмол ўрайдиган, нечукдир бит кўзлари кишига қаҳр билан боқадиган бу кампир гап билан бировни чақиб олишга шунчалик ўрганган эдики, бу энди қатъий бир одатга айланганди.
— Букрини гўр тузатади, — дейишарди баъзи қўшнилар Солиҳа хола ҳақида гап кетганда. — Лекин бу кампир лаҳаддаям тинч ётмайди, ҳеч бўлмаса “Гўрни тор кавлабди” деб гўрковни қарғайди...
Солиҳа холанинг заҳар тили олдида ҳатто унинг мумкисклиги ҳам кўзга ташланмай қоларди. Ҳолбуки, ҳаммаси айнан мана шу хасисликдан бошланганди.
Нодир далада эл қатори ишлар, баъзан ёғ, баъзан дон-дун олиб келиб қолар, аммо қўли катта пул кўрмасди. Шу сабаб бўлса керак, баъзан оилада етишмовчилик бўлиб қолар, аммо бир бурда нонга зор бўлганларида ҳам Солиҳа холанинг пенсиясига ёинки йиғиб ётган пулига тегиниш мумкин эмас эди.
Солиҳа хола пулни етти жойида тугиб, аллақайларга яшириб ташлар ва рўзғорда камчилик борлигини сезгани заҳоти:
— Менинг ўлимлигимга кўз олайтирганнинг охирати куяди, — деб минғирлай бошларди.
Солиҳа хола келинининг ишлаб, бошқа аёллар каби пул топби келишини истарди. Аммо бу иш ўлгур дегани қишлоқда тезда топилавермади. Хотинининг баъзи қишлоқ аёлларига ўхшаб шаҳарга қатнаб ишлашига эса Нодир кўнмади.
Шундан кейин Солиҳа хола келинини юрса ўпоқ, турса сўпоқ дейдиган одат чиқарди.
Одатда қайнона ўғлининг ишдан келишини пойлаб турар ва Нодир остона ҳатлаган заҳоти тиззаларига уриб, қарғана бошларди:
— Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим бу текинхўрларнинг дастидан! Қачонгача шу ёшимда ҳаммангни боқаман!..
Албатта, бу даъвода озгина муболаға бор эди. Яъни кампир ҳеч қачон бировни боқмас, бозорга ҳам чиқмас, рўзғорнинг ҳамма ташвиши Нодир ва унинг бир укаси, бир синглисининг бўйнида эди.
Латофатнинг мўйлови сабза уриб қолган қайинукаси Олимжон қайдадир коллежда ўқир, бироқ онасининг дийдиёларидан безиб қолган шекилли, уйдан эрта кетиб, кеч қайтар, баъзан ҳатто “Ўртоқларимникида эдим” баҳонаси билан икки-уч кунлаб қорасини кўрсатмасди. Ўн иккидан ошган Гулнора эса ҳали мактаб ўқувчиси.
Нодир онасининг кўрсатмасига амал қилган ҳолда туман марказидаги бозорга кечга яқин бориб, рўзғорга лозим нарсаларни арзон-гаровга олар ва қоп-қоп нарсаларни елкасига ташлаганча деярли олти чақирим масофани пиёда босиб орқасига қайтарди. Уйда эса кампир ҳар бир дона пиёз-картошкага қадар қайта-қайта ҳисоблаб, ўз хонасининг бурчагига уйдириб қўярди.
Йўқ, охири барибир Солиҳа хола чидай олмади. Бир куни дабдурустдан келинига қараб чақчайганча:
— Бўлди, энди рўзғорларинг бўлак, ўз кунларингни ўзларинг кўринглар, қачонгача сенларни боқаман? — деб қолди.
Шусиз ҳам қайнонасининг кўзига тушиб қолишдан юраги безиллаб, уйда пусибгина юрадиган Латофатнинг бўлари бўлди. Ахир кўнгли энди-энди нордон нарсалар тусаётган пайт бўлса. Аксига олиб, Нодир ҳам яқинда: Энди бир-икки ой маошсиз ишлаб турамиз, — деганди.
Латофат миқ этмади.
Кампир ўзича чегара ўрнатди. Яъни Нодир билан Латофатни ўзи ўтирадиган хонанинг қаршисидаги каталакдай, шифти пастак хонага кўчирди. Орада икки қадамлик айвон қолди, холос. Эшиклар бир-бирига қарама-қарши. Энди қайнона бемалол ўз эшини ёнида ўтирган кўйи келинчаги нима иш биланг машғуллигина кузатиб ўтираверарди.
Шу куни Солиҳа хола кенжатойи Гулнорага гўштсиз шўрва қилдирди.
Гўштсиз бўлса ҳам, ёққа қовурилган пиёзнинг ёқимли иси ҳовлини тутди.
Латофат сўлагини “қулт” этиб ютди.
Ваҳоланки, унинг иштаҳасини қовурилган пиёз очмаганди. У қайнсинглисининг қўлида иккита ҳали пишмаган, кўм-кўм помидорни кўриб қолганди.
Латофат кўк помидор, умуман нордон нарса деса ўзини томдан ташлагудай аҳволда эди. Нимага жерик бўлганини эрига айтишга эса истиҳола қилиб юрганди.
Шу куни эр-хотин оч ётишди.
Нодир чиқиб, онасига бир нарса дейишга журъат этолмади.
Латофатнинг кўз олдида эса кўм-кўк, қарсиллаб турган помидорлар.
Эр-хотин туни билан ухлай олмай, ўринларида тўлғаниб чиқишди. Бири очликдан, иккинчиси эса кўк помидорни эслаган заҳоти оғзининг суви келаётганидан.
* * *
Нодир эртаси куни ҳам онасига бир сўз демай ишга отланди.
Барибир, эр хотинига меҳрибон эди.
Орадан бир чой қайнагулик фурсат ўтар-ўтмас Нодир қайтиб келди. Унинг қўлида тўртта қайноқ нон бор эди.
Нодир аввалига ўз хонаси эшиги ёнида шу томонга ўқрайиб қараб турган онаси ёнига бориб, узоқданоқ қуюқ салом берди. Шундан кейин иккита нонни Солиҳа холанинг ёнига қўяркан:
— Ҳали иссиққина, еб олинг, — деди.
Солиҳа хола нонга кафтини босиб кўрди ва ўғлининг гапи ростлигига ишонч ҳосил қиларкан:
— Ҳар куни иссиқ нон ейдиган бўлсанг уйингни қаердан топасан, — деб тўнғиллади. Сўнг, бунга ҳам қаноат ҳосил қилмади шекилли, овозини баландлатиб, атай келинига эшиттириб деди: — Биламан, мени-ку, ўйламагансан, севикли хотинчам деб олиб келгансан буни.
Қип-қизариб кетган Нодир иккита нонни бағрига босганча онасидан нари кетишга ошиқди.
Бу вазиятни кўрган Латофат юрак ютиб, кўнгли тусаётган нарса хусусида эрига айта олмади.
Нодир ишга кетди.
* * *
Яна бир кун шу зайлда ўтди.
Латофат адойи тамом бўлди.
Юрса ҳам, турса ҳам кўз ўнгида кўм-кўк помидорлар. Карсиллаб турибди. Шундай тиш ботирсанг-у, шўртаккина сувини маза қилиб, тишларинг қамашиб симирсанг!..
Нодир ишдан эртароқ, аммо бир тўрва халтада нелардир олиб қайтди.
Солиҳа хола қайгадир чиққан эди.
Ҳовлида Латофатнинг ёлғиз ўзи серрайиб турарди. У эрининг қўлидаги халтани кўрган заҳоти қувониб кетди. Назарида, эри кўм-кўк помидорлардан босиб келгандай эди.
Аммо халтада картошка ва пиёз ва ярим килоча гўшт бор эди, холос.
— Овқат қил, — деди Нодир хар эҳтимолга қарши хотинига жеркиброқ гапириб. Зеро, онасининг олдида Латофатга юмшоқ муомала қилса боши балога қоларди. — Қорин пиёзнинг пўсти бўлиб кетди.
Л атофат ховлидаги ўчоқ томон интилган жойида тўхтади ва эрига ўгирилиб:
— Мой йўқ эди, — деди.
— Пулнинг барисини тугатдим, — деди Нодир жаҳл билан. — Икки минг қолибди. Буни носга ажратиб қўйгандим. Олиш эсимдан чиқибди. Бир овқатга етарли мойни онамдан олиб тургин.
— Онангиз уйда йўқ эди, — деди Латофат.
— Бирон ёққа кетдими? — ҳайрон бўлиб сўради Латофат хола доимо ўтирадиган эшик олдига кўз ташлаган Нодир.
— Билмадим, индамади. Ўн минутча бўлди-ёв кўчага чиққанига.
— Мен у кишини кўчада кўрмадим, — иккиланиб жавоб берди Нодир. — Ҳа, майли, онамнинг хонасидаги бидонда доғланган мой бор, бир овқатлик олиб чиқа қол. Ўзим айтаман.
Эрининг сўнгги жумлани ишончсизроқ тарзда айтганини англаган Латофат иккиланиб қолди. Сўнг очиғига кўчди:
— Мен... қўрқаман.
— Э, нимадан қўрқасан?! — Аввало ўзига, сўнг хотинига далда беришга уринди Нодир. — Ўзингнинг уйинг бўлса.
— Кеча... — титроқ овозда изоҳ берди Латофат, — рўзғоримиз бўлак бўлди-ку.
— Э, шунга ҳам эътибор бериб ўтирасанми? Кампир одам бўлса. Жаҳлиям тез, совушиям. Ҳеч қўрқмасдан олиб чиқавер. Айтдим-ку, ўзим жавоб бераман деб. Сен бемалол боравер, мен бориб нос олиб келай.
Эрининг гапидан сал дадилланган Латофат хонадан каттароқ бир пиёлани олди ва қайнонасининг эшиги очиқ хонаси томон қадам ташлади.
Дарҳақиқат, хонанинг чеккасида, картошка ва пиёзлар уюми орасида алюминий бидон турарди. Латофат шошиб бориб идишнинг оғзини очди. Идишнинг бўғзига қадар тўла мой.
Латофат аста пиёлани ботириб, ярим пиёлача мой олди. Сўнг идишнинг қопқоғини оҳиста ёпиб, энди ортга қайтмоқчи бўлган маҳал шундай иккита катта-катта карам ёнида ётган беш-олтита кўк помидорни кўриб қолди.
Келинчакнинг сўлак безлари ишлаб кетди.
Помидорлар унинг кўзига ўтдай кўринарди.
Латофат жон-жаҳди билан иккита помидорни қўлига олди ва уларнинг биттасини ғарчиллатиб тишлади.
Шўр, илимиқ сув кўзига, юзига сачради.
Бениҳоя ёқимли таъмни туйган келинчакнинг бутун вужуди роҳатдан бўшашиб кетди.
Худди шу маҳал дарвоза аста очилди ва бир нарсадан қуруқ қолгандай шоша-пиша шу томонга келаётган Солиҳа холанинг қораси кўринди.
Кўзларини юмиб олган Латофат ҳовлига кимдир кирганини илғагандай бўлди. Аммо “Эрим қайтибди”, деган ўйга борди.
Латофатнинг вужуди, ҳар бир ҳужайрасига қадар ҳузур қилмоқда эди...
Шу сонияда...
— Ўғри! — деган чинқириқ эшитилди.
Келинчак шошиб кўзларини очди.
Солиҳа хола икки тиззасига муштлаганча дунёга ўт кетгандай бақириб-чинқирмоқда эди:
— Одамлар! Одамлар! Ўғри! Ўзимнинг уйида ўғри! Қўйнимизда илонни асраган эканмиз!..
Латофат ҳатто ўзига келишга улгурмади.
Бир-икки қўшни аёллар чопиб киришди ҳовлига.
Солиҳа хола дунёни бошига кўтариб чинқиришда давом этарди:
— Ҳа, яшамагур ўғри!.. Ҳа, эгри қўлгинанг синсин сенинг!..
Латофатнинг қўлидаги иккинчи кўм-кўк помидор ерга тушиб, юмалаб кетди...
Кейинроқ айтиб беришди: қўшни маҳалладан нос олиб келган Нодир аввалига онасига ниманидир тушунтиришга уринган. Бироқ ақлдан озгудай ҳолда жаҳл отига минган она ўғлини эшитишни ҳам истамаган! Аксинча, ўғлига қараб дўқ урган:
— Йўқот анави яшшамагурингни кўзимдан!
Онасини бу аҳволда кўрган Нодир ноилож ортга чекинган...
* * *
Йўқ, Солиҳа хола ҳовлида жанжал кўтариш билан чекланмади. Келинини қарғай-қарғай кўчага ҳайдаб чиққач, эринмасдан қишлоқнинг деярли барча уйларига бирма-бир кириб, Латофатнинг қилган ишини янги-янги тафсилотлару қўшимчалар билан айтиб чиқди. Ишқилиб, қўли эгри келин боис оила кўп заҳмат чеккан эмиш, шу кунгача гап-сўздан чўчиб жим юрган экан, мана энди, ўғрилик устида қўлга туширгач, келинини расвоси бало қилмагунча Солиҳа хола тинчимасмиш...
Қишлоқ аҳлининг аксарияти “ўғри келин”ни орқаворатдан, Солиҳа холага қўшилиб ёмон сўзлар билан ҳақорат қила бошлашди.
Юзи шувит бўлган Латофат зор-зор йиғлаб қолаверди...
* * *
Орадан бир ҳафтага яқин вақт ўтди.
Солиҳа хола жаҳлдан тушмади.
Итоаткор ўғил эса қаттиққўл она измидан чиқа олмади.
Кичкинагина қишлоқда гап ётармиди! “Ўғри” тамға Латофатнинг ортидан етиб келиб, унинг она хонадонидаги ҳаётини ҳам дўзахга айлантирганига анча бўлган.
Охири бўлмади, Латофат туман марказига бориб, бир узоқ қариндошларининг уйида яшай бошлади.
“Холис” одамлар ҳалиги гапни етказиб улгуришган шекилли, уй эгалари кейинги пайтларда Латофатга ола қарайдиган, уйдаги арзимас нарсаларни ҳам бекитиб қўйишадиган, хоналарни қулфлаб кетадиган бўлишди.
Буларни кўриб Латофат эзилади. Яхшиям меҳрибон онаси бор экан, кунда-кунора келиб қизининг ҳолидан хабар олади. Насиба холанинг юраги сезганми (она ахир!), ишқилиб, кейинги келишида бир килоча помидор кўтариб келди. Латофат жон ҳолатда уларнинг ичидан энди пиша бошлаганини, ҳали ранги кўм-кўкини топди ва шу заҳоти, ювиб ҳам ўтирмасдан оғзига тиқди.
Шўр, илиқ суюқлик келинчакнинг юзига, кўзларига сачради.
Ҳузурбахш лаззатдан кўзларини маҳкам юмиб олган Латофат шоша-пиша помидорни ғарчиллатиб чайнаркан, тўсатдан пиқиллаб йиғлаб юборди ва йиғи аралаш:
— Мен... мен ўғри эмасман, ойи, — деди.
Насиба хола қизига саволомуз қаради.
— Ўғри бошқа, — пичирлади Латофат.
— Ким экан ўғри? — қизига ажабланиб тикилди она.
— ...
Нимагадир Латофат бу саволга жавоб бермади.
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ