...Исомиддин бир пайтлар, ҳали уйланмаган чоғларида “Отага ўғилдан кўра қиз меҳрибонроқ бўлади”, деган гапни эшитганида, очиғи, унчалик ишонмаган эди. Кейинроқ, илк фарзанди қиз туғилганда бу “ҳикмат”ни ота-онасидан, яқин биродарларидан бот-бот тинглаш асносида жимгина бош эгиб, гўёки суҳбатдошининг фикрини маъқуллаётгандай турган бўлса-да, кўнглининг бир чеккасидан бошқа бир истеҳзоли ўй ўтган эди: “Ҳа, бу энди қиз кўрган ёки ўғли йўқлар учун бир тасалли экан-да...”
Орадан бир-бирини қувиб йиллар ўтди.
Исомиддин яратганга минг қайта шукрлар айтса арзийди, Дилоромдан кейин иккита қўчқордай-қўчқордай ўғил кўришди. Мана энди уч фарзанднинг отаси бўлиб, катта кўчада гердайиб юрганида нечукдир тез-тез ўша ҳикматли гапни эслаб қолади ва ўзича тан берган ҳам бўлади: “Одамлар бекорга айтишмас экан-да...”
Илло бижилдоқ Дилором сал ақлини таний бошлагандан бери дадасига бир меҳрибон бўлдики, бир меҳрибон бўлдики, буни таърифлаш мушкул! Тўғриси, “ақлини танигандан бери” деган гап ҳам унчалик аниқ эмас. Зеро, Дилором ҳали онасининг кўкрагини пишиллаб эмиб ётган маҳаллари ҳам жажжи қўлчаларини чўзиб, дадаси томонга талпингани-талпинган эди!
Фарзанднинг меҳрини падар ҳис қилмай қолмайди.
Нодиржони билан Қодиржонидан ҳар қанча айланиб-ўргилса-да, Исомиддин ҳам бора-бора тўнғичига ўзгача меҳр билан қарайдиган бўлиб қолди. Ишдан ҳар куни атай Дилором учун битта чупа-чупми, шоколадми, сақичми олиб келиш ота учун ёзилмаган қонунга айланди. Баъзан ишдан кеч қолган маҳаллари ёки улфатлари билан чойхонага бориб, ошхўрлик қилиб, уйга алламаҳал қайтган кунлари ҳам Исомиддин Дилором қизалоғи уйқусизликдан қизариб кетган кўзларини йириб очганча йўлакда қўғирчоқларини ўйнаганча дадажонининг йўлига кўз тикиб ўтирганини кўрарди.
Бахтиёр ота бундай маҳаллари қизалоғининг қўнғироқдек овозда:
— Дадажон! — деганини эшитса бас, бутун чарчоқларини унутиб, вужудида ажиб бир енгиллик туярди, гоҳида эса мижжаларига ёш қуйилиб келганини ҳам ҳис этарди.
Бунга сайин Дилором дадасига эркаланар, оқшом ҳам дадасининг ёнидан кетмас, охир-оқибат Исомиддиннинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олганча уйқуга кетарди.
Гоҳида кечалари безовталаниб уйғонган чоғлари ҳам Дилором уйқу аралаш фақат:
— Дадажон... — деб шивирларди.
Назокат баъзан эрига ҳазиллашиб қўярди:
— Бу мастон қизингиз ўзича мени дадам туққан деб ўйлайди шекилли...
Бундай пайтлари Исомиддин бўш келмасди:
— Дадасининг қизи бўлгандан кейин шунақа бўлади-да...
Аммо айрим пайтлари Назокат сал жиддий оҳангда гапиришга уринарди:
— Шунингизни ер-кўкка ишонмайсиз. Бола отасини бунчалик яхши кўрмаслиги керак эмиш. Ахир, ҳар қалай, қиз бола — бировнинг хасми. Эртан-бир кун бировнинг уйига боради. Чиққан қиз чиғириқдан ташқарида, деган гапларам бор. Бунингиз бўлса сизга роса боғланиб қолган... Эртага кўзининг ёшини оқизиб келиб турса, югуриб бориб куёвингизнинг таъзирини бериб келишдан ҳам тоймассиз...
Исомиддин жиддий бўлишга уринади, аммо эплай олмайди, яна ҳазилга зўр беради:
— Бундай тилла қизалоғимни хафа қилган одамнинг энасини учқўрғондан кўратаман! Хафа қилиши нимаси, биронтаси қаттиқ гапириб кўрсин қани...
Вақт ғилдираги эса тўхтов билмай айланиб турарди.
Ҳаш-паш дегунча Дилором ўн бирга тўлиб, ўн иккига қадам қўйди. Мана шу Дилором қиз бола боши билан машиналарнинг маркаларинию, турларини укаларидан ўзиб ажратиши ғалати эди. Ҳолбуки, Исомиддининг ўзи то ўнинчи синфни битиргунга қадар “Москвич” билан “Жигули”ни фарқлолмай, ўртоқларига кулги бўлиб юрарди. Дилором эса “Москвич”, “Жигули” у ёқда турсин, ўзимизнинг “Дамас”, “Нексия”дан тортиб, чет элнинг алламбало машиналарига қадар танирди. Таниш ҳам гапми, билағонлик қилиб, аллақандай белгилариними-ей, тезликлариними-ей айтиб ҳам ташларди... Буни кўриб Исомиддин ҳайратдан ёқа ушларкан, баъзан беихтиёр: “Қарқуноқдан булбул чиқаркан-да... Нима бўлса шу қизим бўлади”, деб қўярди...
Албатта, Дилором отасини жон-дилидан яхши кўрар, баъзан унга янада яхши кўриниш учун бўлса керак, Назокатнинг таъбири билан айтганда, гапига асал суртиб юборарди гўё.
Бир куни нонушта пайти энди кап-катта бўлиб қолган қизи учун бир бўлак патирга аввал ёғ, устидан эса мураббо суртиб бераётган Исомиддин Дилоромнинг тантиқланиб:
— Дадажон, бугун худди шундай қилишингизни тушимда кўргандим, — деганига унчалик эътибор бермади.
Тўғрироғи, у Дилором одатига кўра ўзига янада ёқиш учун айтаяпти бу гапни деб ўйлади.
Орадан бир ҳафтача вақт ўтди.
Қизалоғининг нонуштага қовурилган товуқ колбаси ейишни хуш кўришини билган Исомиддин ошхонада столга қўйилган сабзи тахтада бир бўлак колбасани парраклаб кесиб ўтирганди.
Шу маҳал хонага одатига кўра:
— Ассалому алайкум, дадажон. Яхши ётиб турдингизми, яхши тушлар кўрдингизми, — дея яйраб-яшнаб, кўзлари чақнаб кириб келган Дилором отасининг қўлидаги пичоқни кўрдию, бирдан ранги оқариб, жон ҳолатда: — Қўйинг, қўйинг, дада! — деди.
Қизининг гап оҳанги ўзгарганини илғаган Исомиддин ҳайрон бўлиб бошини кўтарди.
Дилором шоша-пиша:
— Тушимда шу пичоқда қўлингизни кесиб олибсиз, роса қон оқибди... — дейишга улгурди.
Ҳали қизининг гапи маъносини илғаб улгурмасидан бурун Исомиддин ўткир пичоқ чап қўлининг кўрсаткич бармоғини ғарчча кесиб кетганини ҳис қилди.
Дарҳақиқат, анча қон оқди.
Исомиддини безовталаниб, ранги қумдай оқарган, қон оқаётган бармоғига хавотирланиб тикилаётган қизини юпатишга уринди:
— Ўтмас пичоқ эди-да ўзи... Ўткир бўлганида кесмасди... Бугун ўткирлатиб келаман...
Шубҳасиз, Нодир билан Қодир ҳам типирчилаб қолишганди. Лекин Дилоромнинг безовталаниши бошқачароқдек эди...
Исомиддин бармоғини совуқ сувга тутиб турди, Назокат бинт олиб келиб кесилган жойни боғлади. Ишқилиб, бир амаллаб қонни тўхтатишди.
Бирдан жиддий тортиб қолган Дилором ота-онасининг шунча тавалло қилишига қарамасдан, оғзига бир ушоқ ҳам сололмай, оч ҳолида мактабга кетди.
Эҳтимол бу воқеа, Исомиддин таъбири билан айтганда эса, “техника хавфсизлигига риоя қилинмаганлиги оқибати” тез кунда ёддан кўтарилиб ҳам кетарди. Бироқ...
Одатдагидек, яхши кайфиятда, ҳазил-ҳузил билан кечаётган нонушта маҳали Дилором туйқусдан дадасига завқ билан термулиб турди-турди-да, ҳаяжонланиб эълон қилди:
— Дадажон, тушимда кўрдим, бугун сизни бошлиқ қилиб тайинлашади.
Дастурхон атрофида ўтирганлар, биринчи бўлиб Исомиддиннинг ўзи кулиб юборди. Сўнг қизига меҳр билан қарар экан:
— Илоё айтганинг келсин, қизим, — деди. — Лекин тушинг ўнгингдан келмасаям унчалик хафа бўлмайман.
— Нега? — ажабланиб сўради қиз.
— Чунки, — дея изоҳ берди дада, — бир оёғи гўрда бўлиб қолган бўлим бошлиғимиз охири пенсияга кетгани рост. Лекин унинг ўрнига тўртта одам қўйнига пулини солиб, камига “тепа”даги акаларини ишга солиб югуриб юрибди. Мендай бечорага йўл бўлсин...
Назокат муроса оҳангида орага қўшилди:
— Қизингиз яхши ният қилаяпти-да, дадаси... Зора фаришталар “омин” деб юборса.
Исомиддин аччиқ кулимсиради:
— Бу замоннинг фаришталари боланинг тушига қараб ўтиришмайди... Бўлмаса-ку, менинг иш тажрибам... Ҳай, майли...
Бир гапдан қолишни сира истамайдиган Назокат яна бўш келмади:
— Ахир бизнинг Дилоромимиз ҳам фариштадай гап-да...
Дадасининг эътироз учун оғиз жуфтлаганини кўрган “фаришта” узил-кесил гапини айтди-қўйди:
— Мана мени айтди дерсиз, бугун бошлиқ бўласиз, тамом-вассалом!
Мактабга жўнар вақт яқинлашиб қолгани учун Исомиддин қизи билан баҳслашиб ўтиришдан ўзини тийди.
Шу куни кечқурун Исомиддин уйига... бўлим бошлиғи сифатида кириб келди!
Ким билади, не гап, не сўз бўлган, аммо катта раҳбар шахсан ўзи келиб, Исомиддинни бўлим бошлиғи этиб тайинлаб кетди!
Бу амал дея елиб-югуриб юрганлар бўзариб қолаверишди...
Бу нима эди, тасодифми ёки...
Исомиддин ўзича “Дилоромимнинг тушларида бир гап бор-ов”, деган тахминга борди.
Орадан ойлар ўтди. Исомиддин астойдил ишлади. Ўзини тўсатдан бошлиқ этиб тайинлаган раҳбар олдида хижолатда қолмаслик, ҳали-ҳамон тиш қайраб юрган ичи қора ҳамкасбларининг танқидига учрамаслик учун ҳам куйиб-пишиб меҳнат қилаверди.
Нимагадир энди Дилором туш ҳақида гапирмай қўйди. Ҳатто Назокат бир-икки бор нонушта маҳали шу мавзуни қўзғашга уриниб, гапни аллақандай башоратчилар, тушида кашфиётлар яратадиган олимлар, тушида шеър ёзадиган шоирлар томонга бурди. Аммо на эридан, на қизидан рағбат сезмагач, жим бўлиб қўя қолди.
Шундай кунларнинг бирида...
— Дадажон, — деб қолди нонушта маҳали кўзлари қувончдан чақнай бошлаган Дилором, — бугун лотерея сотиб олиб, “Нексия” ютаркансиз. Тушимда кўрдим!
— Вой, вой, зўр-ку! — ҳаяжондан бўғриқиб кетган Назокат аранг шу сўзларни айта олди.
Аммо қизининг “башорати” Исомиддин учун энди ҳаддан ортиқ бўлиб туюлди. Шу сабабли хотинини ортиқча ҳовлиқтирмаслик учун гапни калта қилиб қўя қолди:
— Менга ўхшаганлар “Нексия” ютаверса, лотереячилар уйини қаерда топади?
Дилором эса одатига кўра бўш келмай туриб олди:
— Ютасиз. Мана мени айтди дерсиз, бугун машина ютасиз, тамом-вассалом!
Иш ташвишлари, елиб-югуришлар, чопа-чоплар билан бўлиб Исомиддин қизининг эрталабки гапини унутган ҳам экан. Фақат йўналишли маршруткадан тушиб, Дилором учун бирон ширинлик олиш мақсадида дўконлар қатори томон буриларкан, эрталабки гурунгни эслаб қолди.
“Ҳай қизим-а, — деган ўйга борди Исомиддин. — Ишқилиб, дадасига яхши кўринса-да. Ҳа, майли, шунинг учуноқ эркатойимга бугун “Баунти” ола қоламан”.
Исомиддин қизи яхши кўрадиган шоколаддан сотиб олди-да, дўкондан чиқаётган маҳали кимнингдир шу яқин-атрофда: “Кеп қолинг! Лаҳзалик лотерея! Сотаману кетаман!.. Ютуқ “Нексия” машинаси!..” деб қичқираётганини эшитди.
Тўғриси, Исомиддин лотерея ўйинларини ёқтирмсди. “Буям қиморнинг бир тури-да”, деб ўйларди. Зеро, у кўплаб ҳамкасблари маошларининг асосий қисмини мана шунақанги, одамларни алдаб, пулини шилиб олишга мўлжалланган, айниқса кейинги пайтлари жуда кўпайиб кетган ғирром ўйинларга сарфлашини яхши билар ва уларга ачинарди ҳам.
Ҳозир ҳам Исомиддин антиқа қоғозга ўралган шоколадни ҳузур билан томоша қилганча уйига етиб олиши мумкин эди.
Аммо эрталаб Дилоромнинг ишонч билан гапириши...
“Майли, — деган қарорга келди Исомиддин. — Қизимнинг сазаси ўлмасин... Шундай обориб бераман-да, “Мана, кўр, қизим, ҳеч вақо йўқ” дейман...”
Исомиддин битта лотереяни атай беписанд тарзда сотиб олиб, чўнтагига тиқди-да, уй томон йўл олди.
— Вуй, зўр-ку, раҳмат, дадажоним! — дея хитоб қилди Дилором шоколадни Исомиддиннинг қўлидан юлиб оларкан.
Шу билан боши осмонга етган Дилором ўз хонасига кириб кетди.
Пойабзалини ечаётган Исомиддин йўлак адоғида Назокат ўзига диққат билан термулиб турганини кўриб, ажабланди.
— Яхши келдингизми, адаси, — дарров ҳушёр тортди Назокат. — Мен анави... Дилоромнинг эрталабки гапи...
Бу сафар Исомиддин баралла кулиб юборишдан ўзини тийиб туролмади.
— Ҳа, хотин-а, хотин-а, — деди у истеҳзо билан. — Осмондан тилла ёғилибди деса ишонасан-а. Дилором ҳазиллашиб айтди-қўйди-да. Биласан-ку, мен бунақанги нарсаларга ишонмайман.
— Олмадингизми? — аллақандай ваҳима билан сўради Назокат.
— Олмадим! — хотининг гапини чўрт кесган Исомиддин энди сал дағалроқ оҳангга ўтди. — Барибир менга ўхшаган камбағалга бир тийин чиқмаслигини яхши биламан. — Тўсатдан Исомиддин туфлисини ечаётган жойида тўхтаб, чўнтагини кавлади ва боя сотиб олган лотерея билетини чиқариб берди. — Лекин шу гапимни исботлаш учуноқ биттаси мгновеннийсини олдим. Ма, қизингга бер.
Лекин Назокатнинг бошқа режаси бор экан шекилли, лотереяни олган заҳоти чўнтагидан танга чиқарди ва лотереяни телефон столчасига қўйиб, унинг устидаги ҳимоя қатламини қира бошлади.
Яна бир бор истеҳзо ила илжайиб қўйган Исомиддин иккинчи пой туфлисининг боғичини ечиш учун энгашди.
Бир пайт кимдир инграб юборгандай бўлди.
Бу Назокатнинг товушига ҳам ўхшарди.
Исомиддин худди шундай бўлишини, яъни лотереяга ҳеч нарса чиқмаслигини аниқ биладиган одамдай мутлақо хотиржам тарзда бошини кўтарди.
Ранги қувдай оқариб кетган Назокат зўр бериб лотереяни эрига кўрсатишга уринаркан, аранг:
— Нек... Нек... — деяоларди, холос.
Худди шу маҳал орқадан чиқиб келган Дилором онасининг қўлидан лотереяни олди ва унда ҳимоя ёзуви қирилгандан сўнг пайдо бўлган ёзувни ҳижжалаб ўқиди:
— Автомобилü “Нексия”...
Орадан уч ойдан сал кўпроқ вақт ўтди.
Бу вақт ичида бутун оила аъзолари билан янги “Нексия”да икки марта қишлоққа бориб келишга улгурган, уч-тўрт ҳафтадан бери эса иш жойига ҳам янги машинасида қатнаётган Исомиддин сал тўлишди, ҳақиқий раҳбарларга хос тарзда салобат-ла, андакккина виқор ила юришни ўрганди.
Шундай саодатманд кунларнинг бирида, тўғрироғи эрталаб, нонушта маҳали нимагадир қовоғини очмай, ҳеч нарса емай ҳам ўтирган Дилором ҳаммадан биринчи бўлиб ўрнидан турди-да, ўшшайган кўйи хонасига кирди-кетди.
Бундан ажабланган Исомиддин ишга жўнар олдидан қизининг хонасига мўралади.
Дераза ёнида қовоғини уйганча ташқарига қараб турган Дилором дадаси томонга ўгирилмади, аммо шу алфозда, сўзларни дона-дона қилиб деди:
— Дадажон, илтимос, бугун... анави аёлни машинангизга чиқарманг. У яхши аёл эмас...
Бирдан иссиғи чиқиб кетган Исомиддин шоша-пиша эшикни ёпди...
У аёл эса...
Бениҳоя сулув, шаҳло кўзлари алланечук ишвали-ғамзали боқадиган, эри билан ажрашиб, ёлғиз қизчасини бир хонали уйда ёлғиз ўзи боқаётган сарвиқомат ҳамкасб жувон эса барибир шу куни кечга яқин Исомиддининг машинасига ўтирди. Тўғрироғи, бир ойдан бери уни ҳоли-жонига қўймаётган Исомиддин ниҳоят шу бугунги кунга ваъда олганди...
Шу оқшом Исомиддин ишдан кеч қайтди.
Шу оқшом Дилором илк бор дадасини кутиб олмади...
Назокатнинг гапига қараганда, Дилором бошим оғрияпти, ётаман, деган эмиш...
Уст-бошидан, вужудидан бегона ис анқиб турган Исомиддин индамади...
Шу кундан бошлаб ота ва қиз ўртасидаги самимий муносабатга путур етди.
Шундоқ кўзга ташланиб қолган бу ҳолатни шўрлик Назокат Дилоромнинг энди катта қиз бўлиб қолганига йўйди ва бундан ўзича қувонди ҳам...
Орадан бир-бирини қувиб кунлар, ҳафталар ўтди.
Энди Исомиддин ишга тонг саҳарда, ҳали фарзандлари ухлаб ётган пайти кетади. Ишдан эса жуда кеч, болалари аллақачон ухлаб қолганда қайтади.
“Ишқилиб, Исомиддин акам чарчаб қолмасин”, деб бечора Назокатнинг жони ҳалак.
Шундай кунларнинг бирида Исомиддин икки кунга хизмат сафарига кетадиган бўлиб қолди. Яна денг, айни шанба-якшанба кунлари. Сафар қўшни вилоятга бўлганлиги боис, Исомиддин машинада боришни ихтиёр этибди.
Назокат гўё эри икки кунга эмас, бир ҳафтага дунёнинг чеккасига кетаётгандай елиб-югуриб бир дунё егулик тайёрлади, ўзи бозорга бориб, жиззали нонларга қадар олиб келди.
Одатдагидек, Исомиддин уйдан тонг саҳар палла чиқди.
У “Нексия”ни энди гараждан олиб чиқаётиб дарвоза ёнида оқ либосда, гўёки чиндан ҳам фаришта янглиғ элас-элас кўзга чалинаётган шарпани кўрди. Машинанинг ўткир чироқлари бу шарпани ёритди ва Исомиддин ҳам совуқдан қунишиб, ҳам ўзига ваҳима билан тикилиб турган Дилоромни кўрди.
Кўнгли ғаш бўлган Исомиддин қизининг ёнига келганда машина тормозини босди-да, қошларини чимириб, бениҳоя норози тарзда:
— Хўш? — деди.
— Дадажон, — деди Дилором титраб-қақшаб. — Дадажон, илтимос, шу маёвкага борманг! У хотин яхши хотин эмас! Лекин энг ёмони, дадажон, тушимда кўрдим, бир сариқ “Жигули”га урилиб кетасиз... Борманг! Борманг!
Исомиддин бир лаҳзагина ўйланиб қолди, сўнг газни босаркан, қизининг жон ҳолатда йўлни тўсмоқчи бўлаётганини англади-ю, рулни кескин буриб, Дилоромни айланиб ўтиб кетди...
Тан олиш керак, қизи билан суҳбатдан сўнг Исомиддиннинг кўнгли ғаш бўлиб қолди.
Албатта, Дилором азбаройи онасига ачинганидан сариқ “Жигули” ҳақидаги афсонани тўқиб чиқаргандир...
Бироқ...
Исомиддин иккиланиб қолди.
Бормайин деса... ялина-ялина охири бениҳоя сулув, шаҳло кўзлари алланечук ишвали-ғамзали боқадиган, эри билан ажрашиб, ёлғиз қизчасини бир хонали уйда ёлғиз ўзи боқаётган сарвиқомат ҳамкасб жувонни тоққа, бир амалдор ўртоғининг дала ҳовлисига боришга ва икки кеча ўша ерда тунашга кўндирган. Буни қарангки, жувон асли ўша тоғ ёнбағридаги қишлоқдан экан. Шу сабабли жувон кеча қизчасини олиб, қишлоққа кетган. Бугун жувон қизчасини ота-онасининг қўлида қолдириб, келишилган соатда гўёки шаҳарга кетаётган киши бўлиб бекатга чиқиб туради. Исомиддин уни шу ердан олиб кетади.
Жувонни, унинг эҳтиросли қилиқларини эсларкан, Исомиддининг бадани қизиб кетди.
Аммо...
Лаънати сариқ “Жигули”...
Исомиддин йўлда “Жигули”, айниқса сариқ ранглиси кўриниб қолгудай бўлса юраги безовталаниб, тез-тез ураётганига, қўллари қалтирай бошлаганига эътибор берди.
“Бунақада одам ўзини ўзи шунга ишонтириб қўйиши ҳеч гап эмас”, деган ўйга борди Исомиддин.
Йўқ, барибир бўлмади, кўнгил ғашлиги аста-секин Исомиддининг асабларига таъсир қила бошлади.
Деразадан ташқарига тупуриб қўйиб, ёмон сўкиниб олган Исомиддин мулоҳаза юрита-юрита ахийри вазиятдан силлиққина чиқиб кетишнинг йўлини топгандай бўлди.
Ҳа, яйраб-яшнаб, сулув жувон оғушида икки кеча-кундуз мириқиб, лаззатланиб ҳордиқ чиқаришнинг ягона йўли шу.
Исомиддин “Нексия”ни ўша, дала ҳовлисини бериб турган ўртоғининг уйига олиб бориб қўйди. Сўнг ялинишлари иш бермагач, бир дунё пул ваъда қилибгина амалдорни хизмат машинасида дачага етиб олишга кўндирди.
Келишувга кўра айнан шу хизмат машинаси икки кундан кейин бориб, Исомиддин билан жувонни олиб қайтиши керак эди.
Ўз топқирлигидан ўзи ҳузурланаётган Исомиддин амалдор ўртоғининг хизмат машинаси ойнасини катта очганча атрофга суқ билан қараб кетаркан, бўлғуси эҳтиросли висол лаҳзаларини ўйлаб, ҳаяжонланмоқда эди.
Йигирма-йигирма беш ёшлардаги, ўсиқ мўйлови чўзинчоқ ва ғадир-будир юзини янада хунук қилиб юборган ҳайдовчи магнитофонни варанглатиб қўйганча бугунги ёшлар орасида жуда машҳур бўлиб кетган бир “юлдуз”нинг алмойи-алжойи тарзда бақириб-чақиришларини қийшанглаб, оғзини ғалати тарзда қийшайтирган кўйи сув бўлиб эриб эшитиб келмоқда.
Машина жувон яшайдиган қишлоққа яқинлашди.
Исомиддин беихтиёр бўйнини чўзиб, дастлаб кўзга ташланган уйларга завқ билан тикила бошлади.
Йўл анчагина кенг ва текислиги сабаблими, ҳайдовчи тезликни юз қирқдан туширмай келмоқда эди.
Тўсатдан, мутлақо кутилмаганда чап томондаги кичкина йўлдан асосий йўлга чиқаётган трактор енгил машинанинг ўтиб кетишини кутиб ҳам турмасдан кўчанинг деярли ўртасига қадар келиб қолса бўладими!
Ҳайдовчи жон ҳолатда тормозни босди. Бироқ тезлик жуда катта эди. Тракторга бориб урилишини англади чоғи, ҳайдовчи рулни кескин чапга буриш билан бир амаллаб тракторни айланиб ўтишга уринди.
Ҳайдовчи балки буни эплаган бўларди ҳам. Лекин трактор панасида қолиб кўринмаган экан, қарши тарафдан катта тезликда келаётган бир “Жигули” шиддат билан машинанинг Исомиддин ўтирган тарафига келиб урилди.
Исомиддин “Жигули”нинг сариқ рангда эканлигини кўриб улгурди. “Тамом!” деган даҳшатли бир ўй Исомиддининг юрак-бағрини ўртаб юборди...
Дарҳақиқат, бир неча сония ўтар-ўтмас ҳаммаси тамом бўлди...
Орадан чорак соатлар чамаси фурсат ўтгандан сўнггина ҳалокат юз берган жойга шаҳардан етиб келган такси машинасининг орқа ўриндиғидан йиғлайверганидан юзлари шишиб, кўзлари қип-қизариб кетган Дилором отилиб тушди...
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ