Тақдир эмас экан
Адиба УМИРОВА Тақдир эмас экан
Тақдир эмас экан, нетайлик,
Ёниб севган билан эрта-кеч.
Бу ишқ ярамади, Худойим,
Қурбонликдан бошқасига ҳеч.
Ўзга никоҳ, ўзга бир бахтга
Қурбон қилдик бир-биримизни.
Зериккунча ҳаёт ҳам қувнаб
Қўлдан қўймай ўйнади бизни.
На чора!..
Ҳа, унутдик, кўндик,
Сўнг душманга айландик аниқ.
Бу дунёда тош отгувчи кўп,
Тушунгувчи тирик одам йўқ!
Тушунмадик, хоҳламаймиз ҳам
На қайтишни, на эслашни, бас.
Ўзимизни оқлашга энди,
Қоралашга кучимиз етмас.
Ерда очилмаган сиримиз,
Гуноҳимиз қолмади мутлоқ.
Четдан чигал кўринган билан
Ўтмишимиз чигалмас бироқ:
О, Сен бизни яратмагансан,
Яратсанг ҳам учратмагансан.
Ё ҳали ҳам туғилмаганмиз,
Туғилганда -- ўлганмиз шу он!
Балки ўлмаганмиз!.. Ишониш
Қийин яшаб туриб ҳар қалай.
Шундай бўлиш мумкин-ку, ахир,
Бизнинг севги тугади шундай!..