САМО ЭЛЧИСИ


Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ

САМО ЭЛЧИСИ
ҳикоя

   Кўкда сузиб юрган ўзга сайёраликларнинг учар ликопчаси шиддат билан учиб келиб шаҳар ҳовлилардан бирига қўнди.
   Ликопчадан тушган ўзга сайёралик атрофга аланглади ва қўлидаги пульт тугмачасини босиб, учар ликопчасини кўринмас ҳолга келтирганидан сўнг аста қадам ташлаб, хоналардан бирига кирди.
   Хонада эса бизнинг қаҳрамонимиз, 12 ёшлардаги Абдурайим полвон душманлар билан аёвсиз жанг олиб бормоқда эди. Компьютерда, албатта.
   Ўзга сайёралик оҳиста йўталди, аммо Абдурайим эшитмади. Ўзга сайёралик яна бир бир неча бор йўталди, бироқ ўйинга жон-дили билан берилиб кетган, гоҳ-гоҳ “Теп!.. Ўт оч!.. Автоматми бу, ҳассами?.. Чапга от, чапга!.. Сотқинни портлат!.. Э-эҳ!..” деб бўкириб қўяётган полвонимиз уни яна эшитмади.
   Ўзга сайёралик сузиб бориб Абдурайимнинг енгидан аста тортди. Абдурайим экрандан кўз узмасдан уни силтаб ташлади:
— Халақит берма!
   Ўзга сайёралик яна одоб билан йўталди ва лабларини қимирлатмасдан садо берди:
— Эътиборингиз учун, ёш дўстим, камина сизлар Катта Қисқичбақа деб атайдиган туйнук ўрамидаги Муштарий буржининг 1019-юлдузидан ёруғлик тезлигида учиб келиб, сайёрангизга қўниш бахтига муяссар бўлган илк самовий элчиман. Умумкоинот миқёсидаги тамаддунларнинг бундай бемисл аҳамиятга эга учрашуви шарафига эришганингиз сизга муборак бўлсин, эй ёш дўстим!
   “От!.. Портлат!.. Янч!..” деб тинмай бақириб турган Абдурайим экрандан кўз узмай, жаҳл билан қўл силтади:
— Бор-э!
   Ҳайрон бўлган ўзга сайёралик такрорлади:
— Камина сизлар Катта Қисқичбақа деб атайдиган туйнук ўрамидаги Муштарий буржининг…
   Абдурайим полвон яна компьютердан кўз узмай қўл силтади:
— Халақит берма, дедим-ку! Қисқичбақам чиқиб турипти ўзи!
  Ўзга сайёралик бир зум ўйланиб қолди, кейин жилмайиб қўйди ва “лип” этиб компьютер ичига кириб олди.
   Компьютер экрани бир липиллаб ўчди ва экранда ўзга сайёралик пайдо бўлди.
   Абдурайим отилиб ўрнидан туриб кетди:
— Эҳ! Бу нимаси тағин!
   Ўзга сайёралик:
— Эътиборингиз учун, ёш дўстим… — дея ўз гапини бошидан бошлади.
   Абдурайим жаҳл билан клавиатура тугмачаларини бирин-кетин босаверди. Аммо ҳамон гапираётган ўзга сайёралик экрандан ўчмади.
— …камина сизлар Катта Қисқичбақа деб атайдиган…
   Жон-пони чиқиб кетган Абдурайим жаҳл билан компьютернинг уёқ-буёғига тегди, қимирлатиб ҳам кўрди. Аммо экрандан йўқолмаган ўзга сайёралик гапираверди:
— …туйнук ўрамидаги Муштарий буржининг 1019-юлдузидан ёруғлик тезлигида учиб келиб…
  Абдурайим жаҳл билан компьютернинг устига мушт туширди. Бундай зарбани кутмаган ўзга сайёралик букчайиб қолди, аммо бир амаллаб гапида давом этди:
— Умумкоинот миқёсидаги тамаддунларнинг бундай бемисл аҳамиятга эга учрашуви шарафига эришганингиз…
   Жаҳли чиққан Абдурайим компьютерни “тарс-турс” ура кетди. Кетма-кет зарбалардан икки букилиб қолган ўзга сайёралик бир амаллаб гапини тугатмоқчи бўлди, аммо эплай олмади. Бунинг ўрнига жон алпозда компьютердан отилиб чиқди.
   Экранда яна жангари ўйин давом этди. Мамнун бўлган Абдурайим жойига ўтирди ва жон-жаҳди билан клавиатура тугмачаларини босишга тушди.
  Ўзга сайёралик бир муддат Абдурайимга афсусланиб қараб қолди, сўнг “лип” этиб ҳовлига чиқди-да, қўлидаги пульт тугмачасини босди. Учар ликопча пайдо бўлди.
   Шу пайт Абдурайим ўтирган хонадан ҳайқириқ эшитилди:
— Ура-а-а! Енгдим! Учинчи босқичга ўтдим!
  Ўзга сайёралик телбаларча ирғишлаб сакраётган Абдурайимга қаради, бош чайқаб қўйди ва яна бир бор “лип” этиб учар ликопчасига чиқиб олди.
   Учар ликопча шиддат билан юқорига сузди, ҳовли устида хайрлашгандай бир айланди, сўнг бесас самога кўтарилиб, изсиз ғойиб бўлди.
   Оламшумул воқеадан бехабар, бор-йўқ мақсади кейинги босқичга чиқиб олиш бўлган бизнинг Абдурайим эса хонада ҳамон компьютерда жон-жаҳди билан жангари ўйин ўйнарди…










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот