МАКТУБ
Абдулла ОРИПОВ - Ўзбекистон халқ шоири.
МАКТУБ
Ғазаллар тўқирдим сенга бир замон,
Қўшиқлар айтардим тунлар бошингда.
Начора ушбу кун ўзга бир инсон,
Ўзга бир муҳаббат турар қошингда.
Эшитдим, хазонли боғларда танҳо,
Ўтказар эмишсан сокин пайтларни.
Сарғайган дафтаринг варақлаб гоҳо,
Такрорлар эмишсан маҳзун байтларни.
Мен ҳам тонглар баъзан йўлга қарайман,
Мунаввар қуёшга кўксимни очиб.
Сенинг хаёлингдан мадад сўрайман,
Сенинг хаёлингга бораман қочиб.
Лекин қутулмоқ йўқ ҳижрон дастидан.
Фақат қалбимизда бардош ва сабот.
Дунёда жамийки ҳислар устидан,
Қаҳқаҳа уради қадим бу ҳаёт.
Надомат нимага ва афсус нечун,
Дунёда неки бор ўчар бешафқат.
Бизнинг вазифамиз – кўникмоқ беун,
Бизнинг вазифамиз – унутмоқ фақат.
Йиллар ўтаверар такрор ва такрор,
Ёшлик ҳам ўтади бенишон, бесас.
Фақат ўшал чоғ ҳам хўрсиниб бир бор:
“Севгандим, набирам…” дея олсак бас.