Толиб Мўминовга табрик
Ўзбек Миллий Академик драма театри ва кино актёри, “Шуҳрат” медали соҳиби, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист - Толиб Мўминовни таваллуд топган куни билан табриклаймиз!
Толиб Мўминовга соғлик, узоқ умр, оилавий хотиржамлик ва тотувлик, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаймиз!
Камоли эҳтиром ила - Ўзбек Миллий Академик драма театри ва Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоалари.
Маълумот: Толиб Мўминов Тешаевич 1971 йилда таваллуд топган. 1994 йили Москвадаги Бутунроссия кинематография институти (ВГИК)нинг драма ва кино актёрлиги бўлимини битириб, ушбу йили Ўзбек миллий академик драма театрига актёр сифатида ишга қабул қилинди.
Т. Мўминов ўз ижодий фаолияти давомида 50 га яқин спектаклларда турфа образлар яратди. Кичик роллардан бошлаб, бош ролларгача маҳорат билан ижро эта оладиган етук санъаткор сифатида шаклланди. Меҳнатсеварлиги, талабчанлиги ва тинмай ижодий изланиши туфайли эл севган актёрлардан бирига айланди. Т. Мўминов театрда саҳналаштирилган "Кулойим” спектаклида Капрал, "Муҳаббат султони”да Қайс-Мажнун, "Уф”да Низомжон, "Қатағон”да Офицер, "Жиноят устида ушлансин”да катта лейтенант Ботир Шукуров, "Соҳибқирон”да Мироншоҳ, "Чимилдиқ”да куёвнинг укаси, "Машраб”да Мулла Соқий, "Кундузсиз кечалар”да Дўст, "Қирол Лир”да Эдгар, "Усмон Носир”да Насрулло Даврон, "Ҳамлет”да Розенкранс, "Макр ва Муҳаббат”да Вурм, "Адибнинг умри”да Ботир, "Ҳасрат боғи”да Ашрафий, "Чегара устидаги уй”да 1-дипломат, "Нексия”да Бозорбой, "Алишер Навоий”да Соҳибдоро, "Талваса”да Турсуний, "Тортадурман жабрини”да Тоживой Исроилов, "Ўзбекча рақс”да Турсунбой, "Оилавий сир”да Ўғил каби ролларни меъёрга етказиб ижро этиб, томошабинлар олқишига ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.
У кино, видеофильм ва миллий сериалларда ҳам 40 га яқин роллар ижро этиб ўз мухлисларига эга бўлди. Жумладан, "Ал-Бухорий”да Бухорийнинг дўсти, "Шарпа”да Ҳакимжон, "Номус”да Адвокат, "Азизим”да корхона раҳбари, "Қуёши ботмайдиган юрт”да Мухтор, "Роҳила”да Соқов, "Домла”да Офицер, "Кўнгил кўчалари”да Безори бола, "Олис осмон”да спортчи, "Аёл зоти”да офицер, "Музаффар”да Бахтиёр, "Ўч”да Жахонгир, "Ўзганинг онаси”да Рамазон, "Академия”да Лейтенант, "Ҳақиқий эркаклар ови”да Учувчи, “Менинг акам бўйдоқ”, “Алданган аёл”, “Инсон қадри”, “Паризод”, “Муқаддас бурч”, “Энди дадам бўйдоқ”, “Ўзга сайёралик эр”, “Хазина операцияси”, “Ҳасан ибн Ҳусан”, “Балли, Камолиддин!”, “Орзудаги аёл”, “Орзулар қанотида” каби кўплаб фильмларда турли ролларни ижро этган.
Т. Мўминов дубляж санъатида ҳам фаол ижод қилиб, кўплаб кинофильм, мултьфилм ва сериалларга овоз бериб келмоқда.